Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасида сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш бўйича Вақтинчалик тартиб (ЎзР ВМ 03.08.1993 й. 385-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 3 августдаги

385-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасида сувдан

чекланган миқдорда фойдаланиш бўйича

ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБ


Сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш бўйича вақтинчалик тартиб сув тақчиллиги кучайиб бораётган бир шароитда қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан сувдан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартибини белгилайди.

1. Сувдан фойдаланувчилар бўйича сув миқдорини чеклаш учун мўлжалланган сув ҳажмлари қуйидагилардан ташкил топади:

дарёларнинг ҳақиқий серсувлигидан келиб чиқиб, республикалараро қарорлар билан тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланган чеклашлар бўйича сув манбалари (бир неча республика ҳудудидан оқиб ўтадиган Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳамда уларнинг ирмоқлари) ҳажмидан;

Ўзбекистон ҳудудидаги ҳақиқий серсувлигидан, шунингдек, қайта тартибга солинганлиги ва бир ўзандан иккинчи ўзанга ташланганлигидан келиб чиқиб киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ер усти сув манбалари ҳажмидан;

ер ости сувларининг фойдаланилаётган заҳирасидан олинган сув ҳажмидан;

оқава сувлардан қайта фойдаланиш ҳажмидан.


2. Вазирликлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа сувдан фойдаланувчилар, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахслар фақат рўйхатдан ўтказилган сув олиш иншоотлари ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатномалари бўлган тақдирда сув олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш тартиби биринчи босқичда сув олиш иншоотлари рўйхатдан ўтказилган ва бир кеча-кундузда 100 куб метр ва ундан ортиқ сув олишга рухсатномаси бўлган сувдан фойдаланувчиларга, кейинчалик эса оладиган сув ҳажмидан қатъи назар, барчага белгиланади, хўжалик-ичимлик сув мақсадларидаги коммунал сув қувурлари бундан мустаснодир.

Сув олишнинг чекланган миқдорлари қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан сув манбаларининг тахмин этилган ва ҳақиқий серсувлигини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигидаги сувдан фойдаланувчилар учун йилига 2 марта ва суғориш билан боғлиқ бўлмаган сувдан фойдаланувчилар учун 1 марта белгиланади.

Сувдан фойдаланиш учун белгиланган сув ҳажмлари энг чекланган ҳисобланади ва улар сув тақчиллиги шароитларида камайтирилиши мумкин. Устувор соҳаларнинг сувдан фойдаланиш ҳажми ҳар йили ортиб бориши ҳисобга олинган ҳолда суғоришга чекланган сув миқдорлари камайтириб борилади.

Сув олиш лимитлари манбалар, ҳавза ирригация тизимлари, магистраль каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари, бирламчи сувдан фойдаланувчилар, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар бўйича белгиланади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари белгилаган сув олишнинг чекланган миқдорлари ҳамда уларнинг чеклашлари қайси идорага бўйсунишларидан қатъи назар, барча сувдан фойдаланувчилар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

3. Туман ҳудудида сув олиш ва уни ҳисобга олиш шартнома асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ирригация тизими бошқармаси (ирригация тизими бошқармаси) томонидан белгиланган меъёрлар бўйича рўйхатдан ўтказилган сув олиш иншоотлари (хўжалик тақсимлагичи бош иншооти, канал, қудуқ, насос станцияси ва бошқа сув олиш иншоотлари) да амалга оширилади.

Сув олиш иншоотини рўйхатдан ўтказмасдан ва ирригация тизимлари бошқармаси билан шартнома тузмасдан ҳар қандай манбадан сув олиш тасдиқланган тартибни бузиш деб қайд қилинади, ноқонуний, ўзбошимчалик билан сув олиш деб ҳисобланади ва сув олиш қурилмаси бузиб ташланади.

Сув олиш ва беришни амалга ошириш ҳар куни сув хўжалиги ташкилоти ва сувдан фойдаланувчининг ҳар бир сув олиш иншоотига бириктириб қўйилган масъул шахслари томонидан махсус ҳисобга олиш журналларига имзо чекиш билан олиб борилади. Ортиқча сув олинганда далолатнома тузилади.

Сувдан фойдаланувчининг вакили келмаса, бир томонлама далолатнома тузилади ва сув бериш тўхтатилади.


