Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.04.2004 й. 183-сон Қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 14 апрелдаги

183-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Гидрометеорология

хизмати маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ("Ўзгидромет" маркази) Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш учун махсус вакил қилинган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

"Ўзгидромет" маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. "Ўзгидромет" маркази тизимига гидрометеорология бўйича ҳудудий бошқармалар, Гидрометеорология илмий-текшириш институти, Тошкент гидрометеорология коллежи, "Ўзгидрометприбор" илмий-ишлаб чиқариш корхонаси киради.

Гидрометеорология бўйича ҳудудий бошқармалар "Ўзгидромет" марказига ҳисобот беради.


3. "Ўзгидромет" маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, гидрометеорология соҳасидаги халқаро шартномаларга ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. "Ўзгидромет" маркази ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. "Ўзгидромет" марказининг моддий-техника таъминоти ҳамда "Ўзгидромет" маркази тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш "Ўзгидромет" марказига ажратилган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6. "Ўзгидромет" маркази ва унга идоравий мансуб бўлган ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. "ЎЗГИДРОМЕТ" МАРКАЗИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар "Ўзгидромет" марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

гидрометеорология кузатишлари давлат тизимини, республика иқтисодиёти тармоқлари, аҳолиси ва қуролли кучларини гидрометеорологик таъминлашни ривожлантириш ва такомиллаштириш;

республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, корхоналар, муассасалар ва фуқароларни амалдаги ва кутилаётган гидрометеорология шарт-шароитлари ва иқлимнинг ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиши даражаси тўғрисидаги ахборот, хавфли ва стихияли гидрометеорология ҳодисалари пайдо бўлиши тўғрисидаги тезкор маълумотлар билан таъминлаш;

маълумотларнинг давлат гидрометеорология фондини ва табиий муҳит ифлосланиши тўғрисидаги маълумотларнинг давлат фондини шакллантириш ва юритиш;

"Юза сувлар" бўлими бўйича сувларнинг давлат ҳисобини белгиланган тартибда юритиш, давлат сув кадастрини ташкил этиш ва юритиш бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш, йўналтириш ва бирлаштириш;

қишлоқ хўжалик экинлари ва яйлов ўсимликларининг ҳолати, стихияли гидрометеорология ҳодисалари пайдо бўлиши ва ривожланиши, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва юза сувлар ифлосланиши устидан мунтазам кузатувларни ташкил этиш ва олиб бориш;

гидрометеорология тавсифлари учун кузатишлар олиб бориш, об-ҳавони, дарёларнинг сувлилигини, иқлимнинг ўзгаришини қисқа муддатли ва узоқ муддатли прогнозлаштиришни яхшилаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш.


8. "Ўзгидромет" маркази ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

гидрометеорология соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

гидрометеорология ахборотини тўплаш, уни таҳлил этиш ва умумлаштириш;

ердаги ва аэрологик гидрометеорологик кузатишлар тармоқларини, шу жумладан масофадан туриб зондлаш учун техник жиҳозлашни ривожлантириш, уларни ишлатиш ва уларни ишчи ҳолатда сақлаш;

кузатишлар маълумотларини тўплаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш тизимини ташкил этиш ва уни ишчи ҳолатда сақлаш ҳамда тезкор гидрометеорология, иқлим хизматлари ва атроф муҳитга тегишли бўлган хизматлар кўрсатиш мақсадида уларни қайта ишлаш;

гидрометеорологик прогнозлаштириш моделлари ва тизимларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш;

гидрометеорологик ва иқлим маълумотлари миллий базасини ташкил этиш;

миллий ва халқаро даражаларда илмий тадқиқотлар ва ишланмалар олиб бориш, гидрометеорология фанини замонавий технологиялар негизида ривожлантириш;

аҳоли учун гидрометеорология ахбороти, прогнозлар ва огоҳлантиришлар шаклида хизматларнинг ҳар хил турларини кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги, авиация, миллий мудофаа ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун ижтимоий тезкор гидрометеорология хизмати кўрсатиш;

