Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Мактабгача тарбия муассасаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.02.1995 й. 59-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 18 февралдаги

59-сон қарорига

1-ИЛОВА



Мактабгача тарбия муассасаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мактабгача тарбия муассасаси - таълим-тарбия муассасаси ҳисобланади, унинг вазифасига бола шахси асосларини шакллантириш, унинг билишга доир қизиқишларини, маданий-ахлоқ-одоб эҳтиёжларини, дастлабки меҳнат кўникмаларини ривожлантириш, унда билимга муҳаббат уйғотиш, саломатлигини мустаҳкамлаш киради.

Мактабгача таълим оилада ва мактабгача тарбия муассасаларида амалга оширилади.


2. Мактабгача тарбия муассасаси "Таълим тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига ҳамда мактабгача таълим давлат стандартлари тасдиқлангунга қадар мактабгача ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш дастурига мувофиқ мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.


3. Мактабгача тарбия муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Таълим тўғрисида"ги Қонунга ва бошқа норматив ҳужжатларга, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Мактабгача тарбия муассасаси мазкур Низом асосида жамоанинг умумий йиғилишида тасдиқланадиган ҳамда унинг фаолияти шарт-шароитларини белгилаб берадиган ўз Уставини ишлаб чиқади.


5. Мактабгача тарбия муассасаси, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, юридик шахс ҳисобланади, ўз муҳрига ва номи ёзилган штампга эга бўлади.



II. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


Мактабгача тарбия муассасасининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

умуминсоний қадриятларни, ижодий тажрибаларни, кўп асрлик анъаналарни ҳисобга олган ҳолда ҳар томонлама ривожланган шахсни шакллантириш мақсадида мактабгача тарбия ва таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

педагогик жараёнда оила ва жамоатчилик тарбиясининг бирлиги ғоясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳар бир ота-она билан мактабгача тарбия муассасаси ўртасида ҳуқуқий муносабатларни ўрнатиш;

мактабгача таълим ва тарбия концепцияси ва дастури талабларига жавоб берадиган мактабгача таълим мазмунини мунтазам янгилаб бориш.



III. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


Мактабгача тарбия муассасаси, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

таълим ва тарбиянинг илғор усуллари асосида ўқитишнинг замонавий техник воситалари, кўргазмали қўлланмалар ўқув жараёнига татбиқ этилишини таъминлайди;

болалар боғчаси ходимларини ва барча ота-оналарни ушбу Низом билан таништиради;

болалар боғчасига бириктирилган тиббий муассаса билан биргаликда болаларнинг саломатлиги мустаҳкамланиши ва муҳофаза қилинишини таъминлайдиган тадбирларнинг бажарилиши ва шарт-шароитларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

боланинг ҳиссий сиҳат-саломатлигини таъминлайди;

халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари билан белгиланган таълим ва тарбия ишларининг сифатига, ота-оналар ҳуқуқларига, жамият ва давлат манфаатларига риоя қилиниши учун жавоб беради, ушбу нормалар бўйича ҳар бир бола қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

катталарнинг болалар эҳтиёжига эътибор ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши;

шахсий-ҳиссий муносабатда бўлиш эҳтиёжининг қондирилиши;

ривожланишдаги мавжуд нуқсонлар тузатилиши юзасидан малакали ёрдам олиш;

ўз қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

катталар томонидан доимий ғамхўрлик кўрсатиш, эҳтиётсиз ва малакасиз муносабатда бўлишдан ҳимоя қилиш;

жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, шахсни ҳақорат қилишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш;

фуқароларнинг таклиф ва аризалари ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этади, таълим ҳақидаги қонунларнинг бузилишини бартараф этиш чора-тадбирларини кўради.



IV. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Мактабгача тарбия муассасаси:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган вариатив, намунавий мажмуадан дастурлар танлаш;

тасдиқлаш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган ўз (муаллифлик) дастурлари ва услубиётини ишлаб чиқиш ва ўз амалий фаолиятида қўллаш;

мактаб ва бошқа таълим ҳамда илмий муассасалар билан доимий алоқалар ўрнатиш;

тажриба майдони мақомига эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан мустақил синов ишларида иштирок этиш ва бу ишларни олиб бориш;

мактабгача тарбия муассасалари ишини такомиллаштириш, моддий базани мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун халқ таълимини бошқаришнинг юқори органларига киритиш ҳуқуқига эгадир.



V. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАЛАРИ

ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРИНИНГ БУРЧЛАРИ


Педагог ходимлар:

болаларни ўқитиш ва тарбиялашни юқори малакада амалга оширишга;

педагогик ахлоқ-одобга риоя қилишга, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга, болаларни зўравонлик кўринишларидан ҳимоя қилишга, уларни меҳнатга муҳаббат, ота-онага меҳр, атроф муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга;

ўз касб малакаси ва педагогик маҳоратини доимий равишда такомиллаштиришга мажбурдирлар.

Педагог ходимларнинг бошқа мажбуриятлари болалар боғчаси устави ва малака тавсияномалари орқали белгиланади.



VI. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАЛАРИ

ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Педагог ходимлар:

ўз касб маҳорати, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, мактабгача тарбия муассасасини бошқаришда қатнашиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, касб билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эгадирлар.



VII. ОТА-ОНАЛАР ВА УЛАРНИНГ ЎРНИНИ БОСУВЧИ

ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ


Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар:

ўз болалари учун таълим ва тарбия шаклини танлаш, мактабгача тарбия болалар муассасалари турини ва таълим олиб бориладиган тилни танлаш;

мактабгача тарбия болалар муассасаси маъмуриятидан мактабгача тарбия муассасаси Уставига мувофиқ келувчи зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

бола шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб этиш;

мактабгача тарбия болалар муассасасида болаларнинг ҳаёти ва фаолиятини ташкил этишда фаол иштирок этиш;

болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлишга, унда меҳнатсеварлик, яхшилик, эзгулик туйғуларини, катта ёшдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни тарбиялаш;

белгиланган нормативларга кўра боланинг боғчада бўлиши учун ҳақни ўз вақтида тўлаш;

болаларни оила шароитда тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

боланинг тўлақонли овқатланишини, унда шахсий гигиена кўникмалари тарбияланишини қатъий кузатиб бориш, болани мактабгача тарбия муассасасига озода кийинган ҳолда олиб келиш;

режим доирасида болани муассасага ўзи учун исталган қулай вақтда олиб келиш ва олиб кетиш ҳуқуқига эгадирлар.



VIII. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ТУЗИЛМАСИ

ВА УНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1. Болалар муассасаларининг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

болалар яслиси;

болалар боғча-яслиси;

болалар боғчаси;

хонадонлардаги болалар боғчаси (ҳам мустақил муассаса, ҳам филиал сифатида).

Ота-оналарнинг аризаси бўйича ҳокимликнинг қарори билан мактабгача тарбия муассасасида, шу жумладан, шартнома асосида, боланинг боғчада қисқа муддатда бўлиши учун гуруҳлар (сайрли, навбатчи гуруҳлар) эрталабки, кечки соатларда, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари очилиши мумкин. Бундай гуруҳларда ота-оналар болани уч соатгача қолдиришлари мумкин. Бунда мактабгача тарбия муассасасига доимий қатновчи болаларнинг манфаатлари камситилмаслиги керак.


2. Ихтисослаштирилган мактабгача тарбия муассасалари ва гуруҳлари:

нутқида нуқсон бўлган (қулоғи эшитадиган) болалар учун;

эшитиш қобилияти заиф болалар учун;

кўриш қобилияти заиф болалар учун;

таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсон бўлган болалар учун;

руҳий ривожланиши кечиккан болалар учун;

ақли заиф болалар учун ташкил этилади;

туберкулёз (сил) хасталиги энди кўриниш бера бошлаган, сил хасталигининг кичик ва пасайиб бораётган шакллари бўлган болалар учун санатория типидаги мактабгача тарбия муассасалари;

тез-тез касалланувчи болалар учун;

вирусли гепатит билан оғриган болалар учун, шунингдек, агар уларга эҳтиёж туғилса, бошқа ихтисосдаги мактабгача тарбия муассасалари ташкил этилади.

