Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.05.1996 й. 188-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 23 майдаги

188-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни

ривожлантириш қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом "Монополистик фаолиятни чеклаш тўғрисида"", "Табиий монополиялар тўғрисида" ва "Истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш", "Реклама тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунларига, Ўзбекистон Республикасининг Қўмита фаолиятига тегишли бўлган бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг асосий вазифалари, функциялари ва ваколатларини белгилаб беради.

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси рақобатни ривожлантириш, монополистик фаолиятни, табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солиш, чеклаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини, рекламани муҳофаза қилиш соҳасидаги сиёсатни ўтказиш бўйича давлат бошқарув органи ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бевосита бўйсунади.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

монополияга қарши қонунчиликка ва истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

рақобатни ва тадбиркорликни ривожлантириш асосида бозор муносабатлари шаклланишига кўмаклашиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополистик фаолиятнинг, товар ва молия бозорларида устунлик мавқеининг суиистеъмол қилинишининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик, ноҳалол рақобатга ва истеъмолчилар манфаатларининг камситилишига барҳам бериш чора-тадбирларини кўриш.

табиий монополия субъектлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш.

реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан давлат назорати.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси:

монополияга қарши қонунчиликка, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, уларнинг бузилиши ҳолларини кўриб чиқади ва улар бўйича белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини яратишга ягона методологик ёндашувни, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари, давлат бошқаруви маҳаллий органлари томонидан монополиядан чиқариш тармоқ ва минтақавий дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши мувофиқлаштириб борилишини таъминлайди;

монополист корхоналарнинг Давлат реестрини юритади;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга ва ноҳалол рақобатнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда ва тартибда юридик шахслар бирлашмаларининг ташкил этилиши, қўшилиши ва бирлашиши, хўжалик субъектларининг молия-саноат гуруҳлари ва холдинг компанияларини ташкил этган ҳолда қўшилиши ва бирлашиши устидан назоратни амалга оширади;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда ва тартибда, хўжалик юритиувчи субъектнинг устав капиталидаги акциялар, улушларни овоз бериш ҳуқуқи билан сотиб олиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектнинг тадбиркорлик фаолиятини юритиш шартларини белгиловчи ҳуқуқларни ёхуд унинг ижро этувчи органи вазифасини амалга ошириш ҳуқуқларини сотиб олиш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқади;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонунчилик қўлланилиши амалиётини умумлаштиради, уни такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқади;

монополияга қарши курашишни тартибга солиб бориш ва истеьмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасидаги чет эл тажрибасини таҳлил этади;

ишда ошкораликни таъминлайди, Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари, шу жумладан ихтисослашган даврий нашрлар орқали иқтисодиётни монополиядан чиқариш, рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари қандай амалга оширилаётганлигидан аҳолини хабардор қилиб боради;

унинг натижасида табиий монополия субъекти асосий воситалар учун мулкчилик ҳуқуқига ёки уларга нисбатан давлат йўли билан тартибга солиш қўлланиладиган товарлар ишлаб чиқариш (сотиш) мақсадга мўлжалланмаган асосий воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладиган битишувлар устидан назоратни амалга оширади, башарти бундай асосий воситаларнинг баланс қиймати табиий монополия субъекти ўз сармояси қийматининг ўн фоизидан ортиқ бўлса;

истеъмолчига лизинг асосида асосий воситалар берилишини назорат қилади;

унинг натижасида табиий монополия субъекти бошқа хўжалик юритувчи субъктга мулкчилик ҳуқуқини ёки уларга нисбатан мазкур Қонунга мувофиқ тартибга солиш қўлланиладиган товарлар ишлаб чиқариш (сотиш) учун мўлжалланган асосий воситаларнинг бир қисмига эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш ҳуқуқини берадиган битишувлар устидан назоратни амалга оширади, башарти ушбу асосий воситаларнинг баланс қиймати табиий монополия субъекти ўз сармояси қийматининг ўн фоизидан ортиқ бўлса;

мажбурий хизмат кўрсатиладиган истеъмолчиларни белгилайди ва (ёки) истеъмолчиларни табиий монополия субъекти томонидан реализация қилинадиган товар, иш, хизмат билан тўлиқ ҳажмда қондириш имкони бўлмаган тақдирда улар таъминотининг энг кам даражасини белгилайди;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўл қўйилган ишончсиз реклама ҳолларининг олидини олади, уларга барҳам беради;

реклама берувчиларга, реклама ишлаб чиқарувчилар ва реклама тарқатувчиларга қонунчиликни бузилишини тўхтатиши тўғрисидаги кўрсатмаларни аксилреклама амалга оширилиши ҳақидаги қарорларни юборади;

реклама истъмочиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишончсиз реклама бўйича содир этиладиган битишувларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга ёки хўжалик судига даъво беради;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хўжалик юритувчи субъектларга монополияга қарши қонунчилик бузилиши тўхтатилиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўхтатилиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўхтатилиши ёки уларнинг оқибатлари бартараф этилиши, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши тўхтатилиши ҳақида, дастлабки ҳолат тикланиши, монополияга қарши қонунчиликка зид бўлган шартномаларнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

давлат бошқаруви органларига ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларига улар томонидан монополияга қарши қонунчиликка зид равишда қабул қилинган ҳужжатларни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида талаблар қўйиш;

Қўмитага келишиш учун тақдим этиладиган корхоналарни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисидаги қарорлар лойиҳалари, шунингдек товар ва молия бозорларида устунлик мавқеини эгаллаб турган давлат корхоналарини хусусийлаштириш режалари юзасидан хулосалар бериш;

товар ва молия бозорларида хўжалик юритувчи субъектларнинг устунлик мавқеини белгилаш;

