Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси давлат олий, ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари ва умумтаълим мактаблари педагог ходимлари билан меҳнат шартномасини тузишнинг контракт шакли тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.1992 й. 394-сонли қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 24 августдаги

394-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси давлат олий, ўрта махсус

ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари ва

умумтаълим мактаблари педагог ходимлари

билан меҳнат шартномасини тузишнинг

контракт шакли тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига (31-модда) биноан давлат олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари ва умумтаълим мактаблари (мактабгача тарбия ва мактабдан ташқари болалар муассасаларидан бошқа) педагог ходимлари билан меҳнат шартномаси мазкур Низомга мувофиқ контракт асосида тузилади.

1992-1993 йилларда тегишли лавозимга илгари қабул қилинган (танловдан ўтган) педагог ходимлар билан контрактлар тузишга меҳнат шароитини жиддий равишда ўзгартириш деб қаралади ва у Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунлари кодексининг 32-2-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


2. Штат лавозимини эгаллаш бўйича контракт 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга тузилади. Контрактнииг аниқ муддати томонларнинг келишувига мувофиқ белгиланади. Ўқув йили доирасида қисқа муддатга ўриндошлик бўйича айрим курслар ва фанларни ўқитиш учун контракт тузишга йўл қўйилади.


3. Контракт бўйича педагоглик лавозими, шу жумладан, кафедралар, ўқув бўлинмалари раҳбарлари лавозимида ишламоқчи бўлган шахсларга нисбатан талаблар давлат таълим андазасига мувофиқ ишлаб чиқилган малака тавсифномаси ва лавозим қўлланмалари асосида ўқув юрти маъмурияти томонидан белгиланади.


4. Контракт бўйича педагог ходимларни қабул қилиш ҳақидаги эълон оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ўқув юртининг кўп нусхали газетасида берилиши мумкин. Аризаларни бериш муддати, одатда, ўқув йили бошлангунга қадар ўқув юрти томонидан белгиланади.


5. Контракт асосида вакант лавозимни эгаллашга даъвогарлар номзоди ўқув юрти раҳбариятининг тавсиясига кўра тегишли кафедрада, методика бирлашмасида олдиндан муҳокама қилинади. Бунда ўқув юртида ишлаб чиқилган тизим бўйича тестлашга, шунингдек, маълум муаммоларга бағишланган лекциялар ўқишга, тажриба машғулотлари ўтказишга йўл қўйилади. Профессор-ўқитувчилар таркибини (ўқитувчиларни) тестлашни кафедра мудири (методик бирлашма раҳбари), кафедра мудирлари- проректор тайёрлайди ва ўтказади.

Кафедра мудири, ўқув бўлинмаси раҳбари лавозимига номзод муҳокама қилинадиган кафедра, методик бирлашма мажлисини проректор (директор ўринбосари) даъвогарларни белгиланган тартибда ўрганиб чиққандан кейин ўтказади.


6. Ўқув юртининг кафедраси, методик бирлашмаси штатдаги ўқитувчилар, шу жумладан, қўшимча хизматчилар кўпчилигининг очиқ ёки яширин оддий овоз бериш йўли билан ҳар бир номзод бўйича тавсиянома қабул қилади. Контракт тузишга даъвогарлар овоз беришда қатнашмайдилар.

Кафедра, методик бирлашма аъзоларининг кўпчилиги, лекин овоз беришда қатнашганларнинг камида 50 фоизи овоз берган шахс контракт асосида лавозимни эгаллашга тавсия этилган ҳисобланади. Кафедра, методик бирлашманинг қарори овоз беришда улар таркибининг камида учдан икки қисми қатнашгандагина ҳақиқий ҳисобланади.

Овоз беришда қатнашган шахсларнинг овози тенг келиб қолганда даъвогарни танлаш ҳуқуқи ректорга (директорга) берилади.

Кафедра мудири, ўқув бўлинмасининг раҳбари лавозимига контракт тузишга тавсияномани ўқув юртининг илмий, педагогика кенгаши кафедра, методик бирлашма томонидан худди шундай тартибда берилган материаллар асосида қабул қилади.


7. Контракт ёзма равишда, икки нусхада тузилади ва ректор (директор), шунингдек, лавозимга тавсия этилган шахс томонидан имзоланиб, томонларнинг ҳар бирида сақланади.


8. Контракт томонларнинг келишуви билан белгиланган кундан бошлаб лавозимга тайинлаш ҳақида буйруқ чиқариш учун асос бўлади ва у имзоланган кундан бошлаб кучга киради. У томонларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.


9. Контрактда уни тузиш шартлари, шунингдек, томонларнинг бурчлари ва масъулияти, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнатни ташкил этиш шартлари, ижтимоий-маиший ҳамда томонлар бажарилиши зарур деб ҳисоблаган бошқа шартлар, мажбуриятлар акс эттирилади.

Амалдаги қонунчиликда таълим тизими ходимлари учун белгиланган имтиёзлар ва кафолатлар, ҳуқуқ ва бурчлар контракт тузган ходимга ҳам тўла тааллуқлидир.

Аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, боласи уч ёшга етгунга қадар парваришлаш бўйича таътилда бўлган вақти контракт бўйича иш муддатига қўшилмайди.


10. Контракт бўйича ишга қабул қилинганларнинг маоши миқдори чекланмаган, лекин у амалдаги қонунчилик бўйича мазкур лавозим учун назарда тутилган маошдан кам бўлмаслиги керак.

Контрактда меҳнат ҳақи миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, устамалар, мукофотлар, шу жумладан, йиллик меҳнат натижаларига кўра, бериш шартлари белгиланиши мумкин.


11. Контракт тузаётганда томонлар амалдаги қонунчиликда белгиланмаган қўшимча имтиёзларни: хўжалик ҳисоби даромади ҳисобига тўловларни, ҳар йиллик таътилда моддий ёрдам кўрсатишни, ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, шу жумладан, пенсияга чиқиши, ёши ёки касаллиги натижасида контракт тўхтатилган ҳолларда пул компенсацияси беришни назарда тутишлари мумкин.


12. Агар контрактда бошқа жойга ишга ўтиш назарда тутилган бўлса, томонлар кафолатларни ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилганидан паст бўлмаган миқдорларда тўланадиган компенсацияларни белгилайдилар.


13. Томонларнинг келишуви бўйича контрактда иш вақти ва дам олиш тартиби белгилаб қўйилиши мумкин. Бунда қонунчиликда белгиланган таътилнинг давом этиш муддати камайтирилиши мумкин эмас.


14. Контракт меҳнат ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган асослар бўйича ҳам, контрактда назарда тутилган асослар бўйича ҳам муддатидан илгари бекор қилиниши ёки тўхтатилиши мумкин.

Белгиланган шартлар асосида контракт бекор қилинган тақдирда ходим Ўзбекистон Республикаси меҳнат тўғрисидаги қонунлари кодекси 36-моддасининг 1-банди (томонларнинг битишуви) бўйича ишдан бўшатилади.


15. Контрактнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, томонларнинг битишувига кўра у янги муддатга узайтирилиши ёки тузилиши мумкин. Контракт муддати узайтирилмаган ёки қайта тузилмаган бўлса, муддатнииг тугаши ходимни Ўзбекистон Республикаси меҳнат тўғрисидаги қонунлари кодекси 36-моддасининг 2-банди бўйича ишдан бўшатиш учун асос бўлади. Бунда ўқув юртининг раҳбари тегишли кафедра, методик бирлашманинг фикрига асосланади.


16. Контрактни тузган томонлар ўртасидаги баҳслар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.