Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг Низоми (ЎзР ВМ 30.01.1992 й. 38-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 30 январдаги

38-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик

ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг

НИЗОМИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонунлар ва ушбу Низом асосида иш юритувчи, Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширучи республика давлат ташкилотидир.

2. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муалляфлар ва уларнинг меросхўрлари ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ягона ташкилотдир.


3. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги Бутуниттифоқ Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги Ўзбекистон Республикаси бўлимининг ворисидир.


4. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигини қайта ташкил қилиш ёки тарқатиб юбориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалдаги қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини Ҳимоя қилиш вакиллиги:

ўз номи битилган, давлат герби тасвири туширилган муҳрга;

вакиллик номи ва идора манзилгоҳи кўрсатилган тўртбурчакли штампга;

иш қоғозига;

рамзига эга бўлади.


6. Вакилликда иш юритиш Ўзбекистон Республикаси давлат тилида, халқаро алоқаларда рус ва инглиз тилларида олиб борилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги ўз иш фаолиятини бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама шартномалар тузиш асосига қуради.


8. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги, республикадан ташқарида истиқомат қилувчи ҳуқуқий шахслар билан, комиссион ажратмалар олиш назарда тутилган икки томонлама шартномалар, битимлар ва келишувлар асосида ўз муносабатларини ўрнатади.

Республика ҳудудида истиқомат қилувчи муаллифлар билан тузилган шартномалар, битим ва келишувлар асосида муаллифлик қалам ҳақидан комиссион ажратмалар олинади.


9. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги Тошкент шаҳрида жойлашган.



II. МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


10. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

республика ва чет эл муаллифларининг адабиёт, фан ва санъатга тааллуқли асарларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилганда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи муаллифлар асарларидан республикадан ташқарида фойдаланилганда муаллифлар ёки уларнинг меросхўрлари қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

адабиёт, фан ва санъат асарлари муаллифлари ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам берувчи ҳуқуқий, маънавий ва моддий шарт-шароитлар яратиб беришда фаол иштирок этиш;

республика ҳудудида истиқомат қилувчи муаллифлар ижодини бошқа халқлар ўртасида тарғиб қилиш, маданият ва муаллифлик ҳуқуқи соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

фан ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.


11. Юқорида кўрсатилган вазифаларни бажариш учун вакиллик қуйидаги ишларни амалга оширади:

республика ва чет эл муаллифлари ҳамда уларнинг меросхўрларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколат бериш, қоида бузишларнинг олдини олиш ва бузилган ҳақ-ҳуқуқларни тиклаш учун барча чораларни кўриш;

муаллифларнинг муаллифлик ҳуқуқлари билан қўриқланадиган асарларидан фойдаланиш учун ҳуқуқий ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузишда воситачилик қилиш ва шартномлар тузиш (ҳукук берувчидаи ваколат олган ҳолда);

муаллифлик ҳуқукини ҳимоя қилиш бўйича Ҳукумат тасарруфидан ташқаридаги халқаро ташкилотларнинг фаолиятида иштирок этиш;

муаллифлик ҳуқуқини ўзаро ҳимоя қилиш бўйича халқаро битим ва шартномаларни тайёрлаш ва тузишда, муаллифлик ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон (Женева) конвенцияси иштирокчиси бўлган мамлакатларнинг тегишли ташкилотлари билан битимлар тузишда қатнашиш;

тегишли хорижий ташкилотлар билан тузилган ўзаро шартномаларга кўра муаллифлар ва уларнинг асарларини ҳисобга олишга тааллуқли ахборотлар, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа материалларни алмашиш;

ҳамкорлик тўғрисида хорижий шериклар билок музокаралар олиб бориш, хорижий ҳуқуқий ва жисмоний шахслар билан тегишли битимлар тузиш;

хорижий фирмалар ва ташкилотлар билан биргаликда республикада ва ундан ташқарида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларига ҳамда маданият ютуқларини айирбошлашга тааллуқли халқаро анжуманлар, китоб ярмаркалари, кўргазмалар, фестиваллар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, ижодий уюшмалар ва бирлашмалар билан биргаликда миллий адабиёт, фан ва санъат асарларини хорижда тарғиб этиш ва реклама қилиш, Ўзбекистон Республикасининг сиёсий, иқтисодий ва маданий манфаатларини кўзлаган ҳолда республикада чет эл муаллифларининг асарларидан фойдаланишга кўмаклашиш;

муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги республика қонунларини ҳаётга татбиқ этиш тажрибасини, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича хорижий қонунларни ва тажрибани ўрганиш, муаллифлик ҳуқуқига тааллуқли таклифларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи турли ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг жорий қонунлари асосида ва ўша қонунларни бажариш учун муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўз ваколати доирасида тегишли йўриқномалар ва тушунтиришлар ишлаб чиқиш;

республикада чет эл муаллифларининг асарларидан фойдаланиш учун муаллифлик қалам ҳақининг валюта маблағини режалаштириш;

