Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.07.1999 й. 358-сон "Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.07.1999 й.

N 358



ВАТАН ВА ХАЛҚ ОЗОДЛИГИ ЙЎЛИДА ҚУРБОН

БЎЛГАН ФИДОЙИЛАР ХОТИРАСИНИ

АБАДИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА



Юртимиз озодлиги ва мустақиллиги учун курашларда матонат кўрсатган, миллатни ҳурлик ва эркинликка чорлаган, мустабид тузум йилларида қатағон этилган фидойи ватандошларимизнинг мўътабар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш, ёшлар қалбида метин иродали, мард аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 12 майдаги Фармойишига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссиясининг қатағон қурбонлари бўлган ватандошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялари маъқуллансин.

Жамоатчилик комиссиясининг кенг халқ оммаси фикрларига асосланган таклифлари ҳисобга олиниб, Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича республика ташкилий қўмитаси тузилсин ва унинг таркиби тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита Жамоатчилик комиссияси билан биргаликда, Маданият ишлари вазирлиги, Бадиий академия, ижодий уюшмалар, нодавлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, ижтимоий фан вакилларини жалб этган ҳолда:

- Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув қирғоғида мустамлакачилик даври қурбонлари хотира мажмуасини барпо этиш бўйича кенг жамоатчилик фикрини тўлиқ ўргансин ва танловлар асосида тайёрланган таклифларни икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

- вилоятлар, туман ва шаҳарларда мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш ва бошқа қўшимча тадбирларни кўзда тутувчи дастурларни ишлаб чиқсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ушбу тадбирларнинг ўз ҳудудларида амалга оширилишини таъминласин.


2. Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ҳузурида "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармасини тузиш тўғрисидаги таклиф инобатга олинсин.

"Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармасининг вазирликлар, давлат қўмиталари, концернлар, компаниялар, корпорациялар, банклар ва бошқа муассасалардан иборат ҳомийлар гуруҳи маъқуллансин.

Жамғарманинг таркибий тузилмаси маъқуллансин ва унинг Низоми белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилсин.

Халқаро ташкилотлар, айрим фуқаролар ва хорижий шахсларнинг хайрия улушлари учун жамғарма ҳисоби очиқ эканлиги эътиборга олинсин.


3. Қуйидагилар "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармасининг асосий вазифалари этиб белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин:

- Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ишини ташкил этиш ва комиссия зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилишига ёрдам бериш;

- қатағон этилган фидойи ватандошларимизни номма-ном аниқлаш мақсадида жамоатчилик комиссияси томонидан мамлакатимиз ҳудудларида тузиладиган илмий-ишчи гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

- шаҳид бўлган юртдошларимиз номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик "Қатағон қурбонлари" хотира китобини яратиш ва нашр этишга кўмаклашиш;

- хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар, мутахассислар билан алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш ҳамда ватандошларимиз ҳаёти, фаолиятига оид чет эллардаги мавжуд манбаларни излаб топиш ва ўрганиш мақсадида илмий экспедициялар ташкил этиш;

- қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 20 миллион сўм ажратсин.

"Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси ва унинг тасарруфига кирувчи бўлинмалар, корхоналар барча турдаги давлат солиқларидан, божхона тўловлари ҳамда давлат бюджетига ўтказиладиган бошқа тўловлардан беш йил муддатга озод этилсин.

Ҳомийларнинг даромаддан тўлайдиган солиқ бўйича базаси уларнинг жамғармага ўтказадиган пул маблағлари миқдорида қисқартирилиши белгилаб қўйилсин.


5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармасини Тошкент шаҳар Навоий кўчасидаги 69-уй (Ўзбекистон Фанлар академиясининг собиқ Қўлёзмалар институти биноси)га жойлаштирсин.


6. Ўзбекистон Почта ва телекоммуникациялар агентлигига "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси бошқарувини шаҳар ва ҳукумат телефон алоқаси билан таъминлаш топширилсин.


7. "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси "Адолат" ва "Маънавият" нашриётларида "Истиқлол фидойилари" туркумида мустамлакачилик даври қурбонларининг илмий-ижодий мероси, улар ҳақидаги тадқиқотлар, Ватанимиз озодлиги йўлида жон фидо қилган инсонларнинг ибратли ҳаётидан ҳикоя қилувчи хотиралар, ёдномалар, шунингдек, тарғибий-ташвиқий адабиётлар ва кўргазмали воситаларни мунтазам чоп этишни йўлга қўйсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, республика Прокуратураси, Ички ишлар вазирли ги, Мудофаа вазирлиги, Фанлар академияси, Президент девони архиви ва Бош архив бошқармаси Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш жамоатчилик комиссияси ҳамда "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси сўровларига биноан, зарур архив ҳужжатларидан фойдаланиш учун тегишли шароитлар яратсин.


9. Ўзтелерадиокомпаниясига "Унутмас мени Ватан" номли махсус ижодий гуруҳ ташкил этиб, мустамлакачилик даври қурбонларининг хотирасини абадийлаштиришга оид амалга оширилаётган ишларни мунтазам ёритиб бориш топширилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов