Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.11.1996 й. 399-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 13 ноябрдаги

399-сон қарорига

1-ИЛОВА


Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ҳалқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида умумэътироф этилган принциплари ва меъёрларини, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларини ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича давлатга қарашли таҳлил, маслаҳат, идоралараро мувофиқлаштириш органи ҳисобланади.


2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қонунларига, шунингдек ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва меъёрларига амал қилади, ўз фаолиятини мазкур Низом билан белгиланган вазифалар ва функциялардан келиб чиққан ҳолда амалга оширади.



II. МАРКАЗНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва бу ҳуқуқларнинг муҳофаза қилиниши юзасидан миллий маърузалар тайёрлаш;

инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича ҳалқаро ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатлараро икки томонлама ва кўп томонлама битимларни ишлаб чиқиш ва эксперт баҳолаш ҳамда уларни келишишда қатнашиш;

давлат хокимияти ва бошқарув органларига, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича жамоат бирлашмаларига маслаҳатлар бериб туриш фаолиятини амалга ошириш;

давлат органларининг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш соҳасида таълим бериш, тарғибот, ўқув-услубий адабиётларни нашр этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш ва ривожлантириш бўйича маълумотларнинг ахборот базасини барпо этиш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ривожлантириш юзасидан социологик тадқиқотлар ўтказиш ва уларда қатнашиш;

давлат органларининг инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва бу ҳуқуқларни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш юзасидан уларга тавсиялар тайёрлаш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқиш;

аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик ташаббусларини рағбатлантириш ва мувофиқлаштириш;

инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар, шунингдек "Ўзбекистонда демократиялаш ва инсон ҳуқуқлари" даврий нашрини тайёрлаш ва чиқариш;

миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ташкил этиш;

инсон ҳуқуқлари бўйича ўқитиш, дастурлар тайёрлаш, конференциялар, семинарлар аа ўқув курсларини биргаликда ташкил этиш соҳасида халкаро ҳамкорликви амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳукуматга қарашли бўлмаган жамоат, ҳукуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Х.укуматининг инсоннинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя қилиш, муҳофаза қилиш ва рағбатлантириш бўйича фаолияти тўғрисида аҳолини,  шунингдек ҳалқаро жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиш,



III. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


4. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эгадир;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва хорижий миллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари тўғрисида ахборот тайёрлаш ва тарқатиш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар билан, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган ва шу ердаги миссиялар билан бевосита ўзаро ҳамкорлик қилиш;

давлат ва жамоат бирлашмаларига, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналарига сўровлар юбориш ҳамда инсон ҳуқуқлари шароитларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ахборот, таклиф, хулоса ва бошқа зарур материалларни мажбурий тартибда олиш;

инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг аҳволини тадқиқ этиш бўйича мувофиқлаштириш кенгаши ва бошқа кенгашлар, эксперт комиссиялари ташкил этиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-таҳлил материаллари тайёрлаш бўйича олимлар, мутахассислардан вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таклифларни маслаҳатлашиш, ўрганиш ва тайёрлаш учун ҳам Ватанимиз, ҳам чет эл олимлари, мутахассислари ва экспертларини жалб этиш;

инсон ҳуқуқлари щароитларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш масалалари бўйича дастурлар ишлаб чиқишга кўмаклашиш;

жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ахборотни нашр этиш ва тарқатиш;

Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги ваколатхонасидан ва бошқа халқаро ташкилотлардан инсон ҳуқуқлари бўйича масалаларнинг кўриб чиқилиши ва қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги ахборотларни мажбурий тартибда олиш;

халқаро ва миллий ҳуқуқии муҳофаза қнпиш тащкилотлари билан зарур ахборотларни айирбошлаш;

инсон ҳуқуқлари бўйича халкаро анжуманларда қатнашиш, Марказ мутахассисларини чет элга хизмат сафарига ва ўқишга юбориш;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва норматив ҳужжатларини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, вазирликлар, давлат қўмиталаридан зарур йўриқнома, ҳисобот, ахборот ва таҳлилий материалларни мажбурий тартибда текин олиш.



IV. МАРКАЗНИНГ ТУЗИЛМАСИ

ВА УНИ БОШҚАРИШ


5. Марказ юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган муҳрга, штампларига, бланкларга ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бошқа реквизитларига эга бўлади.

Марказ ўз фаолиятини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг банкларида ва чет элда миллий ва хорижий валютада счётлар очиши мумкин.


6. Марказ республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан, шунингдек турли ихтиёрий бадаллардан таъминланадиган давлат нотижорат муассасаси ҳисобланади,


7. Аниқ муаммоларни ҳал этиш учун ташкил этиладиган бўлимлар ва котибият Марказнинг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади.