Махсус мақсадли мактабгача тарбия муассасаларини ташкил этиш тартиби, улар ишининг ўзига хослиги, уларга қабул қилиш қоидалари, болалар таълим-тарбиясини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли йўриқномалар ва дастурий-услубий ҳужжатлар билан белгиланади. Етим болалар, ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун болалар уйлари, меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлар ҳузурида мактабгача тарбия гуруҳлари ташкил этилади, уларнинг мақоми тегишли низомлар асосида белгиланади.


3. Мактабгача тарбия муассасасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат умумтаълим муассасаларини ташкил этиш ва тугатиш тартиби ҳақидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.


4. Мактабгача тарбия муассасаси қуйидагиларга бўлинади:

давлат мактабгача тарбия муассасалари (ҳокимлик қарори билан ташкил этилади);

идоравий мактабгача тарбия муассасалари (идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг қарори билан ташкил этилади);

кооператив мактабгача тарбия муассасалари ("Кооперация тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган тартибда ташкил этилади);

акционерлик мактабгача тарбия муассасалари (амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда акционерлик корхоналари, ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ташкил қилинади);

жамоатчилик асосида мактабгача тарбия муассасалари (ётоқхоналар, турар жойлардан фойдаланиш идоралари, маданий ва савдо марказларида, шунингдек, оила эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бошқа кўринишларда ташкил этилади);

хонадонлардаги мактабгача тарбия муассасалари (кооперация тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва хонадонлардаги мактабгача тарбия муассасалари тўғрисидаги Низомга мувофиқ бир ёки бир неча оила томонидан ташкил қилинади);

аралаш мактабгача тарбия муассасалари (давлат, кооперативлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва оилалар томонидан улуш қўшиб шартнома асосида ташкил этилади).


5. Мактабгача тарбия муассасаси замонавий талабларга жавоб берадиган, иқлим шароитларини, экологик вазиятни ва таркиб топган миллий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда махсус лойиҳа бўйича қурилган бинода ташкил этилади. Умумий йўналишдаги мактабгача тарбия муассасаси учун 140-160 ўрин, махсус мақсадли мактабгача тарбия муассасаси учун 90-120 ўрин мақбул деб ҳисобланиши керак.


6. Мактабгача тарбия муассасаси муассислар томонидан Халқ таълими вазирлиги тасдиқлаган рўйхат зарур инвентари ва жиҳозлар билан таъминланади.


7. Мактабгача тарбия муассасасининг иш тартиби ота-оналарнинг истаги ҳисобга олинган ҳолда халқ таълими бўйича Кенгаш ҳамда мактабгача тарбия муассасаси педагоглари Кенгаши билан келишган ҳолда халқ таълими бошқармаси (бўлими) нинг, мактабгача тарбия муассасаси қарашли бўлган корхона, муассаса, ташкилотнинг тақдимномаси бўйича ҳокимликнинг қарори билан белгиланади. Мактабгача тарбия муассасаси ёки унинг айрим гуруҳлари болалар ҳафтасига 5, 6, 7 кун кундузи, сутка мобайнида ёки қисқа муддат бўладиган тартибда, бир ёки икки кунлик дам олиш кунлари билан ишлашлари мумкин. Ходимларга дам олиш кунлари ўзгарувчи жадвал бўйича берилади. мактабгача тарбия муассасасининг, шу жумладан, унинг айрим гуруҳлари ишининг давомийлиги, бошланиши ва тугаши ота-оналар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Аммо у эрталабки 6.30 дан барвақт ва кечки 21.00 дан кеч бўлмаслиги керак.


8. Мактабгача тарбия муассасасида болаларни овқатлантириш иш куни давомийлигини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларининг натурадаги нормаларига мувофиқ ташкил қилинади. Болалар 6 соатдан кам бўладиган гуруҳларда овқатлантиришни ташкил қилиш, унинг шакли ва неча марталиги ота-оналар билан келишувга биноан белгиланади.


9. Мактабгача тарбия муассасаси педагогик вазифаларни ҳал этиш мақсадида педагоглар Кенгаши тўғрисидаги Низомга мувофиқ фаолият кўрсатувчи педагоглар Кенгашини ташкил этади.



IX. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИ БУТЛАШ


1. Мактабгача тарбия муассасасининг болалар контингенти халқ таълими органлари ва бошқа муассислар томонидан бутланади.


2. Халқ таълими органларига мактабгача тарбия муассасаси балансида бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг розилиги билан болалар ўринларининг бир қисмини ота-онаси ушбу корхонада ишламайдиган, аммо мактабгача тарбия муассасаси жойлашган ҳудудда яшовчи болалар билан тўлдириш ҳуқуқи берилади. Бунда бола тарбияси учун ҳақ ота-онадан давлат томонидан белгиланган нормативларга мувофиқ миқдорларда олинади.


3. Болаларни давлат мактабгача тарбия муассасаларига қабул қилиш, йўлланмалар бериш, мактабгача тарбия муассасасида бола учун жой сақлаш, болаларни боғчаларга жойлаштириш бўйича қондирилмаган аризаларни ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг йўриқномаси билан белгиланади.


4. Ота-онанинг иш жойи ўзгариши муносабати билан болани мактабгача тарбия муассасасидан чиқариш (агар бу шартномада кўрсатилмаган бўлса) ман қилинади.


5. Гуруҳларни бошқа ёшдаги гуруҳдан ўтган болалар билан бутлаш ўқув йили сўнгида (август ойида), янги қабул қилинаётганлар билан бутлаш эса ўринлар бўшашига қараб амалга оширилади.


6. Мослаштириш мақсадида боғчага янги келаётганларни ва кичик ёшдаги боғча болаларини гуруҳларга қабул қилиш босқичма-босқич, бир ой давомида амалга оширилади.


7. Мактабгача тарбия муассасасида ўқув йили ҳар йили 1 сентябрдан бошланади.



X. ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


1. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мактабгача тарбия муассасаси болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Болаларга тиббий хизмат кўрсатиш штатдаги ёки мактабгача тарбия муассасасига махсус бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббиёт ходимлари мактабгача тарбия муассасаси маъмурияти билан биргаликда болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, даволаш-профилактика тадбирларининг ўтказилиши, санитария-гигиена нормаларига, тарбияланувчиларнинг овқатланиши сифати ва тартибига, уларга тушадиган жисмоний ва ақлий оғирликни мувофиқлаштиришга риоя қилиш учун жавоб беради.


2. Тиббиёт ходимлари фаолияти устидан назорат қилиш маҳаллий соғлиқни сақлаш органларига юкланади.



XI. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАСИ КАДРЛАРИ


1. Мактабгача тарбия муассасасининг тузилмаси ва штатларини тегишли бошқарув органи ва муассис Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий штатларга татбиқан белгилайди.


2. Мактабгача тарбия муассасаси мудири, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, муассислар томонидан, халқ таълимини бошқариш органлари билан келишган ҳолда, махсус олий маълумотга ва беш йилдан кам бўлмаган педагогик стажга эга бўлган шахслардан тайинланади.

Катта тарбиячи (тарбиячи-методист) халқ таълимини бошқариш органлари билан келишган ҳолда муассислар томонидан махсус олий маълумот ва уч йилдан кам бўлмаган педагогик стажга эга бўлган шахслардан тайинланади.


3. Мактабгача тарбия муассасасининг барча тоифадаги ходимларининг ҳуқуқ ва бурчлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги билан келишган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган малака тавсияномаларига кўра белгиланади.


4. Мактабгача тарбия муассасаларида лавозимларни эгаллаш Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 1994 йил 6 январдаги 1/1 (30-22)-сон қарорига мувофиқ ёзма шартнома тузиш йўли билан амалга оширилади.


5. Мактабгача тарбия муассасаси маъмурияти ушбу муассаса қарашли бўлган ташкилотнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, педагоглар кенгаши билан биргаликда халқ таълими органлари билан келишган ҳолда мактабгача тарбия муассасаси ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича қулай шарт-шароитларни таъминлайди, уларга ўз вақтида зарур методик ёрдам кўрсатади.



