Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Аудиторлик ташкилотлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида Низом (АВ томонидан 03.09.2007 й. 1709-сон билан рўйхатга олинган Молия вазирининг 01.08.2007 й. 73-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 3 сентябрда 1709-сон

билан рўйхатга олинган

Молия вазирининг

2007 йил 1 августдаги

73-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Аудиторлик ташкилотлари раҳбарларини

аттестациядан ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 4 апрелдаги ПҚ-615-сонли "Аудиторлик ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг жавобгарлигини ошириш тўғрисида"ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 15-сон, 155-модда) 6-бандига мувофиқ аудиторлик ташкилотлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Аудиторлик ташкилотлари раҳбарларининг аттестацияси (кейинги ўринларда - аттестация) уларнинг фаолияти самарадорлигини ва ишчанлик малакасини баҳолаш, профессионаллик даражасини мунтазам ошириб боришни қўллаш, шунингдек "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сонли "Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширувларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида"ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 15-16-сон, 136-модда), аудиторлик фаолиятининг миллий стандартлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига аудиторлик ташкилотлари томонидан риоя қилиниши бўйича жавобгарликни ошириш мақсадида ўтказилади.


2. Аттестация қуйидагиларни тасдиқлайди:

аудиторлик ташкилоти раҳбарининг (кейинги ўринларда - раҳбар) профессионал қобилиятлилик (тегишли фаолият соҳаси бўйича махсус тайёргарлик, ўзлаштирилган билимлар ва тўпланган тажрибалар даражаси) талабларига мослигини;

раҳбарнинг ишни сифатли ташкил қилиш, шунингдек аудиторлик ташкилотини бошқариш қобилиятини;

раҳбарнинг касбий ахлоқ меъёрларига риоя этишини.


3. Аттестацияни ўтказишдаги асосий принциплар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

уни ўтказишнинг мажбурийлиги ва даврийлиги;

уни ўтказишдаги ошкоралилик, ҳаққонийлик ва ҳалоллик.


4. Аттестация мазкур Низомда назарда тутилган тартибда тузиладиган Идоралараро аттестация комиссияси (кейинги ўринларда - аттестация комиссияси) томонидан ўтказилади.



II. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИНИ

ТУЗИШ ВА УНИНГ ИШИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


5. Аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимлари, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ўзбекистон аудиторларининг республика жамоатчилик бирлашмалари вакилларидан шакллантирилади. Аттестация комиссиясининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади.


6. Аттестация комиссияси камида етти аъзодан, шу жумладан, аттестация комиссияси раисидан ташкил топади.


7. Аттестация комиссияси ишининг ташкил қилишини таъминлайдиган ишчи орган бўлиб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси (кейинги ўринларда - ишчи орган) ҳисобланади. Ишчи орган қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) аудиторлик ташкилотлари раҳбарларининг реестрини юритиш;

б) аттестацияни ўтказиш учун тахминий саволлар рўйхатини тузиш ва тасдиқлаш;

в) аттестацияни ўтказиш санаси, жойи ва вақтини белгилаш ва бу ҳақда аттестация комиссиясига ва аттестациядан ўтадиган раҳбарларга хабар бериш;

г) аудиторлик ташкилотлари томонидан мазкур Низом талабларининг бажарилишини назорат қилиш.


8. Ишчи орган аттестация бошланишидан камида бир ой олдин тегишли вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотларига аттестация комиссияси таркибига киритиш учун вакиллар номзодларини кўрсатиш ҳақида сўровнома юборади ва аттестация бошланишидан камида 10 кундан кечикмаган ҳолда тегишли вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотларига уларнинг вакиллари аттестация комиссияси таркибига киритилгани ҳақида ва уларнинг қатнашишини таъминлаш мақсадида ёзма шаклда хабар беради.


9. Ишчи орган аттестациядан ўтадиганлар рўйхатига мувофиқ аттестацияни ўтказиш жадвалини ишлаб чиқади, аттестация учун тахминий саволлар рўйхатини тайёрлайди ва бу ҳақда аттестация бошланишидан камида бир ой олдин аттестациядан ўтадиган раҳбарларга хабар беради.


10. Аттестация комиссияси:

а) аттестацияни ўтказиш пайтида:

аттестациядан ўтадиган раҳбар ҳақида қисқача ахборотни тинглайди;

аттестациядан ўтадиган раҳбарга саволлар беради;

аттестациядан ўтадиган раҳбарга берилган саволларнинг жавоблари натижалари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;

б) аттестация натижаси бўйича раҳбарга баҳо беради;

в) аттестациядан ўтган раҳбар фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

г) раҳбарнинг аттестацияга келмаганлигининг узрли (узрсиз) сабаблилиги ҳақида қарор қабул қилади;

д) ишчи органга аттестация натижаларини тақдим этади;

е) бевосита аттестацияни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.



