Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.10.1991 й. 269-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1991 йил 25 октябрдаги

269-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа ишлари вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ республиканинг давлат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган. Мудофаа ишлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳарбий комиссарлиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаро мудофааси штаби, Ўзбекистон Республикаси ДОСААФ Марказий Қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Армия сафидан ташқари хизматлар бўйича махсус бошқармаси негизида тузилган.

Мудофаа ишлари вазирлиги республика ҳудудида жойлашган СССР Мудофаа вазирлиги ва ички қўшинлар ҳарбий қисмларини, қўшилмаларини тузишда ва уларга раҳбарлик қилишда иштирок этади, коллектив хавфсизликни яратишда ва ССР Иттифоқининг стратегик қўшинларини сақлашда иштирок этишни таъминлайди.

Миллий гвардияни бутлаш, чақириладиган ёшларни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш ва ўташ, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги, заҳирадаги ҳарбий хизматга мажбур кишиларни ўқитиш, муқобил хизматни ташкил этиш, фуқаро мудофаасига раҳбарлик қилиш масалалари унинг ҳуқуқ доирасига киради.


2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, республика Олий Кенгашининг бошқа актларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг карорлари ва фармойишларига амал қилади.

Вазирлик мудофаа масалалари бўйича амалдаги қонунларнинг тўғри қўлланилишини таъминлайди, уни такомиллаштиришга сид таклифларни ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун киритади. Республика ҳудудида қўшинларнинг (кучларнинг) бўлиши тўғрисида келишувлар бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


3. Мудофаа ишлари вазирлиги ўз асосий вазифаларини бажариш учун:

республика ҳудудида қўшин сафарбарлигини ўтказишга тайёргарликни, республика ва ССР Иттифоқи мудофааси манфаатлари йўлида киши ва халқ хўжалиги ресурсларини ҳисобга олишни, республика халқ хўжалиги учун кадрларни банд қилишни таъминлайди;

миллий гвардияни бутлайди, уни ўқитишни ва жанговар тайёргарликни таъминлашни ташкил этади;

тинчлик ва уруш даврида республикада фуқаро мудофааси бўйича прогнозлар лойиҳаларини ишлаб чиқади, фуқаро мудофааси моддий-техника базасининг кўпайиши ва ривожланишини, тинчлик ва уруш даврида фавқулодда ҳолатларда фуқаро мудофаасининг ҳаракатга тайёр ҳолда туришини таъминлайди;

ҳарбий билим юртларини бутлаш билан шуғулланади, олий ўқув юртлари ҳарбий кафедраларининг, ҳарбий тайёргарлик кучайтирилган мактабларнинг фаолиятини йўналтириб боради;

муқобил хизматни ташкил этиш масалаларини ҳал қилади;

уруш қатнашчиларига, Қуролли Кучлар фахрийларига, байнал-милалчи жангчиларга имтиёзлар бериш устидан назорат олиб боради;

республикада турган ҳарбий қисмлар, ҳарбий идоралар ва муассасаларни жойлаштиришга, тартибга келтиришга ёрдам беради;

республикада жойлашадиган ҳарбий қисмлардаги шахсий составнинг хизмат ва жанговар тайёргарлигининг ҳамда интизомининг юксак даражада бўлишини таъминлашда иштирок этади;

фуқароларни ҳақиқий хизматга чақириш, СССР Мудофаа вазирлиги билан чақирилувчилар сони бўйича битимлар тузиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади;

республика ҳудудида машқлар, манёврлар ўтказиш, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий иншоотларни қайта жойлаштириш ва жойлаштириш масалаларини келишиб олади;

чақириқни режалаштиради ҳамда чақирилувчиларни қўшин турлари ва хиллари бўйича тақсимлайди;

Қуролли Кучлар сафларига фуқароларни чақиришни ташкил этишда чақирув комиссияларига ёрдам беради ва назоратни амалга оширади;

ҳарбий хизматчиларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни, уларга ва уларнинг оила аъзоларига имтиёзлар бериш устидан назоратни таъминлайди;

Қуролли Кучлар учун махсус кишиларни тайёрлаш бўйича ишларни йўналтириб боради;

ҳарбий таълим олган ресурсларнинг тўпланишини, ҳарбий хизматга мажбур заҳирадагиларни ўқитишни ва қайта тайёрлашни ташкил этади;

республика ўқув юртларида ёшларни бошланғич ҳарбий тайёрлашга раҳбарлик қилади;

аҳолини, айниқса ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ишларни ташкил этади;

ҳарбий қисмлардаги ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар ва маълумотларни жойларда кўриб чиқишда бевосита қатнашади;

ҳарбий қисмлар билан оталиқ алоқаларини ташкил этади.


4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти тайинлайдиган, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиғига киритиладиган вазир бошчилик қилади.

Вазир ўринбосарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги тизимида хизматни ўтовчи солдатлар, сержантлар, офицерлар, генераллар ва адмираллар СССР Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг барча ҳуқуқлари ва имтиёзларидан фойдаланадилар.


5. Мудофаа ишлари вазири:

ўзига бўйсунадиган тузилма бўлинмаларининг барча фаолиятига раҳбарлик қилади;

Мудофаа ишлари вазири ўз ҳуқуқи доирасида амалдаги қонунлар асосида ва уларни бажариш учун буйруқлар, директивалар, фармойишлар ва кўрсатмалар чиқаради ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил этади;

вазирлик таркибига кирувчи бошқармалар ва бўлимлар ҳақидаги низомларни тасдиқлайди, аппарат ходимларини белгиланган тартибда ишга тайинлайди ва ишдан бўшатади;

тузилма бўлинмалари раҳбар ходимларининг жавобгарлик даражасини белгилайди, белгиланган тартибда рағбатлантириш ва жазо чораларини қўллайди;

мазкур низомда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширади, барча давлат ва жамоат ташкилотларида вазирлик номидан иш кўради, Мудофаа ишлари вазирлигининг фаолият доирасига кирувчи барча ишларни бажаради.


6. Мудофаа ишлари вазирлигида вазир (раис), унинг ўринбосарлари, тузилма бўлинмаларининг раҳбар командир кадрларидан ва Туркистон ҳарбий округи қўмондонлиги вакилидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат аъзоларини вазирнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.

Ҳайъат ўтказиладиган мажлисларда ҳарбий бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, буйруқлар ижросини назорат қилиш, кадрларни танлаш, вазирлик аппарати ишини яхшилаш масалаларини кўриб чиқади, раҳбар ходимларнинг ҳисоботларини эшитади.

Ҳайъат қарорлари вазирнинг буйруқлари билан ҳаётга тадбиқ қилинади.


7. Мудофаа ишлари вазирлиги марказий аппаратининг тузилишини ва ходимлар сонини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди, вазирликни молиявий таъминлаш республиканинг, СССР Мудофаа вазирлиги ва СССР Ички ишлар вазирлиги маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


8. Мудофаа ишлари вазирлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби акс эттирилган ҳамда ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга эга бўлади.