Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.08.2005 й. ПФ-3641-сон "Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

01.08.2005 й.

N ПФ-3641


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЎЛИМ ЖАЗОСИНИ БЕКОР

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим вазифаси жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари, жиноий жазо тизимини изчиллик билан босқичма-босқич либераллаштириш ҳисобланади.

Сўнгги йилларда қабул қилинган "Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, судлар тўғрисидаги, прокуратура тўғрисидаги қонунларга, бошқа бир қанча қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноятларнинг таснифланиши ўзгартирилди, ўта оғир жиноятлар жумласига киритилган жиноятлар рўйхати камайтирилди, содир этилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турлари, ярашув институти жорий этилди. Жиноий жазолар тизимини либераллаштиришга қаратилган бошқа бир қанча дастурий чора-тадбирлар қабул қилинди.

Жиноятга оид сиёсатда, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги туб ўзгаришлар мамлакатда ижтимоий-сиёсий, криминоген вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўлим жазосини қўллаш соҳасининг босқичма-босқич камайиб бораётганлиги Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини, жиноий жазоларни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган жараёнларнинг муҳим йўналиши бўлди. Мамлакат мустақилликка эришган пайтда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўлим жазосини назарда тутувчи 30 дан ортиқ моддалардан иборат эди. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилги Жиноят кодексида бундай моддалар сони 13, 1998 йилда - 8, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилди. Ҳозирги вақтда, 2003 йилда жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгандан сўнг, фақат икки турдаги жиноят - жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси назарда тутилади.

Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар сони жиноий жазога тортиладиган қилмишлар умумий сонининг бир фоизидан камроғини ташкил этади. Содир этилган жиноятнинг оғирлигидан қатъи назар қонун ҳужжатларида вояга етмаганларга, хотин-қизларга ва 60 ёшдан ошган шахсларга нисбатан ушбу турдаги жазони қўллаш тақиқланган.

Давлатимизнинг жиноятга оид сиёсати ўлим жазосини қўллашга нисбатан жаҳон тенденцияларига тўла мос келади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эълон қилинган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларини изчил ифода этади.

Айни вақтда, мамлакатда амалга оширилаётган жамият ва давлат ҳаётини демократик жиҳатдан янада янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш борасидаги ислоҳотларнинг моҳияти ва мазмуни, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижалари жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинишини ҳамда уни умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилиши зарурлигини тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, ушбу муҳим соҳадаги ислоҳотлар, ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши ва инсонпарварлик руҳида олиб борилишини ҳамда инсонлар онгида демократик қадриятлар тобора мустаҳкамланишини инобатга олган ҳолда изчиллик билан амалга ошириб борилиши лозим.

Ўлим жазосининг бекор қилиниши аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб боришни, биринчи навбатда, мамлакатимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги изчил харакатларини асослаб беришни, жиноий жазони янада либераллаштириш, шу жумладан ўлим жазосини бекор қилиш заруриатининт англаб етилишини кишилар онгида мустаҳкамлашни тақозо этади.

Ўлим жазоси умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш билан алмаштирилган шахсларни сақлаш учун мажмуа ва иншоотлар қуриш, зарур шарт-шароитларни яратиш, ана шу муассасаларда ишлаш учун ходимларни тайёрлаш оилан боғлиқ бир қатор ташкилий-тайёргарлик тадбирларини амалга ошириш лозим.

Жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия қонун ҳужжатларини пухта ишлаб чиқиш ҳамда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ушбу соҳадаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни, ўлим жазосини бекор қилган ва ўлим жазоси ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг жазолари ижро этилишини ташкил қилиш тажрибасига эга бўлган хорижий мамлакатларнинг тегишли қонун ҳужжатларини чуқур ўрганиб чиқишни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши муҳим вазифа ҳисобланади.

Инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қилувчи ва мустаҳкамловчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек жиноий жазоларни янада либераллаштириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасида 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинсин ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилсин.

Қуйидагилар белгилансин:

умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тайинланиши мумкин;

жиноят содир этганлик учун умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони махсус тартибли жазо ижро этиладиган ихтисослаштирилган муассасаларда ўтайдилар.


2. Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати 2006 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига ўлим жазосини жиноий жазолар тизимидан чиқариб ташлаш ҳамда уни умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш билан алмаштиришга алоқадор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрласинлар, бунда қуйидагиларни назарда тутсинлар:

ҳозирги вақтда ўлим жазоси тайинлашга йўл қўядиган жиноятлар содир этган шахслар учун озодликдан маҳрум этишнинг аниқ муддатларини белгилаш ва асослаш;

бундай жиноятлар учун жазо тайинлаш, озодликдан махрум этиш муддатларини ҳисоблаш тартиби, шунингдек ўлим жазоси ўрнига жорий этиладиган жазоларни ижро этиш тартиби ва шартлари.

3. Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумларни сақлаш учун зарур ихтисослаштирилган муассасалар иншоотлари мажмуасини қуриш ва фойдаланишга тайёрлаш чоралари, шунингдек ушбу муассасаларни молиялаштириш тартиби, уларда ишлаш учун кадрлар тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилсин.


4. Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда ўлим жазосини бекор қилиш масаласи бўйича аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.


5. Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси муҳокамасига киритилсин.


6. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А. Худайбергенов зиммаларига юклатилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 30-31-сон, 223-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 8-сон, 292-модда