III. АТТЕСТАЦИЯ ЎТКАЗИШНИНГ

МУДДАТЛАРИ ВА ДАВРИЙЛИГИ


11. Ишчи орган аттестациядан ўтадиган раҳбарларни мунтазам аниқлаб бориш мақсадида раҳбарлар реестрини юритади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

раҳбарнинг фамилияси, исми ва шарифи;

раҳбар бошчилик қиладиган аудиторлик ташкилотининг номи ва унинг раҳбар лавозимига тайинланган санаси;

раҳбарнинг паспорт маълумотлари ва яшаш жойи;

раҳбарга аудитор малака сертификати берилган сана ва унинг рақами;

раҳбарнинг ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтганлиги ҳақида маълумотлар;

раҳбарнинг олдинги аттестациядан ўтганлиги ҳақида маълумотлар;

раҳбарнинг фаолиятига оид бошқа ахборотлар.


12. Аудиторлик ташкилотларининг раҳбарлари ҳисобланган ва бир ёки бир неча аудиторлик ташкилотларида мазкур лавозимда олти ойдан ортиқ умумий (йиғинди) иш стажига эга шахслар аттестациядан ўтказилади.


13. Аттестацияга қуйидаги раҳбарлар жалб қилинмайди:

мазкур лавозимда умумий иш стажи олти ойдан кам бўлган шахслар;

ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача бўлган фарзандини тарбиялаш бўйича таътилда бўлган аёллар.


14. Раҳбарлар уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Аттестациядан ўтмаган раҳбар икки йил мобайнида аудиторлик ташкилоти раҳбари сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга эмас.


15. Аттестация комиссияси йиғилишлари камида ярим йилда бир марта ўтказилади. Аттестацияни ўтказиш санаси, муддатлари ва жойи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади.



IV. АТТЕСТАЦИЯНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


16. Аттестация комиссияси йиғилиши аттестация комиссиясининг тасдиқланган таркибининг камида 3/4 қисми иштирокида ўтказилади.


17. Аттестациядан ўтадиган раҳбар:

аттестациядан ўтиш учун уни ўтказиш жойига ўз вақтида етиб келиши;

ўзи билан паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эга бўлиши шарт.

Ўзи билан паспорти ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлмаган ёки аттестацияга кечиккан раҳбарлар аттестацияга келмаган деб ҳисобланади ва навбатдаги аттестацияга қўйилган раҳбарлар рўйхатига кўчирилади.


18. Аттестация, аттестация комиссияси йиғилишида аттестациядан ўтаётган раҳбар билан суҳбат шаклида ўтказилади. Аттестация комиссияси аттестациядан ўтаётган раҳбарни таклиф этади ва у ҳақида қисқача маълумотни тинглайди.

Комиссия аъзолари аттестациядан ўтаётган раҳбарга қонунчилик ҳужжатларини, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг умумиқтисодий ва сиёсий жиҳатларини билиши бўйича, шунингдек бевосита лавозим мажбуриятларини бажариши юзасидан саволлар берадилар. Аттестациядан ўтказилаётган раҳбарнинг фаолияти аудиторлик ташкилоти олдида турган вазифаларнинг, лицензия талаблари ва шартларининг бажарилишини таъминлашда унинг шахсий хизматига боғлаган ҳолда, шунингдек лавозим мажбуриятларини бажариши баҳоланади.


19. Аттестация комиссияси йиғилишида бегона шахслар ва кузатувчиларнинг қатнашиши тақиқланади.


20. Аттестациядан ўтказилаётган раҳбарни баҳолашда овоз бериш очиқ бўлиб ҳисобланади ва у аттестациядан ўтаётган раҳбарнинг иштирокисиз ўтказилади.

Овоз беришда мазкур йиғилишда иштирок этган барча аттестация комиссияси аъзолари қатнашади. Овоз бериш натижалари оддий кўпчилик овоз билан аниқланади ва аттестация комиссияси йиғилиши баённомасида қайд этилади. Овозлар тенг бўлганда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи бўлади.


21. Аттестациядан ўтаётган раҳбарнинг жавоблари асосида унинг иши натижалари ва ишбилармонлик фазилатларини муҳокама қилиб, комиссия қуйидаги баҳолардан бирини беради:

а) эгаллаб турган лавозимига лойиқ;

б) эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмас.