XII. МАКТАБГАЧА ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


1. Давлат мактабгача тарбия муассасасини бошқариш яккабошлик ва ўзини ўзи бошқариш принциплари асосида кенг ошкоралик шароитларида амалга оширилади.


2. Мудир Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мактабгача тарбия муассасасининг бутун фаолиятига раҳбарлик қилади, болаларнинг ҳаёти ва саломатлиги муҳофаза қилиниши, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш учун, мактабгача тарбия муассасасининг ташкилий-педагогик, молиявий-хўжалик ва бош фаолият натижалари, жамоада ижобий маънавий-руҳий муҳит яратилиши учун шахсан жавоб беради.

Мактабгача тарбия муассаси мудири амалдаги қонунчилик доирасида мактабгача тарбия муассасаси педагогик ходимлари ва маъмуриятининг касб-кори ва лавозим фаолиятларига асоссиз аралашувга чек қўювчи зарур чора-тадбирларни кўради; мактабгача тарбия муассасасининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тегишли органларга таклифлар киритади.


3. Мудир мактабгача тарбия муассасаси ҳуқуқи доирасида мактабгача тарбия муассасасининг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатмалар беради. Тарбиячи-методист, катта тиббиёт ҳамшираси, хўжалик мудирининг ўз ҳуқуқлари доирасида берадиган кўрсатмалари ҳам барча ходимлар томонидан бажарилиши шарт.



XIII. МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТ


1. Давлат мактабгача тарбия муассасаси бюджетдан ёки тармоқдан маблағ билан таъминлаш принципи асосида фаолият кўрсатади. Болалари мактабгача тарбия муассасасида тарбиялангани учун ота-оналар томонидан ҳақ тўлаш амалдаги қонунчиликка биноан амалга оширилади.

Мактабгача тарбия муассасасини маблағ билан таъминлаш учун ҳисоб бирлиги сифатида битта боланинг ўртача йиллик таъминоти қабул қилинади.

Бюджетдан ёки тармоқдан маблағ билан таъминлаш нормативлари вазирликлар ва идоралар томонидан бевосита уларга бўйсунувчи муассасалар учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган методик тавсияларга мувофиқ ишлаб чиқилади (озиқ-овқат маҳсулотларининг натурал меъёри, жиҳозлар ва ускуналар сони ва бошқалар).


2. Қуйидагилар мактабгача тарбия муассасасининг қўшимча манбалари ҳисобланади:

давлат корхоналари ва ташкилотлари, кооператив корхоналар ва ташкилотлар ҳамда аҳоли буюртмаси бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ моддий тусдаги ишлар (хизматлар) бажарилганлиги учун тушум;

бўш ёрдамчи хоналарни, иншоотларни, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

давлат корхоналари, кооператив ва бошқа корхоналардан, жамоат ташкилотларидан, шунингдек, айрим фуқаролардан тушган ихтиёрий бадаллар ва бериладиган моддий бойликлар;

бошқа тушумлар.

Турли манбалардан тушган барча маблағлар, меҳнат шартномаси бўйича аниқ ижрочиларга мўлжалланган пулдан ташқари, мактабгача тарбия муассасасининг даромадини ташкил этади.

Мактабгача тарбия муассасаси болаларга чет тилларни ўргатиш, хореография, ритмик гимнастика бўйича машғулотлар ўтказиш, шунингдек, белгиланган тартибда рухсат этилган бошқа қўшимча хизмат турларини ҳам бажаради.


3. Мактабгача тарбия муассасасининг таъминоти бўйича бухгалтерия ҳисоб-китоби марказлаштирилган бухгалтериялар ёки мактабгача тарбия муассасаси томонидан мустақил равишда юритилади.

Мактабгача тарбия муассасасининг молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш белгиланган тартибда шу ишга ваколатли органлар томонидан ўтказилади.


4. Мактабгача тарбия муассасасининг меҳнати ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш борасидаги ҳуқуқи Ягона тариф сеткаси ва шу масалага оид бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 2-сон, 5-модда