Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.12.1997 й. 558-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 23 декабрдаги

558-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда

уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш

давлат тизими тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда* уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ)нинг асосий вазифаларини, уни ташкил этиш, унинг таркиби ҳамда фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. ФЗДТ бошқарув органлари, республика ва маҳаллий ҳокимият органларини, аҳолини ва ҳудудларни** фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш ваколатига кирадиган корхоналар ва муассасаларнинг куч ва воситаларини бирлаштиради ҳамда фавқулодда вазиятларнинг*** олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш, улар юзага келганда аҳоли хавфсизлигини, атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда тинчлик ва ҳарбий даврда давлат иқтисодиётига зарарни камайтиришни таъминлашга мўлжалланган.


3. ФВДТ органлари ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Олий Мажлиснинг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруқлари ва кўрсатмаларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва мазкур Низомга амал қиладилар.


4. Қуйидагилар ФВДТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тинчлик ва ҳарбий даврда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ҳудудий ва иқтисодий меъёрий ҳужжатларнинг ягона концепциясини белгилаш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика ҳудудидаги мумкин бўлган техноген ва табиий фавқулодда вазиятларни прогнозлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга, одамлар хавфсизлигини таъминлашга, хавфли технологиялар ва ишлаб чиқаришларнинг таваккалчилигини пасайтириш, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, иқтисодиёт тармоқлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини оширишга қаратилган мақсадли ва комплекс илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

бошқарув органлари ва тизимларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун мўлжалланган куч ва воситаларининг доимий тайёрлигини таъминлаш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотларни йиғиш, ишлаб чиқиш, алмашиш ва бериш;

аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, ФВДТ кучлари ва воситаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид тадбирларни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида аҳолининг, шу жумладан уларни тугатишда бевосита қатнашган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш.


5. ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимлардан иборат бўлади ҳамда республика, маҳаллий ва объектлар миқёсидаги уч даражага эга бўлади.


6. ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизимлари ўз маъмурий ҳудудлари доирасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузилади ҳамда тегишли равишда туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар миқёсидаги бўғинлардан иборат бўлади.

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш, куч ва воситалари таркиби, фаолият кўрсатиш тартиби мазкур Низом; ушбу қуйи тизимлар тўғрисида маҳаллий геофизик ва табиий иқлим шароитларини, кучли хавфли объектларнинг мавжудлигини ҳисобга олиб ишлаб чиқиладиган низомлар билан белгиланади ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


7. ФВДТнинг функционал қуйи тизимлари вазирликлар, давлат қўмиталари, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва компанияларда атроф-табиий муҳит ва кучли хавфли объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилишни амалга ошириш, шунингдек идорага қарашли объектларда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун ташкил этилади ҳамда қуйи тизимларнинг давлат назорати (назорат-инспекция хизматлари) органлари, куч ва воситаларидан иборат бўлади.

ФВДТ функционал қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш ҳамда давлат назорати (назорат-инспекция хизматлари) органларининг таркиби, кузатиш ва назорат ташкилотлари ва бошқа бўлинмалари, фавқулодда вазиятларни тугатиш кучлари ва воситалари мазкур Низом, ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги вазирликлар ва идораларнинг атроф-табиий муҳит аҳволини кузатиш ва назорат қилиш соҳасидаги функциялари, идорага қарашли кучли хавфли объектлардаги ишлаб чиқариш технологияларининг хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқиладиган низомлар билан белгиланади ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишли вазирлар ва идоралар раҳбарлари томонидан тасдиқланади.


8. ФВДТнинг ҳар бир даражаси қуйидагиларга эга бўлади:

ФВДТ раҳбар органлари;

ФВДТ кундалик бошқарув органлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари;

хабар бериш, алоқа тизимлари, бошқарув ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизимлари (БАТ).


9. ФВДТ раҳбар органлари - бу аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш ваколатига кирадиган давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари ва объектлар маъмуриятидир:

республика даражасида - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

атроф-табиий муҳит ва кучли хавфли объектларнинг ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш учун масъул бўлган, шунингдек, таркибида кимёвий, портловчи, ёнғин чиқиши мумкин бўлган ва бошқа хавфли объектлар мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари;

объектлар даражасида - корхоналар (муассасалар, ташкилотлар) маъмурияти.

ФВДТ, унинг қуйи тизимлари ва бўғинларининг фаолият кўрсатишини ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича уларга юкланган вазифаларни бажаришга тайёрлиги учун тўлиқ жавобгарлик тегишли раҳбар органларга юкланади.


10. ФВДТнинг кундалик бошқарув органлари - бу ФВДТнинг тегишли ҳудудий ва функционал қуйи тизимларига ҳамда унинг бўғинларига бевосита кундалик бошқарувни амалга оширувчи бошқарув органларидир, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари;

шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари;

объектларнинг фавқулодда вазиятлар бўлимлари (шўъбалар ёки махсус тайинланган мансабдор шахслар);

вазирликлар ва идораларнинг давлат назорати органлари (назорат-инспекция хизматлари);

вазирликлар ва идораларнинг фавқулодда вазиятлар бўлимлари (шўъбалар ёки махсус тайинланган мансабдор шахслар);

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг танг вазиятларни бошқариш маркази;

ФВДТ раҳбар органларининг захирадаги бошқарув пунктлари (ЗБП);

фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари)нинг тезкор-навбатчилик хизматлари;

вазирликлар, идоралар ва объектларнинг навбатчи-диспетчерлик хизматлари.

ФВДТ кундалик бошқарув органларини жойлаштириш доимий дислокация пунктларида, шаҳар ва шаҳардан ташқаридаги ЗБП-ларда ташкил этилади, улар тегишли хабар бериш, алоқа, ахборотни ишлаб чиқиш ва узатишнинг рўйхатли воситалари билан жиҳозланади ҳамда уларга юкланган вазифаларни бажаришга доимий тайёр ҳолда сақланади.


11. Қуйидагилар республика даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

табиий фавқулодда вазиятлар оқибатларини имкони борича пасайтирувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга раҳбарлик қилиш, фавқулодда вазиятлар шароитларида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда алоҳида муҳим кучли хавфли объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишларини таъминлаш;

кучли хавфли объектлар учун техник ҳужжатларнинг суғурта жамғармасини тузиш ишларини ташкил этиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида республика мақсадли ва илмий-техник дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

республика марказлаштирилган хабар бериш тизимини, шунингдек, ахборот билан таъминлаш ва бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими (БАТ)ни яратиш ва уни доимий тайёр ҳолда сақлаш;

алоқа, радио, телевидение ва бошқа техника воситаларининг давлат ва идоравий каналларидан бошқариш ва ахборотни узатиш учун марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

кимёвий ва бошқа кучли хавфли объектларда ҳамда уларга ёндош ҳудудларда хабар бериш ва ахборотларнинг маҳаллий тизимини, шунингдек, сув омборларининг гидротехник иншоотларида сигнализация ва хабар беришнинг маҳаллий автоматлаштирилган тизимларини лойиҳалаштириш ва яратишни назорат қилиш;

атроф-табиий муҳит ҳамда кучли хавфли объектларнинг ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш тизимини ташкил этиш, фавқулодда вазиятларни прогнозлаш;

бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, ФВДТ кучлари ва воситаларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш;

юзага келган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, мумкин бўлган оқибатлари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этишга оид қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларнинг тўпланишини ва алмашилишини ҳамда хабар қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;

авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни, шу жумладан эвакуация ишларини ўтказишга оид тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш, зарар кўрган аҳоли учун ҳаёт шароити яратиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилинган вазирликлар ва идоралар, куч ва воситаларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун республика (идора) молиявий ва моддий ресурслар захирасини, шунингдек ФВДТнинг махсус суғурта жамғармасини тузишга ва ундан фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга оид тадбирларни амалга оширишда қатнашиш;

фавқулодда вазиятларда идорага қарашли объектларнинг раҳбарлари таркиби, куч ва воситаларини, шунингдек ходимларини тайёрлашни мувофиқлаштириш;

ишлаб чиқариш ва технологиялар хавфсизлиги, шунингдек ходимларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг тармоқ нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

авария-қутқарув тузилмалари ва қутқарувчиларни аттестациядан ўтказишни ташкил этиш.


12. Қуйидагилар маҳаллий даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, фавқулодда вазиятлар шароитларида кучли хавфли объектлар ишининг ишончлилигини таъминлашга оид ташкилий ва муҳандислик-техника тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тугатиш бўйича ҳудудий (вилоят) мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

вилоят ичидаги алоқа ва хабар бериш тизимлари, шунингдек бошқарувнинг ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизими (БАТ)ни ташкил этиш ва доимий тайёр ҳолда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун алоқа, радио, телевидение ҳамда бошқа техника воситаларининг давлат вилоят ва идоравий каналларидан марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда кимёвий ва бошқа кучли хавфли объектлар ва уларга ёндош ҳудудларда хабар бериш ва ахборотнинг маҳаллий тизимларини, шунингдек сув омборларининг гидротехник иншоотларида сигнализация ва хабар беришнинг маҳаллий автоматик тизимларини яратиш;

атроф-табиий муҳитнинг ҳолатини, кучли хавфли объектлардаги вазиятни доимий кузатиш ва назорат қилишни таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогнозлаш;

бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, куч ва воситаларнинг фавқулодда вазиятлар чоғидаги ҳаракатларга тайёрлигини таъминлаш;

юзага келган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, етказиши мумкин бўлган оқибатлар, уларни бартараф этишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни хабар қилиш, тўплаш ва алмашишни таъминлаш ҳамда назорат қилиш;

ҳудудий (вилоят) қуйи тизимларнинг, шунингдек фавқулодда вазиятлар чоғида авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш бўйича кўнгилли тузилмаларнинг куч ва воситаларига раҳбарлик қилиш ва ҳаракатини таъминлаш, ишларга меҳнатга лаёқатли аҳолини жалб қилишни ташкил этиш;

аҳолини эвакуация қилиш (вақтинча олиб чиқиш), жойлаштириш, эвакуация қилинган аҳолини ҳаётий таъминлаш ҳамда уларнинг фавқулодда вазиятлар бартараф этилгач доимий яшаш жойларига қайтишини режалаштириш ва амалга ошириш;

ўта танг хавфли зоналардаги аҳоли пунктларида ва хўжаликларда яшовчиларни хавфсиз жойларга доимий яшаш учун кўчириш ҳамда уларнинг ҳаётий фаолиятини ҳар томонлама таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга оид тадбирларни амалга ошириш; фуқаролар, уларнинг уй-жойлари ва мулкларини мақсадли суғурта қилишни ташкил этиш;

аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашга раҳбарлик қилиш.


13. Қуйидагилар объектлар даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, объектлар ишининг фавқулодда вазиятлар чоғида ишончлилиги ва барқарорлигини оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

кимёвий ва бошқа кучли хавфли объектларда хабар қилиш ва ахборотнинг маҳаллий тизимларини, шунингдек гидротехник иншоотларда сигнализация ва хабар қилишнинг маҳаллий автоматик тизимларини яратиш ишларини ташкил этиш;

бошқарув органларининг, объектлар куч ва воситаларининг фавқулодда вазиятлар чоғидаги ҳаракатларга тайёрлигини таъминлаш;

хабар қилиш, ахборот тўплашни таъминлаш ва назорат қилиш, юзага келган фавқулодда вазият, унинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, етказиши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ва зарур ёрдам тўғрисида юқори органларга маълумот бериш;

авария-қутқарув ҳамда бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларга, шу жумладан объектлар ходимларини эвакуация қилишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

объектларнинг раҳбарлар таркиби, куч ва воситалари, шунингдек ходимларини фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатларга тайёрлашни ташкил этиш.


