Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.03.2009 й. ПҚ-1070-сон "Германия "КфВ" тараққиёт банки маблағларини жалб этган ҳолда молия секторини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.03.2009 й.

N ПҚ-1070



"ГЕРМАНИЯ "КФВ" ТАРАҚҚИЁТ

БАНКИ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖАЛБ ЭТГАН

ҲОЛДА МОЛИЯ СЕКТОРИНИ ҚЎЛЛАБ-

ҚУВВАТЛАШ ДАСТУРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кредитлаш учун тижорат банкларининг ресурс базасини кенгайтириш, шунингдек Германия "КфВ" тараққиёт банкининг кредит линиясидан ўз вақтида ва самарали фойдаланиш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида молиявий ҳамкорлик ҳақидаги Битимга мувофиқ молия секторини қўллаб-қувватлаш Дастурини амалга ошириш мақсадида Германия "КфВ" тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон Республикасига қуйидагиларни бериш тўғрисида аҳдлашувга эришилди:

0,75% йиллик фоизли ставка билан 10 йил имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олган ҳолда 40 йил муддатга жами 17,3 млн. евро миқдорида кредит линияси. Бунда 12,3 млн. евро миқдоридаги маблағлар кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга, 5 млн. евро эса ипотекани кредитлашга йўналтирилади;

мазкур дастурни амалга оширишда техник ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн. евро миқдорида грант.


2. Белгилансинки:

маҳаллий хом ашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш, жумладан савдо соҳаларидаги 100 дан 200 кишигача банд бўлган микрофирмалар, кичик ва бошқа корхоналар томонидан қўшимча иш жойларини яратиш, шунингдек касаначиликни ташкил этиш мазкур дастур доирасидаги кредитлашнинг устувор йўналишлари ҳисобланади;

кредит линиялари маблағлари Германия "КфВ" тараққиёт банки билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда тижорат банклари ўртасида маблағларни Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги кредитлар учун - UZIBOR (12 ой)га тенг фоиз ставкаси ва хорижий валютадаги кредитлар учун - 7% йиллик фоизли ставка билан 3 йил имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 12 йил муддатга бериш тўғрисида имзоланган шартномалар асосида Германия "КфВ" тараққиёт банки томонидан танлаб олинган республиканинг тижорат банкларига тақдим этилади;

тижорат банкларидан тушумлар билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан олинадиган, Германия "КфВ" тараққиёт банкига тўланадиган маблағлар ўртасидаги тафовут суммаси ҳам ушбу Қарорда белгиланган лойиҳаларни, шунингдек мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича бошқа лойиҳаларни кредитлашга йўналтирилади;

Германия "КфВ" тараққиёт банки томонидан фоизлар тарзида олинган даромадлар Ўзбекистон Республикаси билан Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мулк солиқларига нисбатан икки ёқлама солиққа тортилишни бартараф этиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида солиққа тортилмайди.


3. Белгилансинки, тижорат банклари Германия "КфВ" тараққиёт банки кредит линияси маблағларидан қуйидаги кредит турларини беради:

битта қарз олувчига эквиваленти 10 минг евродан ошмайдиган миқдорда Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ёки хорижий валютадаги микрокредитлар. Бунда хусусий тадбиркорларга ва юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги микрокредитлар нақд пулда берилади;

битта қарз олувчига 4 йилдан 6 йилгача муддатга, бир йилдан икки йилгача имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, эквиваленти 200 минг евродан ошмайдиган миқдорда айланма маблағларини тўлдириш ҳамда асосий воситаларни харид қилиш учун кичик корхоналар ва 100 дан 200 кишигача банд бўлган корхоналарга Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ёки хорижий валютада нақд пулсиз шаклда бериладиган кредитлар;

уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва уй-жой сотиб олиш учун битта қарз олувчига эквиваленти 20 минг евродан ошмайдиган миқдорда, шу жумладан нақд пул шаклида эквиваленти 5 минг еврогача - уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун, 1 йил имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 12 йил муддатга бериладиган Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ипотека кредитлари.

Нақд пулда берилган микрокредитлар ва ипотека кредитлари қарздорлар томонидан нақд пул шаклида қайтарилади.


4. Қуйидагилар кичик бизнес лойиҳаларини нақд пул шаклида микрокредитлашнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва кенгайтириш, шунингдек иссиқ-хона хўжалигини ташкил этиш учун уруғликлар харид қилиш, қорамол, парранда, ем-хашак ва омухта ем, ветеринария препаратлари сотиб олиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шу жумладан мева-сабзавот ҳамда гўшт-сут маҳсулотларини тайёрлаш ва бирламчи ишлов бериш;

меҳнат қуроллари, хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар, фурнитура (ёрдамчи материаллар) сотиб олиш;

ҳунармандчиликни ривожлантириш, касаначилик меҳнатини ташкил этиш;

сервис хизматлари ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишни, асосан қишлоқ жойларда ривожлантириш;

Германия "КфВ" тараққиёт банки билан келишилган ҳолда истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турлари.


5. Белгилансинки, Германия "КфВ" тараққиёт банки кредит линияси доирасида эквиваленти 200 минг еврогача харид қилинадиган товарлар, ишлар ва хизматлар кичик корхоналар ҳамда 100 дан 200 кишигача банд бўлган корхоналар томонидан мустақил равишда бир неча етказиб берувчи таклифларини тўғридан-тўғри сўраб олиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.


6. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирига Германия "КфВ" тараққиёт банки билан Ссуда бериш ва молиявий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномани имзолаш ваколати берилсин.


7. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил., 3-сон, 102-модда