Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.06.2010 й. 117-сон "Давлат махсус мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.06.2010 й.

N 117


ДАВЛАТ МАХСУС МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Давлат махсус мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, уларда мактабгача ёшдаги болалар билан олиб бориладиган коррекция ишларини яхшилаш, уларнинг раҳбар ва педагог ходимларини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида" 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларидан шакллантирилган идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари иштирокида жисмоний ёки ақлий ривожланишида турли нуқсонлар бўлган болалар учун махсус мактабгача таълим муассасалари комплекс инвентаризациядан ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:

махсус мактабгача таълим муассасаларининг сонини, уларнинг ихтисослашуви ва жойлашувини қайта кўриб чиққан ҳолда, шунингдек жисмоний ёки ақлий ривожланишида турли нуқсонлар бўлган болалар контингентидан келиб чиқиб, мақбуллаштириш;

умумий типдаги давлат мактабгача таълим муассасаларида махсус гуруҳларни тугатиш, нутқи, эшитиши ва кўришида енгил нуқсонлар бўлган болалар бўлган тақдирда уларда дефектолог лавозимини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


3. Давлат махсус мактабгача таълим муассасалари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда идоралараро ишчи гуруҳнинг таклифларини ҳисобга олиб ва ушбу қарор талабларига мувофиқ икки ой муддатда:

давлат махсус мактабгача таълим муассасаларини мақбуллаштириш, жисмоний ва ақлий ривожланишида турли нуқсонлар бўлган болалар контингенти мавжудлигидан келиб чиқиб, тегишли ҳудуд соғлиқни сақлаш органларининг асосланган статистик маълумотларига қатъий амал қилиб минтақаларда бундай муассасаларни ташкил этиш ёки қайта ташкил этиш;

жисмоний ёки ақлий ривожланишида турли нуқсонлар бўлган болалар контингенти мавжуд бўлмаган тақдирда давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини умумий типдаги мактабгача таълим муассасалари этиб қайта ихтисослаштириш чора-тадбирларини кўрсин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

болаларни давлат махсус мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш халқ таълими ҳудудий бошқарув органлари ҳузуридаги тиббий-психологик-педагогик комиссияларнинг хулосалари бўйича амалга оширилади;

давлат махсус мактабгача таълим муассасаларининг раҳбар, педагог ва тиббий ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошлари ва тариф ставкаларига 100 % миқдорида қўшимча тўлов сақланиб қолади.


6. Халқ таълими вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тиббий-психологик-педагогик комиссиялар тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда икки ҳафта муддатда давлат мактабгача таълим муассасаларининг таълим-тарбиявий ва даволаш-соғломлаштириш фаолиятига қўйиладиган талаблардан келиб чиқиб уларнинг барча турлари учун намунавий штатларни ишлаб чиқсин ва янги таҳрирда тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат махсус мактабгача таълим муассасаларига уларни тиббий ходимлар билан бутлаш, маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун малакали мутахассисларни жалб этиш ва даволаш-соғломлаштириш ишларининг замонавий усулларини жорий этишда, шунингдек ушбу муассасаларнинг тиббий ходимлари малакасини оширишда амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 24-25-сон, 194-модда.