атмосферанинг ифлосланиши, юза (табиий сув оқимлари), тупроқ ифлосланиши мониторинги ва фон мониторингини (маълумотларни тўплаш, уларни қайта ишлаш, таҳлил этиш ва ахборот тайёрлаш), атмосфера ифлосланиши даражаси прогнозини юритиш;

иқлим ўзгариши мониторингини таъминлаш ва унинг тахминий прогнозларини тақдим этиш, шунингдек унинг иқлимнинг ўзгаришига таъсири чоралари ва вариантларини баҳолашга ҳисса қўшиш;

метеорология, гидрометеорология ва агрометеорология приборлари ва қурилмаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш ва аттестациядан ўтказиш;

тегишли халқаро мажбуриятларни, шу жумладан Бутунжаҳон Метеорология Ташкилоти Конвенцияси, БМТнинг иқлимнинг ўзгариши бўйича конвенцияси, БМТнинг чўлга айланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш конвенцияси, ЮНЕСКОнинг халқаро гидрология дастури доирасида мажбуриятларни бажариш, дастурлар ва халқаро фаолиятда иштирок этиш воситасида миллий манфаатларга кўмаклашиш;

Бутунжаҳон Метеорология Ташкилотининг Жаҳон об-ҳаво хизмати тизимида минтақавий метеорология маркази функцияларини бажариш.


9. "Ўзгидромет" маркази ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳудудий бошқармалар ва ўзига идоравий мансуб ташкилотлар орқали ҳал этади.



III. "ЎЗГИДРОМЕТ" МАРКАЗИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. "Ўзгидромет" маркази ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва давлат бошқаруви бошқа органларидан, корхоналар ва ташкилотлардан "Ўзгидромет" марказига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган гидрометеорология бўйича материалларни олиш;

Бутунжаҳон Метеорология Ташкилоти ва Гидрометеорология бўйича Давлатлараро Кенгашда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

халқаро ташкилотларнинг мутахассисларини эксперт сифатида жалб этиш;

хўжалик шартномалари асосида ихтисослаштирилган гидрометеорология хизмати ишларини бажариш.

"Ўзгидромет" маркази Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.


11. "Ўзгидромет" маркази, ўз ваколатлари доирасида, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.

"Ўзгидромет" маркази, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


12. "Ўзгидромет" маркази ўзига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. "ЎЗГИДРОМЕТ" МАРКАЗИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. "Ўзгидромет" марказига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошчилик қилади.

Бош директорнинг бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

"Ўзгидромет" маркази бош директорининг биринчи ўринбосари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

"Ўзгидромет" марказининг бош директори мақомига кўра вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

14. Бош директор:

"Ўзгидромет" маркази фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади;

"Ўзгидромет" маркази ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва "Ўзгидромет" марказига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, "Ўзгидромет" маркази тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини, "Ўзгидромет" маркази фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги даражасини ҳамда ўзига қарашли бўлинмалар ва ташкилотлар ишини белгилайди;

"Ўзгидромет" маркази тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

"Ўзгидромет" марказининг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади, "Ўзгидромет" маркази марказий аппаратининг штат жадвалини, шунингдек "Ўзгидромет" маркази марказий аппарати, марказга қарашли бўлинмалар ва ташкилотларнинг харажатлари сметасини тасдиқлайди;

"Ўзгидромет" марказининг таркибий ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни, "Ўзгидромет" маркази тизимига кирадиган ўзига қарашли ташкилотларнинг низомлари (уставлари)ни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

"Ўзгидромет" маркази марказий аппарати ходимларини, "Ўзгидромет" маркази тизимига кирадиган таркибий ва ҳудудий бошқармалар ва ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Ҳудудий бўлинмалар ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда "Ўзгидромет" маркази томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширади.

"Ўзгидромет" марказининг вилоят бўлинмалари раҳбарлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномаси бўйича "Ўзгидромет" марказининг Бош директори томонидан тайинланади.


16. "Ўзгидромет" марказини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 15-сон, 179-модда.