Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.01.1993 й. 35-сон "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи музейи экспозициясини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.01.1993 й.

N 35



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

ТАРИХИ МУЗЕЙИ ЭКСПОЗИЦИЯСИНИ

КЕНГАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон тарихини, унинг бадиий маданиятининг, заргарлик ва халқ амалий санъатининг ранг-баранглигини кенг тарғиб қилиш, шунингдек музейларнинг моддий-техника негизларини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигининг осори атиқа ва заргарлик санъати музейи тугатилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи музейи таркибида Осори атиқа-заргарлик фонди ташкил этилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги:

1993 йилнинг 20 январига қадар қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган барча музей экспонатларини Ўзбекистон Давлат қимматбаҳо буюмлар хазинасига вақтинчалик сақлашга топширсин, қолган экспонатларни эса Ўзбекистон тарихи музейининг экспозиция залларига жойлаштирсин;

1993 йилнинг 25 январига қадар Ўзбекистон тарихи музейига иш ҳақи фонди билан бирга 14 нафар ходим, ихтисослаштирилган музей жиҳозлари ҳамда собиқ осори атиқа ва заргарлик санъати музейини сақлашга илгари ажратилган маблағларнинг бир қисмини берсин;

1993 йилнинг 1 февралига қадар осори атиқа ва заргарлик санъати музейининг бушаётган биносини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги балансига ўтказсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат қурилиш ишлари қўмитаси Ўзбекистон тарихи музейи биносида барпо этилаётган Осори атиқа-заргарлик фонди учун махсус омбор қурилишининг лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги шу мақсадлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан зарур маблағлар ажратсин.


5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1993 йилнинг 1 мартига қадар ўз тасарруфидаги қурилиш ташкилотларининг кучи билан осори атиқа ва заргарлик санъати музейининг бўшатилаётган биносида зарур таъмирлаш ишларини ўтказсин.


6. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1984 йил 18 октябрдаги 442-р-сон фармойишининг ЎзССР давлат санъат музейи (осори атиқа ва заргарлик санъати музейи) Осори атиқа-заргарлик фондига доир қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари М.Қ. Қорабоев ва К.Н. Тўлаганов ўртоқлар зиммасига юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                     И. Каримов