Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг Назорат бўлими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.12.2004 й. 564-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 2 декабрдаги

564-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Аппаратининг Назорат бўлими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Назорат бўлими (кейинги ўринларда Бўлим деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ҳамда унинг Аппарати топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми қарорлари ва топшириқларининг таркибий бўлинмалар томонидан ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назоратни ташкил этишни таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Аппаратининг функционал таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига бўйсунади.

4. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



II. БЎЛИМНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ҳамда унинг Аппарати топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми қарорлари ва топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси топшириқларининг таркибий бўлинмалар томонидан ўз вақтида ижро этилиши бўйича ишларни ташкил этиш;

электрон иш юритиш ва ҳужжатлар айланиши тизими асосида ҳужжатлар ва топшириқларнинг ўз вақтида ижро этилишини ҳисобга олиш, уларнинг айланиши, таҳлил ва назорат қилиш ягона тизими амалга оширилишини таъминлаш;

Бош вазир котибияти, Бош вазирнинг ўринбосарлари аппаратлари, Вазирлар Маҳкамасининг департаментлари ва бўлимларида ижро назоратини ташкил этишга методик раҳбарлик қилиш;

ишларни мувофиқлаштириш ва Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг барча таркибий бўлинмаларида ижро интизоми аҳволини ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатиш, камчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини, унинг ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисини ва таркибий бўлинмалар раҳбарларини хабардор қилиш;

республика вазирликлари, идоралари ва ҳокимликларига электрон иш юритиш ва ҳужжатлар айланиши тизимини жорий этиш асосида ҳужжатларнинг бажарилишини рўйхатга олиш, ҳисобга олиш, уларнинг айланиши, таҳлил ва назорат қилиш ягона тизимини такомиллаштириш масалаларида методик ёрдам кўрсатиш;

Вазирлар Маҳкамаси Аппарати таркибий бўлинмаларининг тармоқ ахборот ресурсларидан, шу жумладан Интернет ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ишларини мувофиқлаштириш.


6. Бўлим ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ҳужжатлар ва топшириқларнинг ўз вақтида ижро этилиши бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

ҳужжатлар ва топшириқларнинг автоматлаштирилган назоратга қўйилишини, уларнинг бажарилишини кузатиб боришни, огоҳлантирувчи назоратни, ижро интизомини якунлашни таъминловчи электрон иш юритиш ва ҳужжатлар айланиши ягона тизимининг маълумотлар базасини юритади;

Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ва Бош вазир котибиятига ижро интизомининг жорий (ҳар кунлик) ва ҳар ойлик таҳлилини тақдим этади;

назорат самарадорлигини ошириш, шунингдек янги ахборот технологияларини жорий этиш асосида ҳужжатлар ва топшириқлар бажарилишини ҳисобга олиш, уларнинг айланиши, таҳлил ва назорат қилиш ягона тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига киритади;

огоҳлантирувчи назоратни ташкил қилади. Ушбу мақсадларда ҳар ўн кунда Вазирлар Маҳкамаси Аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларига навбатдаги ўн кунликда ишлари тугалланиши лозим бўлган ҳужжатларни шакллантиради ва улар тўғрисидаги маълумотнома-эслатмаларни ёзма ва электрон шаклда юборади. Ҳар ойда навбатдаги ой мобайнида ишлари тугатилиши лозим бўлган ҳужжатларни шакллантиради ва улар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради ҳамда таркибий бўлинмалар раҳбарларига эслатмалар юборади;

Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига Аппаратнинг таркибий бўлинмаларидаги ижро интизоми аҳволини ўрганиш натижалари тўғрисида ахборот беради, унинг топшириғига мувофиқ аниқланган камчиликлар ва қоида бузилишларини бартараф этиш тўғрисида буйруқ ва фармойишлар лойиҳалари тайёрлайди;

ҳар чоракдаги мажлисларда кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш учун ўтган чоракдаги ижро интизоми аҳволи тўғрисида маълумотларни ижрочилар бўйича уларнинг масъулиятини ошириш юзасидан улар томонидан тегишли қарорлар қабул қилиш учун тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамаси Аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларига беради;

