Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.1994 й. 630-сон "Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.12.1994 й.

N 630




АМИР ТЕМУР ТАВАЛЛУДИНИНГ

660 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Жаҳон тарихидаги буюк сиймолардан бири, Марказий Осиё халқларининг иқтисодий, сиёсий ва маънавий тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ давлат арбоби ва саркарда, фан ва маданият ҳомийси соҳибқирон Амир Темур таваллудига 660 йил тўлиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Кўрсатилган қутлуғ сана 1996 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда кенг нишонлансин.


2. Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини ўтказиш ташкилий қўмитаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита бир ой муддатда ушбу санага тайёргарлик кўриш тадбирларини ишлаб чиқсин ва уларнинг ижро этилишини ташкил этсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси тегишли вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда 1996 йилда "Амир Темур ва унинг дунё тарихида тутган ўрни" мавзуида халқаро анжуман ўтказсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, "Ўзбектуризм" миллий компанияси ва Молия вазирлиги бир ой муддатда Фанлар академияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Амир Темур номи билан боғлиқ обидалар ва қадамжоларни таъмирлаш, консервациялаш ва ободонлаштириш, "Темурийлар даври маданияти ва санъати" мавзусида махсус халқаро туристик маршрутлар очиш юзасидан 1995-2000 йилларда амалга ошириладиган концепция дастурни 4-иловага мувофиқ ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасининг тасдиғига киритсинлар. Шу жумладан, 1995-1996 йилларда бажарилаётган ишлар алоҳид белгилаб қўйилсин ва тегишли маблағ ажратилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тегишли вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда очиқ танлов асосида 1995 йилда Амир Темур шарафига Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида ёдгорлик мажмуи барпо этиш масаласини ҳал этсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси Амир Темур ва унинг даври фани, маданияти ва санъатига оид янги асарларни, шу жумладан,чет элларда нашр этилган адабиётлардан намуналарни нашр этишни ўз режасига киритсин.


8. Ўзбекистон давлат телерадиоэшиттириш компанияси Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи туркум кўрсатувлар дастурини тайёрласин ва амалга оширсин.


9. Ўзбекистон давлат кинокомпанияси Амир Темурнинг ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида 1995-1996 йилларда бадиий фильм яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрсин.


10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданият ишлари вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда Амир Темур хиёбонида темурийлар даври тарихи музейини қуриш ва уни зарур экспонатлар билан жиҳозлаш юзасидан тадбирлар белгиласин.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, республика вазирликлари ва идоралари, жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалари бир ой муддат ичида Амир Темурнинг жаҳон тарихида, айниқса Марказий Осиё халқлари тақдирида тутган ўрнини холис ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш бўйича ўз дастурларини ишлаб чиқсинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги 1995-1996 йилларга мўлжалланган истиқбол ишларини белгилашда Ташкилий қўмита тасдиқлаган тадбирларга кирган объектлар қурилиши, тарихий обидаларни таъмирлаш, ободонлаштириш учун белгиланган тартибда марказлашган сармоя ва республика бюджетидан тегишли маблағ ажратишни назарда тутсинлар.


13. Вазирликлар, ҳокимликлар, муассасалар ва ташкилотларнинг, шунингдек жамғармалар ва фуқароларнинг белгиланган тадбирларни амалга оширишда ўз моддий-молиявий улушлари билан иштирок этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 29 декабрдаги

630-сон қарорига

1-ИЛОВА



Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини

нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни

ўтказиш ташкилий қўмитасининг

ТАРКИБИ

И. Жўрабеков

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташкилий қўмита раиси


X. Жўраев

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари (келишув бўйича)


С. Саидқосимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари


Р. Юнусов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари


Б. Ҳамидов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари


К. Бакирхонов

-

Вазирлар Маҳкамаси бўлими мудири, ташкилий қўмитанинг масъул котиби


Ташкилий қўмита аъзолари:

К. Тўлаганов

-

Тошкент шаҳар ҳокими


А. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитаси раиси


Ж. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президентининг вазифасини бажарувчи


П. Абдураҳмонов

-

Самарқанд вилояти ҳокими


Б. Аҳмедов

-

Ўзбекистон фанлар академиясининг мухбир аъзоси


Р. Аҳмедов

-

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири


Л. Ахметов

-

"Ўзавтотранс" корпорацияси раиси


С. Аҳроров

-

"Ўздавкинокомпания" раисининг биринчи ўринбосари


Ф. Ашрафий

-

Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси раиси


А. Зайнитдинов

-

Шаҳрисабз шаҳри ҳокими


Б. Хусанбоев

-

"Ўзбектуризм" миллий компанияси раиси


В. Михайлов

-

Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазири


Л. Муҳаммаджонов

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси


А. Орипов

-

Ўзбекистон халқ шоири


Б. Раҳимов

-

Ўзбекистон фахрийлар кенгаши раиси


К. Раҳимов

-

Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазири


Ғ. Рафиқов

-

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси Бош директори


А. Шайхов

-

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг биринчи ўринбосари


А. Комилов

-

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири


О.Салимов

-

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири


Э. Ҳайитбоев

-

Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазири


Т. Хидиров

-

Қашқадарё вилояти ҳокими


Р. Шоғуломов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси раиси


Т.Ширинов

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти директори


Ж.Йўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири


Ш.Яҳёев

-

"Ўзтелерадиокомпания" раиси


М.Ҳазратқулов

-

ЎзА бош директори






Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 29 декабрдаги

630-сон қарорига

4-ИЛОВА



Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати

билан вилоятларда 1995-2000 йилларда таъмирланадиган,

ободонлаштириладиган ёдгорликлар ва қурилиши

режалаштирилган объектлар

РЎЙХАТИ


Самарқанд вилояти:

Бибихоним масжиди

Гўри Амир мақбараси

Шердор мадрасаси

Шоҳи Зинда мажмуаси

Бибихоним мақбараси

Самарқанд атрофидаги боғларни тиклаш

Амир Темурга ҳайкал ўрнатиш

Ишратхона биноси

Регистон майдони ва унга туташ ҳудудларни таъмирлаш


Қашқадарё вилояти:

Кўк Гумбаз масжиди

16-аср кўприги

Қарши шаҳрининг тарихий-таянч режаси


Шаҳрисабз шаҳри:

Оқ Сарой аркини таъмирлаш-консервациялаш ва музейлаштириш ишлари

Шаҳар дарвозалари ва деворларини таъмирлаш-консервациялаш

ШАҳрисабз музей-қўриқхонасини ташкил этиш ва ёдгорликларни таъмирлаш

Амир Темурга ҳайкал ўрнатиш

Дорус Саодат ансамбли бўйича таъмирлаш-консервация ишлари - 1 навбати

- 2-навбати

Дорус Тиловат меъморий мажмуида таъмирлаш ишларини давом эттириш - 2 навбати


Тошкент шаҳрида:

Амир Темур номли хиёбонда музей барпо этиш


Сурхондарё вилояти:

Султон-Саодат маъморий мажмуаси