Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.11.2003 й. 503-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 12 ноябрдаги

503-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик

буюмлари тайёрлаш фаолиятини

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Лицензиялар бериш ва уларни бекор қилиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади


3. Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлиги Комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) функциясини бажаради.

Ишчи орган тегишли ҳужжатлар билан лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни қабул қилади, улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензияларни расмийлаштиради ва қайта расмийлаштиради, лицензия битимлари тузади, лицензиялар реестрини юритади, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туради ва тиклайди.

4. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.


5. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензия берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилади.


6. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга оширишга лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига, қимматбаҳо металлар ва тошларнинг, таркибида қимматбаҳо металлар ва тошлар бўлган буюмларнинг муомалада бўлишига оид норматив-техник ва бошқа талабларга мажбурий тарзда риоя қилиш;

қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлашни тартибга солишга доир норматив-техник ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;

лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур ва белгиланган талабларга мувофиқ бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжуд бўлиши;

белгиланган талабларга мувофиқ хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни, қимматбаҳо металлар ва тошлар чиқиндилари ҳамда парчаларини ҳисобга олиш ва уларни сақлашнинг таъминланиши;

юридик шахс штатида қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш соҳасида махсус маълумотга ёки ушбу соҳада камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган камида бир нафар ходим бўлиши;

жисмоний шахснинг қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш соҳасида махсус маълумотга ёки ушбу соҳада камида 3 йиллик иш стажига эга бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг қимматбаҳо металлар ва тошлар билан операцияларни амалга оширишга берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг мавжуд бўлиши.


8. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 7-бандда кўрсатиб ўтилган лицензия талаблари ва шартларидан аниқ талаблар ва шартлар назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахс учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами;

жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга оид маълумотлар;

лицензияланадиган фаолият тури;

б) қуйидагилар:

юридик шахс учун - юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

жисмоний шахс учун - якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

в) лицензия талабгори томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

д) лицензияланадиган фаолият амалга ошириладиган бинолар ва хоналарга мулк ҳуқуқини ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат;

е) мавжуд бино ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги қоидалари, санитария-гигиена ва экология нормаларига мувофиқлиги тўғрисида ёнғиндан сақлаш ва санитария-эпидемиология органлари ва табиатни муҳофаза қилиш органларининг хулосалари.


10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ишчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи орган масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгоридан қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.


13. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Ишчи орган йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.

Комиссия ишчи орган таклифи олингандан кейин ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарорлари сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.


14. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битими ишчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият тури;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва ишчи орган учун бир нусхадан тузилади.


15. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари намуналари ишчи орган томонидан ишлаб чиқилади, Комиссия томонидан тасдиқланади ҳамда ишчи орган буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун ишчи орган раҳбари белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.

Лицензиялар ишчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


16. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.


17. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


18. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


19. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


20. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда ишчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.

Комиссия ишчи орган таклифи олингандан кейин тўрт кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги потоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ

21. Лицензиат - юридик шахс қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Лицензиат - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


22. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


23. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш ишчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

25. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида Комиссияга кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фаолият лицензиясиз амалга оширилишининг аниқланган ҳолатлари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун солиқ органларига белгиланган тартибда юбориш.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ишчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси ишчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


29. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.

Ишчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, ишчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


31. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссиянинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг бекор қилиниши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


32. Ишчи орган лицензиялар реестрини юритади.

Реестрда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахс учун - юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, телефон рақами;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияни қайта расмийлаштириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.


33. Туризм фаолияти лицензиялар реестридаги маълумотлар улар билан юридик ва жисмоний шахсларнинг танишиши учун очиқ ҳисобланади, улар тўлов асосида ишчи органдан аниқ лицензиатлар тўғрисида лицензиялар реестридан кўчирма сифатида маълумот олишга ҳақлидир.

Лицензиялар реестридан маълумот берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида тўлов ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензиялар реестридан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига маълумотлар текин берилади.


34. Лицензиялар реестридан маълумот бериш муддати тегишли ариза берилган кундан бошлаб уч кундан ошмаслиги керак (маълумот берилганлиги учун тўлов тўланганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилган тақдирда).



IХ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


35. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи маблағлари республика бюджети даромадига ўтказилади.






Низомга

ИЛОВА



Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик

буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари







1-босқич

Лицензия талабгори - юридик ва жисмоний шахс

1. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Ишчи органга (Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигига) ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали тақдим этади. 

Лицензия талабгори хоҳишига кўра

































2-босқич


Ишчи орган


1. Ишчи орган масъул шахси ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва эксперт хулосаси тайёрлайди, хулоса лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси билан Комиссияга киритилади

3. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва хулоса тайёрлайди,  лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор протоколи лойиҳаси билан Комиссияга таклиф киритади.

1) ҳужжатларни қабул қилиш кунида

2) ариза олинган кундан бошлаб 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

3)  ҳужжатлар қайта тақдим  этилгандан кейин 6 кун мобайнида






























3-босқич



Комиссия


1. Ишчи органнинг таклифини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.

2. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

- ҳужжатлар олинган  кундан бошлаб

10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда  4 кун мобайнида































4-босқич

Ишчи орган


1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.


-тегишли қарор қабул қилингандан кейин

3 кун мобайнида















































Лицензиат


Ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилин-ганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай



































5-босқич

















Лицензия талабгори


1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда



































6-босқич

Ишчи орган


1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2 Расмийлаштирилган лицензиялар  лицензиатга ишчи орган томонидан берилади.


1) лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин  бир кун муддатда

2) лицензия имзолангандан кейин бир кун муддатда































7-босқич



Комиссия раиси (унинг ўринбосари)




Ишчи орган томонидан расмийлаштирилган лицензияларни имзолайди.


- ишчи орган томонидан лицензиялар тақдим этилгандан кейин бир кун муддатда