Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.06.2005 й. ПФ-3618-сон "Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишлар амалга оширилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.06.2005 й.

N ПФ-3618



БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ

ВА ИҚТИСОДИЁТНИ ЯНАДА ЭРКИНЛАШТИРИШ

СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР АМАЛГА

ОШИРИЛИШИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган Дастурни ижро этиш бўйича тузилган ишчи Комиссия томонидан бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалда рўёбга чиқариш борасида катта ишлар амалга оширилди.

Амалдаги қонун ва норматив ҳужжатларининг иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш бўйича қўйилган вазифаларга мувофиқлиги танқидий таҳлил қилинди. Жойларда бозор ислоҳотларини ривожлантириш ва чуқурлаштиришга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада қабул қилинаётган қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорларини амалга оширишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишларнинг аҳволи ўрганилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорларининг, идоравий норматив ҳужжатларнинг янги лойиҳалари рўйхати тузилган бўлиб, улар тизимли асосда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиётни эркинлаштиришнинг асосий мақсад, вазифа ва устувор йўналишлари рўёбга чиқарилишини таъминлайди.

Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишлар сўзсиз, амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

тизимли асосда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда иқтисо диётни эркинлаштиришнинг асосий устувор йўналишлари рўёбга чиқарилишини таъминлайдиган, давлат ҳокимияти олий органлари, Ўзбекистан Республикаси Ҳукумати, вазирликлар ва идоралар даражасида тасдиқланиши лозим бўлган қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши лозим бўлган қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш Дастурини ижро этиш бўйича қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (3-иловага* мувофиқ) қабул қилинганлиги ва амалда рўёбга чиқарилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Жамият ҳаётининг барча томонларини эркинлаштириш ва янада ислоҳ қилиш ҳамда маъмурий ислоҳотни амалга ошириш соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш комиссияси (Р. Азимов):

белгиланган муддатларга мувофиқ 1-иловадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилиши ва келишиб олинишини таъминласин ҳамда уларни белгиланган тартибда давлат ҳокимияти олий органлари ва Ҳукуматга тасдиқлаш учун тақдим қилсин;

ушбу Фармонда кўзда тутилган янги қонунлар лойиҳалари тайёр бўлишига қараб уларни белгиланган тартибда Ўзбекистан Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тақдим этиш учун Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамасига киритсин;

ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни амалга оширишнинг аниқ-пухта механизмларини албатта назарда тутсин;

зарур ҳолларда, иқтисодий ислоҳотларнинг мақсад, вазифа ва асосий устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқилиши, ўзгартиришлар киритилиши ёки ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рўйхатларига қўшимчалар киритсин.


4. Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

мазкур Фармонга мувофиқ қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ижро этилишини қаттиқ назорат остига олсинлар;

ўз даражаларида қабул қилинадиган норматив ҳужжатларнинг мазкур қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини белгиланган тартибда келишиб олиш ҳамда давлат ҳокимияти органлари ва Ҳукуматга киритиш таомилидан ўтиши устидан мониторинг ўрнатсин;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари юридик экспертизадан ўтказилишини, шунингдек ушбу Фармонда кўзда тутилган идоравий норматив ҳужжатлар белгиланган тартибда ўз вақтида рўйхатга олинишини таъминласин;

вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларининг норматив ҳужжатларини қабул қилинадиган қонун ҳужжатларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришлари устидан назорат ўрнатсин.


6. Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари қабул қилинган қонун ҳужжатларининг барча даражаларда амалда рўёбга чиқарилишини таъминласинлар, токи умуман мамлакат иқтисодиёти ва ҳар бир фуқароси амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ ижобий натижаларини ҳис этсин.


7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 23-24-сон, 166-модда.