14. ФВДТнинг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича куч ва воситалари қуйидагилардан иборат бўлади:

фуқаро муҳофазаси қўшинлари;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган тузилмалари;

вазирликлар ва идораларнинг ҳарбийлаштирилган ҳамда профессионал ихтисослаштирилган авария-қутқарув ва авария-тиклаш бўлинмалари;

маҳаллий ҳокимият органларининг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчи командаларининг тузилмалари;

объектларнинг ихтисослаштирилган тузилмалари;

ҳудудий ва объектларнинг ҳарбийлашмаган умумий ва махсус мақсадлардаги тузилмалари;

Қизил Ярим ой Жамиятининг кўнгиллилар отрядлари (командалари, гуруҳлари);

"Ватанпарвар" мудофаага кўмаклашувчи ташкилоти.


15. Фуқаро муҳофазаси қўшинлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бўйсунади ҳамда ўз тезкор йўналишларига мувофиқ ҳарбий даврда республиканинг муҳим мудофаа ва саноат объектларида фавқулодда вазиятларни тугатишга оид ишларни олиб борадилар.

Тинчлик даврида фуқаро муҳофазаси қўшинлари йирик кўламдаги ишлаб чиқариш авариялари, ҳалокатлар, стихияли офатлар чоғида авария-қутқарув ҳамда бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ва махсус приборлар, техникалар, асбоб-ускуналар ва тайёрланган мутахассисларни талаб этувчи фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун жалб этилади.


16. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тўғридан-тўғри бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган тузилмалари профессионал мутахассислар билан тўлдирилган ва жаҳон стандартларига жавоб берувчи махсус қидирув приборлари ҳамда қутқариш ускуналари билан жиҳозланган, шунингдек энергия таъминоти, махсус кийим-бошларнинг мустақил манбалари, етарлича сув, озиқ-овқат ҳамда қидирув-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни автоном режимда камида 72 соат ичида таъминлашни ҳисоб-китоб қилиниб чиқарилган харажат материалларига эга бўлган доимий тайёргарликдаги авария-қутқарув ва авария-тиклаш кўп тармоқли тузилмаларини ўз ичига олади.


17. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган тузилмалари ИИВ республика ёнғинга қарши ҳарбийлашган махсус отряди, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика тезкор тиббий ёрдам республика маркази, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси авиаотряди, "Ўзавтотранс" давлат корпорацияси, "Тошшаҳарйўловчитранс" уюшмасининг автосанитария отрядлари ҳамда вазирликлар ва идораларнинг фавқулодда вазиятларни тугатиш ва ФВДТ кучлари ҳаракатларини ва тадбирларини таъминлаш учун мўлжалланган бошқа таркибий бўлинмаларини ўз ичига олади.

Тезкор бўйсунадиган тузилмаларнинг вазифалари, тайёгарлик муддатлари, уларни жалб этиш тартиби ушбу тузилмаларнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳаракат режалари ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар билан шартномалар орқали белгиланади.


18. Вазирликлар ва идораларнинг ҳарбийлаштирилган ва профессионал авария-қутқарув, авария-тиклаш ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари идорага қарашли объектларда ишлаб чиқариш-технология авариялари ва ҳалокатлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, шунингдек эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар юзага келганда махсус вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган.

Вазирликлар ва идораларнинг ёнғин, кон, газ-қутқарув, қурилиш, қурилиш-монтаж, тиббиёт ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари ва ташкилотлари негизида фавқулодда вазиятларни маҳаллийлаштириш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича биринчи навбатдаги ишлар учун доимий тайёр ҳолдаги идоравий тузилмалар тузилиши мумкин.

Доимий тайёр ҳолдаги идоравий тузилмалар идорадан ташқари авария объектларидаги фавқулодда вазиятларни тугатиш ишларига амалдаги харажатларни қоплаган ҳолда контракт асосида жалб этилади.


19. Ҳудудий қуйи тизилмаларда - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда - фуқаро муҳофазаси бошлиқлари - Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Раиси ҳамда тегишли ҳокимлар қарорлари билан геофизик, табиий-иқлим ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш, монтаж-қурилиш, автокорхоналар ва бошқа ташкилотлар негизида маҳаллий бошқарув органларининг ҳудудий авария-қутқарув ва авария-тиклаш тузилмалари, шунингдек Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят (шаҳар, туман) автоотрядлари, тезкор тиббий ёрдам марказлари, қутқарув командалари ташкил этилади.


