Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.11.2003 й. 515-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 17 ноябрдаги

515-сон қарорига

1-ИЛОВА



Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар

бўлган  иккиламчи  ресурслар  ва  чиқитларни  тайёрлаш

ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.

Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси Комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) функциясини бажаради.

Ишчи орган лицензия талабгорларининг тегишли ҳужжатлар билан аризаларини қабул қилади, улар бўйича эксперт хулосалари, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ва тўхтатиб туриш ёхуд лицензияларни бекор қилиш тўғрисида Комиссия қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди ва уларни кўриб чиқиш учун Комиссияга киритади, лицензияларни расмийлаштиради ва қайта расмийлаштиради, лицензия битимлари тузади, лицензиялар реестрларини юритади, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади.


3. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


4. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилади.


5. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини амалга оширишга лицензия 5 йил муддатга берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг, шунингдек таркибида улар мавжуд бўлган буюмларнинг муомалада бўлишига оид норматив-техник ва бошқа талабларга мажбурий риоя қилиш;

таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлашни тартибга солишга доир зарур норматив-техник ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;

лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур ва белгиланган талабларга мувофиқ бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжуд бўлиши;

таркибида қимматбаҳо металлар ва тошлар чиқиндилари бўлган материаллар, буюмлар ҳамда парчаларни белгиланган талабларга мувофиқ ҳисобга олиш ва уларни сақлашнинг таъминланиши;

штатда таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш (металлургия, кимё) соҳасида махсус маълумотга эга бўлган етарли ходимлар бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг қимматбаҳо металлар ва тошлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг мавжуд бўлиши.


7. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатиб ўтилган лицензия талаблари ва шартларидан аниқ талаблар ва шартлар назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


8. Лицензия олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами; лицензияланадиган фаолият тури (унинг бир қисми)нинг номи;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, норматив-техник ҳужжатларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияланадиган фаолият тури амалга ошириладиган бинолар ва хоналарга мулкий ҳуқуқни ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;

мавжуд бино ва хоналарнинг қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига, санитария-гигиена ва экология нормаларига мувофиқлиги тўғрисида ички ишлар, санитария-эпидемиология ва табиатни муҳофаза қилиш органларининг хулосалари;

ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


9. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ишчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи орган масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


10. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


11. Лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия талабгорларининг аризалари кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


12. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Ишчи орган ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга тақдим этади.

Зарур ҳолларда ишчи орган лицензия талабгори томонидан лицензия талаблари ва шартларини бажариш имкониятларини жойларга бориб ўрганишга ҳақлидир.

Комиссия ишчи орган таклифи олингандан кейин ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди, протокол Комиссия раиси томонидан имзоланади.


13. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобацнида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битими ишчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва ишчи орган учун бир нусхадан тузилади.


14. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари намуналари ишчи орган томонидан ишлаб чиқилади, Комиссия томонидан тасдиқланади ҳамда ишчи орган буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ишчи орган маблағлари ҳисобига босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва уларнинг мақсадли фойдаланилиши учун ишчи орган раҳбари шахсан жавоб беради.

Лицензиялар ишчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси томонидан имзоланади.


15. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.


16. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


17. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


18. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

19. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда ишчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин уч кун мобайнида улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга тақдим этади.

Комиссия ишчи орган таклифи олингандан кейин етти кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги потоколни тасдиқлайди, протокол Комиссия раиси томонидан имзоланади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


20. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

21. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


22. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш ишчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


23. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ишчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


24. Йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтмаган яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


25. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.


26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида Комиссияга кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;

таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиясиз амалга оширилишининг аниқланган ҳолатлари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун солиқ органларига белгиланган тартибда юбориш.


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ишчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси ишчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


28. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.


29. Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Комиссия томонидан қабул қилинган қарорнинг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


30. Ишчи орган лицензиялар реестрини юритади. Реестрда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


31. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


IХ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


32. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи маблағлари республика бюджетига ўтказилади.





Низомга

ИЛОВА



Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо

тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни

тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари







1-

босқич

Лицензия талабгори -

юридик шахс


1. Лицензия олиш учун Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган иккиламчи ресурслар ва чиқитларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Комиссиянинг ишчи органига (Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси) ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисида билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали тақдим этади.

Лицензия талабгори хоҳишига кўра

































2-

босқич


Комиссиянинг ишчи органи (Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси)

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ишчи органнинг масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.

3. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин лицензия талабгори томонидан ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда эксперт хулосаси тайёрлайди.

1) иш тартибида ҳужжатларни қабул қилиш белгиланган кунда

2) ариза олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 3 кун мобайнида





























3-

босқич



Комиссия


1. Ишчи органнинг таклифини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.

2. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади.

15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

(қайта кўриб чиқишда- Комиссия қарори протоколи лойиҳаси тақдим этилгандан кейин 7 кун мобайнида)































4-

босқич


Комиссиянинг ишчи органи (Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси)

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

2. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

- тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида















































Лицензиат


Ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай



































5-

босқич



















Лицензия талабгори

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда



































6-

босқич


Комиссиянинг ишчи органи (Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси)

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Лицензиатга лицензияни беради.

1) лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин бир кун муддатда

2) лицензия имзолангандан кейин бир кун муддатда
























  










7-

босқич



Комиссия раиси




Ишчи орган томонидан расмийлаштирилган лицензияни имзолайди.


- лицензия расмийлаштирилгандан кейин бир кун муддатда