Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.04.2006 й. ПҚ-332-сон "Қозоғистон Республикаси билан икки томонлама маҳсулот айирбошлашни ошириш бўйича интеграциялашув жараёни ва чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

25.04.2006 й.

N ПҚ-332


ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ИККИ

ТОМОНЛАМА МАҲСУЛОТ АЙИРБОШЛАШНИ

ОШИРИШ БЎЙИЧА ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВ

ЖАРАЁНИ ВА ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Қозоғистон Республикаси Президентининг 2006 йил 19-20 март кунлари Ўзбекистон Республикасига Давлат ташрифи давомида эришилган аҳдлашувларнинг кенг миқёсда ва ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда Қозоғистон Республикаси билан интеграциялашув жараёнини амалга ошириш, икки томонлама товар айирбошлашни кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қозоғистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига Давлат ташрифи давомида савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, транспорт ва гуманитар соҳалардаги норматив-ҳуқуқий базаларни янада мувофиқлаштириш, икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган эришилган аҳдлашувни амалга ошириш бўйича тадбирлар Дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган масъул ижрочилар - вазирлик ва идоралар Қозоғистон Республикаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тадбирларни белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласин.


2. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро Комиссиясининг Ўзбекистон қисми:

Дастурда назарда тутилган икки томонлама савдонинг интеграциялашув жараёнини ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар комплексининг амалга оширилишини таъминласин;

мазкур қарорда тасдиқланган Дастурнинг қандай амалга оширилаётганини мажлисларда мунтазам кўриб чиқишни Комиссия иш амалиётига татбиқ этсин;

ҳар чоракда тадбирлар Дастурининг қандай амалга оширилаётгани тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Қозоғистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига Давлат ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар ижроси устидан мунтазам назорат ўрнатсин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 17-сон, 139-модда.