20. Корхоналар раҳбарларининг қарорлари билан кучли хавфли объектларда мавжуд ихтисослаштирилган хизматлар ва бўлинмалар (қурилиш, кимё, тиббий ва бошқалар) негизида бевосита объектларда авария-қутқариш ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш учун мўлжалланган штатсиз ихтисослаштирилган авария-қутқариш ва авария-тиклаш тузилмалари тузилади.


21. Ҳарбий даврда аҳолини ва ҳудудларни муайян душманни мағлубиятга учратишнинг замонавий воситаларини қўллаш оқибатларидан ҳимоя қилиш, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ва объектлардаги авариялар, ҳалокатлар ва стихияли офатлар оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда ҳодисаларни бартараф этиш бўйича вазифаларни бажариш учун фуқаро муҳофазаси бошлиқлари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва тегишли ҳокимларнинг қарорлари билан умумий ва махсус мақсадлардаги ҳудудий ҳамда объектларнинг ноҳарбий тузилмалари тузилади.

Кўрсатиб ўтилган ноҳарбий тузилмалар алоҳида вазиятларда тегишли фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг қарорига биноан, шу каби фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишга тинчлик даврида ҳам жалб этилиши мумкин.


22. ФВДТ қурилмаси принципи, тузилмаси, куч ва воситалари таркиби, унинг махсус техника, асбоб-ускуналар, приборлар ҳамда транспорт воситалари билан рўйхатли жиҳозлашни, молиявий таъминланиши, фавқулодда вазиятларни тугатиш чоғидаги тайёргарлик муддати ва вазифаларни бажариш тартиби Давлат ягона тезкор қутқарув хизмати тўғрисида Низом билан тартибга солинади.


23. Йирик кўламли табиий ва техноген фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор қутқарув ишларини бажариш ҳамда зарар кўрган аҳолига биринчи навбатда ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Мудофаа вазирлигининг муҳандислик, кимё, сапёр ва бошқа ҳарбий бўлинмалари, ҳарбий-транспорт авиацияси ҳамда тиббий хизмат муассасалари жалб этилиши мумкин.


24. ФВДТнинг ахборот-бошқарув қуйи тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг танг вазиятларни бошқариш маркази;

ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ахборот-таҳлил марказлари;

атроф-табиий муҳитнинг ва кучли хавфли объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш органларининг ахборот марказлари;

захирадаги шаҳардан ташқари ва шаҳар бошқарув пунктлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситаларини бошқаришнинг ҳаракатланувчи пунктлари;

алоқа ва ахборот узатиш воситалари, шу жумладан бошқариш ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизими.

Ахборот-бошқарув тизими қуйидагиларни таъминлаши лозим:

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларидан олинган сейсмологик, геологик, гидрометеорологик хавфли кўринишлар, сенсат ва транспортдаги авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, эпифитотиялар, радиоактив, кимё ва биологик (бактериологик) аҳвол тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш (таҳлил қилиш, сақлаш);

раҳбар органлар, ФВДТнинг кундалик бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш фактлари, хусусиятлари, ривожланиш кўламлари ва кечиши, кўрилиши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби тўғрисида хабар қилиш ва ахборот бериш;

ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинлари, ФВДТнинг раҳбарлик қилувчи бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, фавқулодда вазиятларни тугатиш кучлари ва воситалари ўртасида ўзаро ахборотлар алмашиш.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги ахборотларнинг мезонлари, мазмуни ва кўринишлари, ФВДТга, қуйи тизимлари ва бўғинларига, шунингдек аҳолига етказиш муддатлари ва тартиби фавқулодда вазиятлар хавфи бўлганда ва улар юзага келганда вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва объектлар томонидан ФВДТга кундалик фаолиятда етказиладмган ахборотлар рўйхати билан белгиланади.


