Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 1-сон Баёни (АВ томонидан 16.07.2003 й. 1257-сон билан рўйхатга олинган ДСМ 17.06.2003 й. 1-сон баёни)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

16.07.2003 й.

N 1257



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ

ТОМОНИДАН ТАСДИҚЛАНГАН

17.06.2003 й.




Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига

қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг

1- сон баёни


Тошкент шаҳри                                                           16 июнь 2003 йил


Раислик қилувчи:

Кароматов Ҳ.С. - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Давлат комиссияси раиси


Қатнашдилар:

Рисқиев Т.Т - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси раис ўринбосари


Давлат комиссиясининг масъул котиби, аъзолари, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг масьул ходимлари иштирок этдилар.


КУН ТАРТИБИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 июндаги "2003/2004 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида"ги 269-сон қароридан келиб чиқадиган вазифалар ва республика олий таълим муассасаларига қабулни ташкил этиш ҳақида:

Кароматов Ҳ.С., Рисқиев Т.Т., Ворисов А.К., Ахмедов М.А., Юсупов К.Т.


2. Республика олий таьлим муассасаларида тест синовларига тайёргарлик бориши ҳақида:

Исмоилов Б.М., Усмонов А.Т., Рисқиев Т.Т., Ворисов А.К., Кароматов Ҳ.С.


3. Турли масалалар

Ворисов А.К., Кароматов Ҳ.С., Рисқиев Т.Т.


Муҳокама этилган масалалар бўйича мажлис ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.Кароматов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Давлат комиссияси раисининг ўринбосари Т.Рисқиев ва комиссия масъул котиби А.Ворисовларнинг ахборотлари маьлумот учун қабул қилинсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 июндаги "2003/2004 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида"ги 269-сон қарори дастуриамал ҳужжат сифатида ва бевосита ижро учун қабул қилинсин.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари, оммавий ахборот воситалари мазкур қарорнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилсинлар.


3. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таьлим муассасаларининг қабул комиссиялари, ректорлар ва масъул котиблар қабулни юқори савияда ташкил қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсинлар ҳамда абитуриентлар, уларнинг ота-оналарига ҳужжат топшириш жараёнида соғлом муҳит, етарли ўқув-услубий, тиббий-маиший ва маданий-маърифий шарт-шароитлар яратсинлар.


4. Республика олий таълим муассасаларида тест синовларига тайёргарликнинг бориши ҳақида Давлат тест маркази директори Б.Исмоиловнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


5. Давлат тест маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тест синовлари ўтказиш учун талаб даражасида зарур бинолар ва аудиторияларни тайёрлаш ҳамда малакали назоратчилар билан тўла таъминлаш, шунингдек тест синовларини юксак савияда ўтказиш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни кўрсинлар.


6. Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ва "Ўзбекистон темир йўллари" компаниялари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар тест материалларини жойларга ўз вақтида етказиш, уларнинг маҳфийлиги таъминлаш, тест синовларини юқори савияда ўтказиш ҳамда жамоатчилик тартиб-интизомини сақлаш чора-тадбирларини белгиласинлар.


7. Давлат тест маркази тест синовлари ўтказилишига оид барча зарурий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида тайёрласин ва барча олий таълим муассасалари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга керакли миқдорда етказсин.


8. Олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирлик ва идоралар, Давлат тест маркази:

уч кун муддатда ўзларига қарашли таьлим муассасаларида бакалавриат ва магистратура бўйича грантларни ва тўлов-контракт асосидаги ўринлар квотасини таълим шакллари ва тиллари бўйича тақсимлаш тўғрисида таклифларни тасдиқлаш учун киритсинлар.


9. Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги "Ўзтелерадио" компанияси ва Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликда:

тест синовлари ўтказиш бўйича махсус ташкилий-ижодий гуруҳ тузсинлар ҳамда телевидение ва радио, оммавий ахборот воситаларида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари, ўқитувчи-педагоглар учун тест синовларининг барча жабҳалари ва уларнинг ўтказилишига оид мунтазам кўрсатув ва радиоэшиттиришлар, рукнлар ташкил этсинлар.

"Ўзтелерадио" компанияси махсус ташкилий-ижодий гуруҳнинг таркиби ва иш режасини бир ҳафта муддатда Давлат комиссиясига тақдим этсин.


10. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига, жумладан махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги Низомларга тўлдиришлар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида уч кун муддатда Давлат комиссиясига таклифлар берсинлар.


11. Ҳалқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат спорт қўмитаси, Маданият ишлари вазирлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Бадиий академия олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиниш ҳуқуқини берувчи Ҳалқаро ва республика олимпиадалари, мусобақалари ва танловлари ғолиблари рўйхатини Низом талаблари асосида синчиклаб текшириб, ҳар бир номзод бўйича асосланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда Давлат комиссиясига тақдим этилишини таъминласинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч кун муддатда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг оддий аскарлар ва сержантлар таркибида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга қўшимча имтиёзлар бериш тўғрисида"ги 227-сон қарорига мувофиқ ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга ўқишга киришда имтиёзлар бериладиган таълим йўналишлари ва олий таълим муассасалари рўйхати ҳамда тегишли Тавсиянома намунасини Давлат комиссиясига киритсинлар.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга ўқишга киришда имтиёзлар бериладиган Тавсияномани бериш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат тест маркази билан биргаликда янги ташкил этилган Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалига қабул бўйича тест синовларини юқори савияда ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.


14. Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига 2003/2004 ўқув йилида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли учун тўлов миқдорларини аниқлашда, ижтимоий муҳофаза ва ижтимоий барқарорликни назарда тутган ҳолда, ўтган ўқув йилидаги миқдорини сақлаб қолиш бўйича Давлат комиссиясига таклиф киритсинлар.


15. Молия вазирлиги Давлат тест маркази тест синовларида иштирок этган аудитория раҳбарлари ва назоратчиларига меҳнат ҳақи тўлашда Давлат тест маркази ва олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағларидан ҳам фойдаланишини назарда тутсин.


16. Давлат тест маркази томонидан тайёрланган "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида тест ўтказиш тартиби тўғрисида Низом" тасдиқлансин.

Адлия вазирлиги мазкур Низомни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.

Давлат тест маркази ушбу Низомни барча манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим муассасаларига етказилишини таъминласин.


17. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиалига талабалар қабул қилиш республика барча олий таълим муассасалари сингари амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


18. Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари қабул комиссиялари битирувчи ўқувчи ёшлар орасида касбий йўналтириш ишларини самарали ва таъсирчан олиб бориш бўйича барча чоралар кўрсинлар.



Давлат комиссиясининг масъул котиби                 А.Ворисов