Вазирлар Маҳкамаси Аппарати таркибий бўлинмалари мутахассислари - ҳужжатлар ижрочилари томонидан топшириқларни бажарганлик тўғрисида тақдим этилган ҳужжатлар асосида уларни назоратдан чиқариш ишларини амалга оширади;

Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан тасдиқланган жадвал бўйича мунтазам равишда республика вазирликлари, идоралари ва ҳокимликларида ижро интизоми назорати ташкил этилишини ва унинг аҳволини ўрганади, уларнинг натижалари бўйича электрон иш юритиш ва ҳужжатлар айланиши тизимини жорий этиш асосида ижрони рўйхатга олиш, ҳисобга олиш, уларнинг айланиши, таҳлил ва назорат қилиш ягона тизимини такомиллаштириш масалаларида методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

Вазирлар Маҳкамаси Аппарати таркибий бўлинмаларининг тармоқ ахборот ресурсларидан, шу жумладан Интернет ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан мунтазам мониторинг ўтказади ва унинг натижалари бўйича ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

электрон иш юритиш ва ҳужжатлар айланиши ягона тизимига янги дастурий воситалар жорий этилишига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмалари ходимларини ўқитади;

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



III. БЎЛИМНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Бўлим ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

Ўзбекистон Республикаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисининг топшириғига биноан давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

ҳужжатлар ва топшириқлар бажарилишини ҳисобга олиш, уларнинг айланиши, таҳлил ва назорат қилиш ягона тизимини такомиллаштириш масалаларини ишлаб чиқиш учун, шунингдек электрон иш юритиш ва ҳужжатлар айланиши тизимининг дастурий-техник комплексини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлашда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини зарурат бўлганда белгиланган тартибда жалб этиш, ушбу мақсадлар учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш.

Бўлимнинг зарур материаллар, маълумотлар, шунингдек ва бошқа ҳужжатлар тақдим этиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисининг топшириқларида бошқа бажариш муддатлари белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Бўлим белгилаган муддатларда бажарилиши керак.

8. Бўлим:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ҳамда унинг Аппарати топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми қарорлари ва топшириқлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси топшириқларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппарати таркибий бўлинмалари томонидан ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назоратни ташкил этишнинг комплекслилиги ва сифати учун жавоб беради.


IV. БЎЛИМНИНГ ТУЗИЛМАСИ


9. Бўлимнинг тузилмасига Бўлим мудири, битта бош мутахассис ва иккита етакчи мутахассис киради.

Бўлим тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


10. Бўлим ишларига мудир раҳбарлик қилади.


11. Бўлим мудири ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. БЎЛИМ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Бўлим ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Бўлимнинг чораклик иш режалари, мудир ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Бўлимнинг чораклик иш режалари, мудирнинг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан тасдиқланади.

Мутахассисларнинг шахсий иш режалари Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси билан келишилади ва Бўлим мудири томонидан тасдиқланади.

13. Бўлим мудири:

Бўлимга бевосита раҳбарликни амалга оширади, мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда мазкур Низомга мувофиқ Бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун тўлиқ жавоб беради;

Бўлим мутахассислари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг ишларини мувофиқлаштиради, зарур ижро интизомини таъминлайди, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ Бўлимда иш юритишни ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан Бўлим ваколати соҳасига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси Аппарати мутахассисларини ҳисоблаш техникаси воситалари, жорий этилаётган янги дастурлар билан ишлашга, шунингдек "Интернет" тизимида ишлашга ўқитишни ташкил қилади;

Бўлим ишларини такомиллаштириш, мутахассислар иш малакасини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Бўлим ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга танбеҳ бериш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига тақдим этади.

14. Бўлим мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бош мутахассис бажаради.


15. Бўлимнинг бош мутахассиси ва етакчи мутахассислари ўз фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланадиган функционал вазифаларига мувофиқ амалга оширади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 48-49-сон, 496-модда.