25. Прогнозлаштирилаётган ёки юзага келган фавқулодда вазиятларнинг аҳволи, кўламларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи - Фавқулодда вазиятлар вазири, тегишли фуқаро муҳофазаси бошлиқлари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан муайян ҳудудлар доирасида ФВДТ фаолият кўрсатишининг қуйидаги режимларидан бири ўрнатилади:

кундалик фаолият режими - меъёрдаги ишлаб чиқариш-саноат, радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик), сейсмик ва гидрометеорологик вазиятда, эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар бўлмаганда;

юқори тайёргарлик режими - ишлаб чиқариш-саноат, радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик), сейсмик ва гидрометеорологик вазият ёмонлашганда, фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкинлиги тўғрисида прогноз олинганда;

фавқулодда режим - фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва фавқулодда вазиятлар даврида,


26. ФВДТ фаолият кўрсатиши чоғида амалга ошириладиган асосий тадбирлар:

а) кундалик фаолият режимида:

атроф-табиий муҳит аҳволини, кучли хавфли объектлар ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш, етказилиши мумкин бўлган зарар ва зиённи қисқартириш бўйича, шунингдек фавқулодда вазиятларда саноат объектлари ва саноат тармоқларининг фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш бўйича мақсадли ва илмий-техник дастурлар ҳамда чора-тадбирларни режалаштириш ва бажариш;

фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарув органларини, кучлар ва воситаларни фавқулодда вазиятлар чоғидаги ҳаракатларга тайёрлашни такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлар чоғида муҳофаза қилиш усуллари ва ҳаракат қилишга ўргатишни ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ва тўлдириш;

суғуртанинг мақсадли турларини амалга ошириш;

б) юқори тайёргарлик режимида:

фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи тўғрисида бошқарув органларига хабар бериш ва аҳолини хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятлар бўйича тегишли бошқарув органларининг ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинлари фаолиятига раҳбарликни ўзларига олиши, зарур ҳолларда вазиятнинг ёмонлашиши сабабларини аниқлаш учун офат юз бериши мумкин бўлган районларда тезкор гуруҳларни ташкил этиш;

ФВДТ раҳбарлари таркибининг доимий дислокация пунктларида кеча-кундуз навбатчиликни жорий этиш;

вилоятлар, шаҳарлар, туманлар фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармалари (бўлимлар)нинг тезкор-навбатчи хизматларини ҳамда вазирликлар, идоралар ва объектларнинг навбатчи-диспетчерлик хизматларини кучайтириш;

атроф-табиий муҳитнинг аҳволи, кучли хавфли объектлар ва уларга ёндош бўлган ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни кучайтириш, фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши эҳтимолларини, уларнинг кўламлари ва оқибатларини прогнозлаш;

фавқулодда вазиятларда аҳоли ва атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек объектлар ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

кучлар ва воситаларни тайёр ҳолга келтириш, уларнинг ҳаракат режаларини аниқлаштириш ҳамда зарур бўлганда мўлжалланаётган фавқулодда вазиятлар районига силжитиш;

в) фавқулодда режимда:

фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида бошқарув органларига хабар бериш ва аҳолини хабардор қилиш;

тезкор гуруҳларни фавқулодда вазиятлар районига силжитиш;

аҳолини муҳофаза қилишни ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишни ташкил қилиш;

фавқулодда вазиятлар зоналари чегараларини белгилаш;

саноат тармоқлари ва объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, зарар кўрган аҳолининг ҳаётини таъминлаш ишларини биринчи навбатда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлар районларидаги атроф-табиий муҳитнинг аҳволи, авария объектлари ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни узлуксиз назорат қилишни амалга ошириш.


27. Фавқулодда вазиятларни тугатиш учун қуйидаги маблағлардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фавқулодда вазиятларни бартараф этишга захирадаги молиявий жамғармаси ва фавқулодда вазиятларни тугатиш чоғида биринчи навбатдаги ишларни амалга ошириш учун давлат захираси таркибида йиғиладиган моддий ресурслар захиралари - республика бюджети маблағлари ҳисобидан;

идоравий молиявий ва моддий ресурслар захираси - вазирликлар ва идоралар маблағлари ҳисобидан;

маҳаллий ҳокимият органларининг молиявий ва моддий ресурслари захираси - маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан;

объектларнинг молиявий ва моддий ресурслари захираси - корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан;

Қизил Ярим ой Жамиятининг стихияли офатлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун биринчи навбатда зарур бўлган товарлар омборлари ва захиралари тизимлари.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар заҳиралари номенклатураси ва ҳажмлари уларни ташкил этган орган томонидан белгиланади.


28. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш улар балансида турадиган авария объектлари, вазирликлар ва идораларнинг, ҳудудида фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳокимликларнинг кучлари ва воситалари билан амалга оширилади.


29. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш объектларнинг, вазирликлар (идоралар) ва ҳокимликларнинг тезкор гуруҳлари (мутахассислари) раҳбарларининг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади.


30. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишда, агар бу бирлашмаларнинг қутқарувчиларида аттестация тартибида тасдиқланган тегишли тайёргарлик мавжуд бўлса, жамоат бирлашмалари иштирок этишлари мумкин.


31. Агар фавқулодда вазиятларнинг кўламлари мавжуд кучлар ва воситалар билан уни маҳаллийлаштириш ва бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолда бўлса зарур ёрдам кўрсатиши ёки ушбу фавқулодда вазиятни бартараф этишга раҳбарликни ўзига олиши мумкин бўлган ФВДТнинг юқори раҳбар органига ёрдам сўраб мурожаат қилинади.

Тегишли вазирликлар (идоралар) ва ҳокимликларнинг куч ва воситалари етарли бўлмаган тақдирда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кучлари ва воситалари жалб этилади.

Алоҳида вазиятларда фавқулодда вазиятларни ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун Ҳукумат комиссияси ташкил қилиниши мумкин.


32. Юзага келган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ресурслар етарли бўлмаган тақдирда улар объект маъмурияти, вазирлик (идора) ёки ҳокимлик раҳбариятининг талабномасига биноан ФВДТнинг бошқа захираларидан ажратилиши мумкин.


33. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича, тармоқлар ва объектлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш бўйича мақсадли дастурларни маблағ билан таъминлаш ҳар бир даражада тегишли бюджетлар, вазирликлар (идоралар) ва объектлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлаш фавқулодда вазиятлар зоналарида жойлашган объектларнинг маблағлари, вазирликлар ва идораларнинг маблағлари, тегишли бюджетлар, суғурта жамғармалари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Кўрсатилган маблағлар мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилади.


34. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келганда зиён ва зарарлар миқдорини камайтириш бўйича олдиндан чоралар кўриш мақсадида ҳаракат қилишнинг республика, идора режалари, ҳокимликлар ва объектларнинг ҳаракат қилиш режалари, шунингдек ФВДТнинг барча даражаларида ўзаро биргаликда ҳаракат қилиш режалари ишлаб чиқилади.

ФВДТ ҳаракатларини режалаштиришга ташкилий-услубий раҳбарликни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги амалга оширади.


-------------------------

* Фавқулодда вазият - муайян ҳудудда ўзидан сўнг одамларнинг қурбон бўлиши, одамлар соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зиён етказиши, кишиларнинг ҳаёт фаолиятига каттагина моддий зарар ҳамда унинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, стихияли ёки экологик офат, эпидемиялар, эпизиотиялар, энифототиялар натижасида юзага келган ҳолат.

** Ҳудуд - бу ер, сув, ҳаво макони ёки унинг бир қисми, ишлаб чиқариш ва ижтимоий мақсадлардаги объектлар, шунингдек атроф-табиий муҳит.

*** Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - бу фавқулодда вазиятлар юзага келганда амалга ошириладиган ҳамда одамларни қутқариш ва кишилар соғлиғини сақлаш, атроф-табиий муҳитга зарарнинг ҳамда моддий зарарларнинг миқдорларини камайтириш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймаслик, улар учун хос бўлган хавфли омиллар таъсирини бартараф этишга йўналтирилган авария-қутқарув, бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар мажмуи.

Ижтимоий-сиёсий можаролар ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар оқибатида зарарланган объектлар ва ҳудудларни тиклаш ҳаракатлари ФВДТ ваколатига кирмайди.