22. Ҳар бир аттестациядан ўтказилаётган раҳбар учун мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда икки нусхада аттестация варақаси тузилади.

Аттестация комиссиясининг аттестациядан ўтказилаётган раҳбар фаолиятини баҳолаш бўйича қарори аттестация варақасига киритилади. Аттестация варақаси аттестация комиссияси раиси ва овоз беришда иштирок этган аъзолари томонидан имзоланади. Аттестация натижалари бевосита овоз бериш тугаганидан сўнг аттестациядан ўтказилаётган раҳбарга аттестация варақасига имзо чектириб маълум қилинади ва унинг иккинчи нусхаси аттестациядан ўтказилаётган раҳбарга берилади.

Аттестацияда иштирок этган раҳбарнинг аттестация варақаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида аттестациядан ўтказилаётган раҳбарнинг шахсий иш ҳужжатларида сақланади.


23. Аттестациядан ўтадиган раҳбар аттестация комиссияси йиғилишига узрли сабабларга (касаллиги, яқин қариндошлари ўлими, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши ва ҳоказолар) кўра келмаса, аттестациядан ўтадиган раҳбар навбатдаги аттестацияга қўйилиши учун аттестация ўтказилган кундан бошлаб бир ойлик муддатдан кечиктирмай ишчи органга аттестацияга келмаганлигининг узрли сабабларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Кўрсатилган муддатда тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаса раҳбар навбатдаги аттестацияга қўйилмайди ва аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.


24. Мазкур Низомнинг 17 ва 23-бандларида кўрсатилган раҳбарларнинг навбатдаги аттестацияси дастлабки аттестация тайинланган санадан кейин икки ойдан кечиктирмай ўтказилади.


25. Агар аттестация комиссияси қарорига кўра раҳбар эгаллаган лавозимига лойиқ эмас деб тан олинса, ишчи орган бу ҳақда аудиторлик ташкилотига қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни давомида ёзма шаклда хабарнома беради. Аудиторлик ташкилоти, хабарномани олгандан кейин бир ой давомида ишчи органга раҳбарнинг эгаллаган лавозимидан озод этилгани ҳақидаги буйруқнинг нусхасини тақдим этади.



V. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИ

ҚАРОРИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


26. Аттестация натижаларидан норози бўлган раҳбарларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги буйруғи билан апелляция комиссияси ташкил қилинади.


27. Апелляция аризаси апелляция комиссияси раиси номига аттестация натижалари эълон қилинган кундан кейин бир ой ичида берилади.


28. Апелляция комиссияси апелляция аризасини келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни давомида кўриб чиқиши шарт ва кўриб чиқиш якунлари бўйича уч иш кунида аризачига апелляция комиссиясининг қарорини апелляция комиссияси раиси томонидан имзоланган апелляция комиссияси йиғилишининг баённомасидан кўчирмани юборади.

Апелляция комиссиясининг йиғилишида аризачи иштирок этиши мумкин.


29. Апелляция аризасини кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорларни қабул қилиши мумкин:

ариза берувчининг даъво ва далилларини асосли деб эътироф этиши ва раҳбарнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ҳақида янги қарор қабул қилиши;

ариза берувчининг даъво ва далилларини асоссиз деб эътироф этиши ва аттестация комиссияси қарорини ўз кучида қолдириши.


30. Аттестацияга боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда кўрилади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


31. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси билан келишилган.





Низомга

ИЛОВА


АТТЕСТАЦИЯ ВАРАҚАСИ

________________________________________________________________

фамилияси, исми-шарифи

________________________________________________________________

иш жойи ва эгаллаган лавозими


Туғилган йили ва жойи: __________________________________________

Миллати: _______________________________________________________

Маълумоти: ____________________________________________________

Умумий меҳнат стажи: ___________________________________________

Шу жумладан, аудиторлик ташкилоти раҳбари

лавозимидаги меҳнат стажи: ______________________________________

Мукофотлари: __________________________________________________

Интизомий жавобгарликка тортилганми: __________________________

________________________________________________________________


АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИ ХУЛОСАСИ


________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________


Аттестация комиссияси раиси: _____________________

Комиссия аъзолари: _____________________

                                      _____________________

                                      _____________________

                                      _____________________

                                      _____________________

                                      _____________________

                                       _____________________


20___ й "_____" __________________

Аттестация комиссияси хулосалари билан танишиб чиқдим, мазкур аттестация варақасининг иккинчи нусхасини олдим _____________________

                                                                        сана ва имзо



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 35-36-сон, 367-модда.