Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.1992 й.333-сон "Х.М.Абдуллаев юбилейига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.07.1992 й.

N 333




Ҳ.М. АБДУЛЛАЕВ ЮБИЛЕЙИГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистоннинг атоқли олими, давлат арбоби Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаевнинг катта хизматларини ҳисобга олиб ҳамда 1992 йил август ойида туғилганига 80 йил тўлиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Академик Ҳ.М. Абдуллаев таваллудининг 80 йиллиги республиканинг ижтимоий, жамоатчилик ва илмий ҳаётида йирик воқеа сифатида кенг нишонлансин.


2. Юбилейга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ташкилий қўмитасининг таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Сентябрь ойида Ҳ.М. Абдуллаев юбилейига бағишланган тантанали йиғилиш ўтказилсин.


4. Ҳ.М. Абдуллаевнинг номини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой ичида метро станцияларидан бирига ҳамда шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирига унинг номини бериш масаласини кўриб чиқсин.


5. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришга олиб келган улкан илмий ютуқлари учун бериладиган Ҳ.М. Абдуллаев номидаги диплом ҳамда медаль таъсис этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки ҳафта ичида Ҳ.М. Абдуллаев номидаги медалнинг эскизини ва макетини тайёрласин ҳамда медаль билан мукофотлаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин.

Ўзбекистон Республикаси Маҳаллий саноат вазирлиги 1 августгача фанлар академиясининг буюртмасига биноан медални ишлаб чиқарсин.


6. Тошкент Давлат техника университетининг геология-қидирув факультетида Ҳ.М. Абдуллаев номидаги стипендия таъсис этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:

Ҳ.М. Абдуллаевнинг юбилейига бағишланган илмий сессия ўтказсинлар;

ёш олимлар ўртасида Ҳ.М. Абдуллаев асарларини ўқиш кунларини ўтказишни ташкил этсинлар;

Ҳ.М. Абдуллаев ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб радио ва телевидениеда эшиттиришлар ва кўрсатувлар тайёрлашни, газета ва журналларда мақолалар чоп этишни ташкил қилсинлар.

Қайд қилинган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


8. Ўзбекистон Давлат телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, газета ва журналлар муҳарририятлари Ҳ.М. Абдуллаев ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тадбирларни кенг ёритсинлар.


9. Ўзбекистон Давлат телерадиокомпанияси 30 августгача Ҳ.М. Абдуллаев ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли телефильм яратсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Фанлар академиясига 1992 йилда медаль ишлаб чиқариш, телефильм яратиш ва тантанали кечани ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан 400 минг сўм ажратсин,


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий масалалар, фан ва таълим мажмуи (ўртоқ М.Қ. Қорабоев)га юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                   И. Каримов



*) Илова берилмайди.