республика муаллифларининг хорижда чоп этилган асарлари ва чет эл муаллифларининг Ўзбекистонда чоп этилган асарлари учун Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги воситачилигида ёки унинг томонидан бевосита тузилган шартномалар асосида қалам ҳақи ва бошка рағбатлантириш маблағларини олиш ва тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий ижро этилган ва ҳуқуқий тўғри шартномасиз асосда бошқа турда асардан фойдаланганлик учун муаллифларга ва уларнинг меросхўрларига тегишли қалам ҳақини белгиланган тартибда йиғиш, тақсимлаш ва тўлаш (бошка вакилликларга юбориш);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи муаллифлар ва уларнинг меросхўрларига республикада ҳамда хорижда ҳуқуқий тўғри шартномасиз чоп этилган ва ижро этилган ёки бошқа турда фойдаланилган асарлар учун қалам ҳақини ундириб олиш ва тўлаш;

кино-, теле-, видеофильмлар, грампластинкалар, лазер дисклари, магнит ёзувларида нусха кўчирганлиги ҳамда санъат асарларидан ўз маҳсулотларида фойдаланганлиги учун белгиланган тартибда, амалдаги қонун асосида қўшимча ҳақ (тиражига қараб) ундириб олиш ҳамда республикада ва хорижда яшовчи муаллифларга ёки уларнинг меросхўрларига тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилган муаллифлар асарларидан республикада ва ундан четда фойдаланганлик учун қалам ҳақини белгиланган тартибда олиш ва уларнинг меросхўрларига тўлаш;

республикада яшовчи ва хорижий муаллифлар асарларидан магнит, аудиовизуал ва бошқа ёзувларда фойдаланганлик учун муаллифлик қалам ҳақини йиғиш ва тўлаш;

шартномалар ва битимларга мувофиқ мусиқа, адабиёт, журналистика ва бошқа жамғармаларга, шунингдек, ташкилотларга ажратмалар йиғиш ва тўлаш;

муаллифлик қалам ҳақи Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги орқали тўланадиган асарлардан ташқари, республика ҳудудида оммавий ижро этилган асарлар ва уларнинг муаллифларини рўйхатга олиш;

вакилликнинг махсус ишлаб чиқилган йўриқномаси асосида адабиёт, фан ва санъат асарлари муаллифини рўйхатга олиш;

ноширлик, театрлашган концерт ташкил этиш билан шуғулланадиган ва ўз фаолиятларида турли санъат намуналаридан фойдаланадиган кичик ва бошқа турдаги корхоналар, кооперативлар, хусусий фирмалар, ташкилот ва муассасалар, шунингдек, фуқароларни ҳисобга олиш.


12. Ўз иш фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

муаллифларга қалам ҳақи тўловчилар, турли жамғармаларга маблағ ўтказувчиларнинг тегишли ҳужжат ва материалларини танишиш ва солиштириш учун талаб қилиб олиш;

асар рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотнома бериш.



III. ВАКИЛЛИКНИНГ ТУЗИЛИШИ


13. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади ва бўшатилади.

Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг раиси:

вакиллик иш фаолиятига раҳбарлик қилади;

чет эл ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, ҳуқуқий шахслар билан ўзаро муносабатда, вакилликнинг вазифаларини бажаришда вакиллик номидан иш кўради;

вакиллик маблағларини тақсимлайди, молиявий режаларнинг бажарилишини, шунингдек, кирим ва чиқимлар сметасини назорат қилиб боради;

вакиллик штат жадвалини тасдиқлайди;

вакиллик ваколатига кирувчи бошқа масалаларни кўриб чиқади;

вакиллик ваколати доирасида вакилликнинг барча ходимлари учун бажариш мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.


14. Вакиллик раисининг ўринбосари, вакиллик бўлинмаларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги раисининг буйруғи билан ишга тайинланади ва бўшатилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг раис ўринбосари, структура бўлинмалари бошлиқлари вакиллик фаолиятининг тегишли бўлимларидаги ишнинг аҳволи учун тўла жавоб берадилар.



IV. ҲУҚУҚИЙ ҲОЛАТИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


16. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги ҳуқуқий шахс ҳисобланади, асосий ва оборот маблағларига эга бўлади, ўз номидан ҳуқуқ ва мажбурият олиши, ўз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда турли келишувлар ва шартномалар тузиши, судда, ҳакамликда ва ҳакамлик судида даъвогар, жавобгар бўлиши, ҳисоб-китоб счётлари, шунингдек, валюта счёти очиши, вакиллик манфаатларини назарга олган ҳолда кредит олиши ва вакиллик вазифаларини бажариш учун зарур бўлган бошқа хўжалик ишларини юритиши мумкин.


17. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги хўжалик мустақиллиги асосида ишловчи хўжалик ҳисобидаги ташкилотдир.

Унинг даромадлари адабиётчилар, мусиқачилар, журналистлар ва республиканинг бошқа ижодий уюшмаларидан келиб тушадиган ҳамда вакиллик йиғадиган бошқа комиссион йиғимлардан ташкил топади.

Харажатлар даромаддан ошиб кетганда камомад давлат бюджети ҳисобидан қопланади.


18. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг хўжалик йили календар йилнинг 1 январидан 31 декабригача қилиб белгиланади. Вакилликнинг ҳисоб-китоби ҳисобот тўғрисидаги республика йўриқнома ва низомлари асосида олиб борилади.


19. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг штат жадвали вакиллик раиси томонидан тасдиқланади.


20. Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг молиявий фаолиятини тафтиш қилиш ва текшириш республика молия ташкилотлари томонидан амалга оширилади.