хўжалик юритувчи субъектларни ва уларнинг раҳбарларини, шунингдек, мансабдор шахсларини монополияга қарши қонунчиликни, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ёки монополияга қарши органнинг ёзма кўрсатмаларини бажармаганлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисида ўз ваколатларига мувофиқ қарорлар қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хўжалик юритувчи субъектларга ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жарима солиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Қўмита ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига монополистик фаолиятни чеклаш, бозорларни, рақобатни ривожлантириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масаласига тегишли қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳалари, таҳлилий материаллар ва таклифлар бўйича хулосалар тақдим этиш;

монополияга қарши қонунчилик ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши, шу жумладан, монополияга қарши қонунчиликка зид бўлган шартномаларини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга мурожаат қилиш, шунингдек, монополияга қарши қонунчиликни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш ва уларни бузиш билан боғлиқ ишлар суд томонидан кўриб чиқилаётганида қатнашиш;

монополияга қарши қонунчилик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари муҳофаза қилишни ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ жиноят белгилари бўйича жиноий иш қўзғаш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун материалларни прокуратура органларига юбориш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг маълумотлари асосида Монополист бирлашмалар (корхоналар) давлат реестирини шакллантириш тартибини белгилаш;

монополияга қарши қонунчилик бузилиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш натижасида олинган фойда (даромад)ни, агар кўрсатиб ўтилган сумма текшириш пайтгача харидор (буюритмачи)га қайтарилмаган ёки тегишли бюджетга ўтказилмаган бўлса, уларни мусодара қилиш ва тегишли бюджетга ўтказиш;

нархлар (тарифлар)ни ва устамаларни шакллантириш ҳамда уларни қўллаш натижасида олинган маблағларни мусодара қилиш ва бюджетдан ташқари махсус счётга ўтказиш, шунингдек, нархларни бузиш натижасида олинган сумма миқдорида иқтисодий санкциялар қўллаш;

ортиқча олинган сумма мусодара қилиш тўғрисидаги қарор олинган пайтдан бошлаб хўжалик юритувчи субъект томонидан ўттиз кун муддатда ўтказилади, маблағлар белгиланган муддатда ўтказилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъект муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун мусодара қилинадиган сумманинг 0.15 фоизи миқдорида пеня тўлайди. Агар кечикиш банк айби билан (хўжалик юритувчи субъект тўлов топшириқномаси келган кундан бошлаб уч кундан ортиқ вақт ўтган бўлса) содир этилган бўлса 0.15 фоиз миқдоридаги пеня банк томонидан тўланади.

Маблағлар шак-шубҳасиз тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ёки маҳаллий молия органлари томонидан олиб қўйилади;

агар Қўмитанинг жарима солиш тўғрисидаги қарорини зудлик билан бажариш корхонани банкротликка олиб бориши мумкин бўлса, хўжалик юритувчи субъектга жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш;

монополияга қарши қонунчиликка, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари муҳофаза қилишни ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига оид норматив актлар ва услубий ҳужжатларни берилган ваколатлар доирасида тасдиқлаш;

чет мамлакатларнинг давлат органлари ва ҳукуматта қарашли бўлмаган ташкилотлари билан, шунингдек, Қўмита ваколатига тегишли масалалар бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни амалга ошириш;

монополияга қарши сиёсат ўтказиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни амалга ошириш масалаларига оид халқаро лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқишда ва уларни амалга оширишда иштирок этиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

монополияга қарши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари муҳофаза қилишни ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

6. Қўмита ваколати доирасида қабул қилинган қарорлар ва кўрсатмалар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бирлашмалари, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг бажаришлари учун мажбурий ҳисобланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан вакил қилинган шахслар қўмитага юкланган функцияларни бажариш мақсадида барча зарур ҳужжатлар билан танишиш учун вазирликларга, идораларга, бошқарувнинг бошқа органларига, шунингдек, корхоналарга, ташкилотларга ва уларнинг бирлашмаларига ҳеч қандай тўсиқсиз кириб бориш ҳуқуқига эгадирлар.

Қўмита ходимлари хизмат, вазифаларини бажариш чоғида давлат ҳокимияти вакиллари ҳисобланадилар. Уларнинг шахсий ва мулкий ҳқуқлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан тенг равишда қонун билан муҳофаза қилинади.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасига Қўмита раиси - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари бошчилик қилади. Қўмита раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган раиснинг икки нафар ўринбосарига, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарига ва 7 кишидан иборат ҳайъатга эга бўлади. Ҳайъат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тасдиқланадилар. Ҳайъат қарорлари Қўмита раисининг буйруқлари билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси Қўмитани бошқаради ва Қўмитага юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради. Қўмита раиси раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида қўмита марказий аппарати тузилмасини ва штатлар жадвалини, шунингдек таркибий бўлинмалар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси Қўмита ходимлари ва унинг ҳудудий бошқармалари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва йўриқномалар чиқаради, кўрсатмалар беради, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳолларда бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган фармойишлар беради.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикасида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасини, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида - ҳудудий бошқармаларни ташкил этади. Туман (шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларида монополияга қарши қонунчиликка ва истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бўйича инспекторлар лавозими жорий этилади.

Кўрсатиб ўтилган ҳудудий органлар тўғрисидаги низомлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда қўмита томонидан тайинланади.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бўйича ҳудудий органлар ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, шунингдек тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига ҳисоб берадилар.

Ҳудудий органларнинг бошлиқлари Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадилар.

Туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг монополияга қарши қонунчиликка ва истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бўйича инспекторлари тегишли туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари тавсияномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаларининг бошлиқлари томонидан тайинланадилар.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси юридик шахс ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа счётларига эга бўлади.