Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасида нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.10.2007 й. 225-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 25 октябрдаги

225-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасида нодавлат мактабгача

таълим муассасаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ аҳолига таълим хизматлари кўрсатиш нодавлат мактабгача таълим муассасасининг (кейинги ўринларда "нодавлат мактабгача таълим муассасаси" деб юритилади) асосий фаолияти ҳисобланади.


2. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг устави Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган Таълим муассасаси уставини ишлаб чиқиш тартибига мувофиқ ишлаб чиқилади, унинг муассиси томонидан тасдиқланади ва тегишли давлат органларида рўйхатдан ўтказилади.


4. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси таълим-тарбия ва соғломлаштириш муассасаси ҳисобланади, қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:

болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш;

боланинг шахси асосларини шакллантириш, унинг билимга қизиқишларини ривожлантириш;

боланинг интеллектуал, шахсий ва жисмоний ривожланишини таъминлаш;

боланинг ривожланишидаги нуқсонларни зарур тарзда тузатиш;

болаларни миллий маданият ва умуминсоний қадриятлар билан таништириш;

болаларни мактабда ўқишга тайёрлаш.



II. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси муассаса сифатидаги ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатади. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, нодавлат мулкчилик шаклидаги юридик ва жисмоний шахслар нодавлат мактабгача таълим муассасасининг муассислари бўлишлари мумкин.


6. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси юридик шахс мақомига эга бўлади, мустақил молия-хўжалик фаолиятини амалга оширади, думалоқ муҳрга, бурчакли штампга ва ўз логотипи ёзилган бланкага эга бўлади.


7. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда лицензия олган вақтдан бошлаб таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасини аккредитация қилиш ваколатли давлат органи томонидан, аттестация асосида амалга оширилади.



III. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида таълим ва тарбия дунёвий хусусиятга эга бўлади.


9. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида таълим мазмуни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия қилинган дастурлар билан белгиланади. Муассаса ўз (муаллифлик) дастурларидан фойдаланишга ҳақлидир. Ушбу дастурларни тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.


10. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг иш режими ва болаларнинг у ерда қанча вақт бўлиши муассаса уставида ҳамда муассаса раҳбари (ёхуд муассис) билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида тузилган шартномада белгиланади.


11. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида болаларни ўқитиш ва тарбиялаш давлат тилида ва "Давлат тили ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ бошқа тилларда олиб борилади.


12. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш штатдаги ёки соғлиқни сақлаш органларининг шартнома асосида махсус бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббиёт ходимлари нодавлат мактабгача таълим муассасаси ходимлари билан биргаликда болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши, санитария-гигиена нормаларига, овқатланиш режими ва сифатига риоя қилиниши учун жавоб берадилар. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш шартнома асосида амалга оширилади.


13. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида болаларнинг овқатланиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тиббиёт, санитария-гигиена нормалари ва талаблари асосида амалга оширилади.


14. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида шартнома асосида ўз фаолиятини умумий ўрта таълим муассасалари билан биргаликда амалга ошириши мумкин.



IV. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ БУТЛАШ


15. Нодавлат мактабгача таълим муассасасига болалар 2 ёшдан бошлаб 6-7 ёшгача, тегишли тиббий хулоса ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш ва уларнинг чиқиб кетиши тартиби нодавлат мактабгача таълим муассасасининг устави билан белгиланади.


16. Нодавлат муассасаси гуруҳларидаги болалар сони давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган сондан ортиқ бўлмаслиги керак.


17. Махсус педагогик маълумотли шахслар нодавлат мактабгача таълим муассасасида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир. Суд томонидан ёки тиббий хулосага мувофиқ бундай фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахслар педагогик фаолиятга қўйилмайдилар.


18. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари белгиланган тартибда педагог кадрлар малакасини оширишни ва уларни қайта тайёрлашни таъминлайди, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, муаллифлик дастурлари, методик қўлланмалар ва дидактик материаллар жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.


19. Нодавлат мактабгача таълим муассасасининг педагоглари ва бошқа ходимлари билан меҳнат шартномалари тузиш ва уларни бекор қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



V. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


20. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида болалар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва педагог ходимлар таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасасида васийлик кенгашлари ташкил этилади, уларни сайлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари мактабгача таълим муассасаларининг уставларида белгиланади.

Болаларни қабул қилишда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни муассасанинг устави ва унинг фаолиятини тартибга соладиган бошқа ҳужжатлар билан таништириши шарт.


21. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатлар нодавлат мактабгача таълим муассасасининг устави ва шартнома билан тартибга солинади. Шартнома ўқитиш, тарбиялаш, қараб туриш ва парвариш қилиш жараёнида пайдо бўладиган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини ўз ичига олади.


22. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар:

ўз болалари учун ўқитиш ва тарбиялашнинг шаклларини, болалар мактабгача таълим муассасалари типини ва таълим бериш тилини танлаш;

болалар мактабгача таълим муассасаси маъмуриятидан мактабгача таълим муассасасининг уставига мувофиқ бўлган зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

боланинг шахсига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

болаларнинг болалар мактабгача таълим муассасасида ҳаёт кечиришини ташкил этишда фаол иштирок этиш;

режим доирасида улар учун қулай бўлган исталган вақтда болаларни мактабгача таълим муассасасига олиб келиш ва ундан олиб кетиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


23. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қуйидагиларга мажбур:

болаларнинг жисмоний ва психик жиҳатдан соғлом бўлиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, унда меҳнатсеварлик, эзгулик, меҳр-шафқат фазилатларини, ўзидан катта ёшдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш туйғуларини тарбиялаш;

белгиланган нормативларга мувофиқ болалар боғчасида боланинг таъминотига тўловни ўз вақтида тўлаш;

болаларни оилада тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш;

болаларнинг тўлақонли овқатланишини, уларда шахсий гигиена кўникмалари шакллантирилишини қатъий кузатиб бориш, болани мактабгача таълим муассасасига озода кийинган ҳолда олиб келиш.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олишлари мумкин.


24. Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси ва ходими ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳамкорлик, боланинг шахсини ҳурмат қилиш ва унга шахсий хусусиятларига мувофиқ ривожланиши учун эркинлик бериш асосида олиб борилади.

Мактабгача таълим муассасасида ўқув йили ҳар йили 2 сентябрдан бошланади, кейинги йилнинг 1 июнида тугалланади ва янги ўқув йили бошлангунга қадар соғломлаштириш даври бошланади.



VI. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


25. Нодавлат мактабгача таълим муассасасини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда муассис томонидан тайинланадиган шахс бошқаради.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари давлат мактабгача таълим муассасаси мудири лавозимига қўйиладиган малака талабларига мувофиқ бўлиши керак.


26. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини назорат қилиш муассис томонидан, шунингдек ваколатлар доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.


27. Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари ва ўқитиш дастурларининг нодавлат мактабгача таълим муассасалари томонидан бажарилишини назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги амалга оширади.


28. Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ


29. Муассис ёки у ваколат берган орган мактабгача таълим муассасасига мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда биркитади.

Мактабгача таълим муассасасига биркитилган мол-мулк унинг тезкор бошқарув ҳуқуқида бўлади. Мактабгача таълим муассасаси ўзига биркитилган мол-мулкни ва ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.


30. Мактабгача таълим муассасаси ўз мажбуриятлари бўйича ўз тасарруфидаги пул маблағлари билан жавоб беради.


31. Мактабгача таълим муассасаси фаолияти унинг муассиси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиялаштирилади.


32. Қуйидагилар мактабгача таълим муассасаси мол-мулкини ва молиявий ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

муассиснинг маблағлари;

бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ҳамда мақсадли бадаллари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


33. Нодавлат мактабгача таълим муассасасини моддий-техник таъминлаш муассислар томонидан давлат мактабгача таълим муассасалари учун Ўзбекистон Республикасида амал қиладиган нормалардан паст бўлмаган миқдорларда амалга оширилади.


34. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси шартнома асосида бошқа таълим муассасаларига пулли хизматлар кўрсатиши, хоналарни ва тегишли асбоб-ускуналарни ижарага бериши мумкин.


35. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида болаларга таълим-тарбия берилганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг тўлови миқдори шартномада белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.



VIII. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


36. Мактабгача таълим муассасаси:

ўз Уставида назарда тутилган функцияларнинг бажарилмаганлиги;

таълим дастурларининг тўлиқ ҳажмда бажарилмаганлиги, амалга оширилаётган таълим дастурларининг сифати;

таълим жараёнини ташкил этишнинг қўлланаётган шакллари, методлари ва воситаларининг болаларнинг ёш, психофизиологик хусусиятларига, қобилиятига, лаёқатига, қизиқишларига ва эҳтиёжларига номувофиқлиги;

муассасада тарбияланаётган болаларнинг таълим жараёни вақтидаги ҳаёти ва соғлиғи учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


37. Нодавлат мактабгача таълим муассасасида мактабгача таълим муассасасининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларнинг, шу жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ташкил этилишига ва фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.


38. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши, тугатилиши мумкин.


39. Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва муассаса уставига мувофиқ фойдаланилади.


40. Нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорлиги, педагогик ахборот ва тажрибани айирбошлаш, педагог кадрларнинг амалиётни ўташи ва уларнинг малакасини ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 43-сон, 431-модда.