4. Шартноманинг мажбурий шартлари:

сув олиш иншоотининг рўйхатдан ўтказилган паспорти ҳамда сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома;

олинадиган сувни аниқ мақсад учун ишлатиш;

рухсат берилган сув олишнинг ва чиқаришнинг чекланган ҳажми;

сув олиш ва уни бериш, ҳисобга олиш тартиби ва қоидалари;

белгиланган чеклашлар миқдори доирасида сув етказиб беришга ёки сувдан воз кечиш учун тезкор буюртмаларни расмийлаштириш тартиби;

томонларнинг масъулияти;

Чекланган миқдордан ортиқча сув олганлик учун иқтисодий масъулият ва жарима миқдори сув бериш шартномаларида, тармоқларнинг ҳолатига қараб, лекин ҳар бир куб метр сув учун 15 сўмдан кам бўлмаган миқдорда, белгиланади. Сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш тартибини бузганлик учун, тартиб бузишлар такрорланиб турилишига қараб, жарима миқдори 10 бараваргача кўпайтирилиши мумкин. Рўйхатдан ўтказилмаган сув олиш иншоотлари қурганларга ва ўзбошимчалик билан сув олганларга жарима солинади, ҳужжатлар расмийлаштирилиб қатъий ҳисобдаги махсус дафтарларда рўйхатга олинади. Олинган барча сув ҳақини тўлашга счёт тақдим этилади, ноқонуний сув олиш иншооти беркитиб қўйилади. Зарурат туғилса, ҳужжатлар суд органларига топширилади.

Жарималарнинг 60 фоизи республика бюджетига ўтказилади, қолган 40 фоизи эса - сув хўжалиги ташкилотларининг махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади. Йиғилган пул маблағлари суғориш тармоқларини сув ўлчаш воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш ҳамда ирригация тизимларининг экология ҳолатини яхшилаш ва бошқа мақсадларда ишлатилади.

5. Чекланган сув миқдорига асосланган ҳолда сувдан фойдаланувчи тегишли ирригация тизими бошқармаларига сувдан фойдаланиш режасининг аниқ мақсадларини кўрсатиб, белгиланган муддатда тақдим қилиши шарт. Сув ҳажмини тартибга солиш ва уни бир ўзандан иккинчи ўзанга оқизиш, об-ҳаво шароитини ва ҳақиқий сув ҳажмини, йўлда беҳуда сарф бўладиган ва чекланган сув миқдорининг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузилган бу режа сув етказиб берувчи органларнинг иши учун асосий ҳужжат бўлиб қолади.

6. Сув тақчил бўлганда сув бериш сувнинг кам келишига мутаносиб равишда қисқартирилади. Сув муттасил кам бўладиган жойларда сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш ушбу ирригация тизимидаги барча сувдан фойдаланувчиларнинг сув билан баравар таъминланиши принципи асосида белгиланади.

7. Сув тансиқлиги шароитларида биринчи навбатда:

аҳолини ичимлик ва маиший сув билан таъминлаш;

саноатни;

қишлоқ хўжалигини;

ҳукумат ёки унинг томонидан вакил қилинган органнинг махсус қарори билан тасдиқланган сувдан фойдаланувчиларни сув билан таъминлаш;

суғориш тармоқлари ва кичик дарёлардан санитария мақсадларида сув оқизишни таъминлаш устувор ҳисобланади.


8. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан сув хўжалиги объектларининг мустаҳкамлигини таъминлаш, авария ҳолатларининг олдини олиш, аҳоли яшайдиган жойларни ҳимоя қилиш учун ўтказилаётган тадбирда қатнашиш, барча сувдан фойдаланувчилар учун, улар қайси идорага қарашли бўлишларидан қатъи назар, мажбурий шарт ҳисобланади.

9. Олдиндан тахмин қилинган ва ҳақиқий маълумотларга асосланиб чекланган сув миқдорини белгилаш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун сув сарфини қисқартириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига юклатилади.

10. Чекланган меъёрдан ортиқча сув олиш, сувни мақсадсиз ишлатиш, самарасиз оқизиб юбориш, ўзбошимчалик билан сув олиш, олинаётган сувнинг ҳажмини атайлаб яшириш сифатида сувдан фойдаланишнинг белгиланган тартибини инкор этувчи юридик ва мансабдор шахслар пул жаримаси тўлаши каби иқтисодий жавобгарликка тортиладилар.


11. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига Ўзбекистон Республикасида сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш бўйича вақтинчалик тартибнинг бажарилишини таьминлайди.