Марказ тузилмасида кутубхона, илмий-ахборот фонди, таҳририят нашриёт бўлими фаолият кўрсатади.

Марказ фаолияти доирасида Марказ томонидан таъсис этиладиган таҳрир ҳайъати ва даврий нашрлар таҳририяти тузилади.


8. Марказга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тайинланадиган ва озод этиладиган дирекгор ва унинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ва озод этиладиган ўринбосари бошчилик қилади.

Марказ директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий-маиший таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси вазирига, директор ўринбосари Ўзбекистон Республикаси вазирининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.


9. Марказ директори:

Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади;

Олий Мажлис палаталари қўмиталари ва комиссиялари, Вазирлар Маҳкамаси бўлимлари, вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг барча республика ва маҳаллий органларида, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари масалалари буйича халқаро ва миллий ташкилотларида Марказ номидан вакиллик қилади;

Олий Мажлис палаталари мажлисларида, палаталар қўмиталари ва комиссияларининг, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирликлар ва идоралар ҳайъатларининг, Фанлар академияси Президиумининг, илмий ва ўқув юртлари илмий кенгашларининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мажлисларида қатнашади;

Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

Марказ бўлинмалари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокаралар олиб боради;

Марказ зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва унинг ўз функцияларини амалга ошириши учун шахсан жавоб беради, хизматлар раҳбарларининг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Марказ харажатлари сметасини тасдиқлайди;

белгиланган ходимлар сони ва иш ҳақи фонди доирасида Марказнинг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Марказ мутахассисларини ҳорижий мамлакатларга хизмат сафарларига юбориш тўғрисида қарор қабул қилади;

Марказнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Марказ ходимлари ўртасида лавозим вазифаларини тақсимлайди;

Марказ номидан шартномалар, битимлар, шу жумладан меҳнат бўйича ҳам, тузади;

меҳнат қонунчилиги нормаларига биноан Марказ ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

Марказ ходимларини моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш шаклини аниқлайди, Марказнинг юқори малакали мутахассисларига ва маъмурий ходимларига моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорда ҳар йиллик устама белгилаиди;

инсон ҳуқуқлари соҳасида тадқиқотларни ташкил этиш учун консультантлар, экспертлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий мамлакатлардан, жалб этишнинг турли иқтисодий шаклларидан, чунончи, хорижий мутахассислар учун контрактлар бўйича эркин муомаладаги валютада ҳақ тўлаш шаклидан фойдаланади;

Марказ маблағларини тасарруф этади, мол-мулкни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилади, молия, тўлов-ҳисоб-китоб ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни имзолайди, ишончномалар беради;

Марказ фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқади ва ҳал қилади.


10. Директор ўринбосари Марказ фаолиятининг энг муҳим йўналишларига ташкилий ва услубий раҳбарликни амалга оширади, ўзига бириктирилган таркибий бўлинмалар ишига раҳбарлик қилади.



V. МАРКАЗНИНГ МОЛ-МУЛКИ, ЎЗ

МУЛКИ ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ


11. Марказнинг мол-мулки асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва шу кабилар)дан, айланма маблағлардан, шунингдек маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган молиявий ресурслар ва бошқа моддий бойликлардан иборат бўлади.

Марказ мол-мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


12. Марказ маблағлари;

Марказнинг уставдаги фаолиятини амалга оширищ учун зарур бўлган бюджет ажратмалари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шаклланади.


13 Марказ фаолиятидан олинган даромадларга, шунингдек хайрия, ҳомийлик ва холисона тушумлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулклар Марказнинг ўз мулки ҳисобланади.


14. Марказ хорижий мамлакатларга жўнаб кетаётган ўз ходимларига хизмат сафари ва бошқа харажатларни хорижий валютада тўлаш ҳуқуқига эга.


15. Марказ асосий фондларни ва айланма маблағларни, бошқа моддий бойликларни юридик шахсларга ижарага бериш ва сотиш, шунингдек уларни қонунда белгиланган тартибда балансдан чиқариш ҳуқуқига эга.


16. Марказ ўз мажбуриятлари бўйича ўзига бириктирилган, амалдаги қонунчиликка мувофиқ тўлов ундириб олиниши мумкин бўлган мол-мулк билан жавоб беради.


17. Мажбурий тўловлар тўлангандан кейин Марказ ихтиёрида коладиган маблағлар Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.



VI. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


18. Марказ ўз фаолияти натижаларининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистик ҳисоботни юритади, ҳисобот маълумотларининг ва баланс ҳисоб-китобларининг тўғрилигини таъминлайди.



VII. ФАОЛИЯТНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТЎХТАТИШ


19. Марказни тугатиш ёки қайта ташкил қилиш (қўшиш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиш, қайта барпо этиш) Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига биноан амалга оширилади.