Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2013 й. "Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2013 й.

N ПҚ-2102




ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ

МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ

60 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА


Миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшганини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 60 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ушбу режада:

- шоирнинг "Сайланма" асарларини;

- "Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида" тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

- шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

- мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида шоир ижодига бағишланган учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;

- Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф яшаган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Пушкин-Солор кўчаси, 1-уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;

- 2014 йил апрель ойининг охирида Ўзбек Миллий академик драма театри биносида шоир хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари белгилансин.


4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



"Халқ сўзи", 2013 йил 28 декабрь