Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.07.2013 й. 207-сон "Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.07.2013 й.

N 207



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПСИХИАТРИЯ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Руҳий касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш ишларини янада такомиллаштириш, республика психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизматининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин, психиатрия муассасаларини бошқариш ва уларнинг ўзаро ҳамкорлиги ягона методик вертикалини назарда тутувчи психиатрия хизматининг ушбу тизимини шакллантириш 2017 йилга бориб тугалланади.


2. Қуйидагилар:

2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизматини янада ривожлантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 2-иловага мувофиқ;

2013-2017 йилларда психиатрия муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг асосий параметрлари 3 ва 4-иловаларга* мувофиқ;

2013-2017 йилларда психиатрия муассасаларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг асосий параметрлари 5-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, психиатрия муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек уларни тиббиёт асбоб-ускуналари, ихтисослаштирилган мебеллар ва инвентарлар билан жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратилиши назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига, шунингдек хорижий давлатлар, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантиришда психиатрия муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосланган ҳисоб-китоблари ҳамда манзилли рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда тақдим этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда "Ўзтиблойиҳа" МЧЖ билан биргаликда - реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган психиатрия муассасалари объектларига нисбатан қўйиладиган мавжуд санитария меъёрлари ва қоидаларини қайта кўриб чиқсин, уларда аҳолига кўрсатиладиган даволаш-профилактика ёрдамининг сифати ва мақбуллиги жиҳатидан тасдиқланган талабларга мувофиқ бўлишининг таъминланишини назарда тутсин.


5. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига - республика психиатрия муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек психиатрия муассасаларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) бўйича буюртмачи функцияси;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияларига - вилоят ва туман (шаҳар) психиатрия муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи функцияси юклансин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда психиатрия муассасалари беморлар контингентини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш даврида бошқа муассасаларга вақтинча ўтказиш ва жойлаштириш жадвалини ишлаб чиқсинлар, бунда тиббий ёрдамнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминласинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг психиатр врачлар ва уйда беморларга хизмат кўрсатувчи ўрта тиббиёт ходимларига узлуксиз иш стажи давомийлиги учун устаманинг энг юқори миқдорини 2014 йил 1 январдан бошлаб тариф ставкасининг 20 фоизидан 30 фоизигача ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилансинки, психиатрия муассасалари ходимлари тариф ставкаларига қўшимча ҳақ миқдори оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг қўшимча харажатлари соғлиқни сақлаш муассасаларининг тармоқлари ва беморлар ўрни фондини мақбуллаштириш ҳисобига қопланади.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            Ш. Мирзиёев



*) 3 - 5-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 25 июлдаги

207-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси психиатрия

хизматининг ташкилий

ТУЗИЛМАСИ








Соғлиқни сақлаш вазирлиги























































Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси

Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси


Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий ўқув муассасаларининг психиатрия, психотерапия, наркология ва психология кафедралари


Вазирликлар ва идораларнинг тегишли руҳий касалликлар (руҳий-асаб касалликлари) таркибий бўлинмалари










































Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (12 та) ва Тошкент шаҳри (1 та)даги бемор ўринлари фонди мавжуд бўлган ва мавжуд бўлмаган психоневрология диспансерлари




























































































Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохоналари (10 та)



Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси марказий туман кўп тармоқли поликлиникаларининг участка психиатрия кабинетлари




















            

Белгилар: яхлит чизиқ - услубий раҳбарлик;

пунктир чизиқ - услубий ёрдам ва ўзаро ҳамкорлик қилиш.


Изоҳ: Психиатрия хизматини тасдиқланган ташкилий тузилмага мувофиқлаштириш режалаштирилган таъмирлаш-реконструкция қилиш ишлари тугалланишига қараб 2017 йилгача амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 29 июль, 30-сон, 390-модда