Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.05.1994 й. 258-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 14 майдаги

258-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ўқув юртларига абитуриентларни тест усулида танлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи органдир. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

республика таълим муассасаларига талабалар ва ўқувчи ёшларни тест усулида танлашнинг ягона давлат сиёсатини амалга ошириш механизмларини шакллантириш ва рўёбга чиқариш;

абитуриентлар билимларининг Ўзбекистон Республикасидаги давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;

иқтидорли ёшларни излаш ва танлаш тизимини такомиллаштириш;

мураккаблилик даражасига кўра таълим дастурларига мувофиқ келадиган тест вазифаларини ишлаб чиқиш;

тест синовлари натижаларининг холислиги ва ишончлилигини таъминлаш.


3. Марказ ўзига бевосита бўйсунувчи минтақавий филиалларни бошқаради.


4. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Олий Кенгашнинг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ва мазкур Низомга амал қилади.


5. Марказ ўзига берилган ваколатлар доирасида республика таълим муассасаларида ўқувчиларни тест синовидан ўтказиш соҳасида юзага келадиган муносабатларни норматив ва молиявий жиҳатдан тартибга солувчи ҳужжатлар чиқаради.


6. Марказ асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

республика таълим муассасаларига талабалар ва ўқувчилар танлаш бўйича тест материалларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва нашр қилади;

олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қабул қилиш Қоидаларига таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус ўқув юртларига ўқувчиларни қабул қилиш бўйича Давлат идоралараро комиссиясига тасдиқлаш учун киритади;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тест натижаларини пухта баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади;

тест материалларини ишлаб чиқади ва улар асосида олий ва ўрта махсус ўқув юртларига кираётган абитуриентларни тест синовларидан ўтказади;

тест синовларидан ўтувчилар учун ўқув услубий қўлланмаларни ишлаб чиқади ва нашр қилади;

тест материалларини тайёрлаш ва тест синовларини ташкил этишда қатнашадиган шахсларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади;

жаҳон тажрибасини ўрганиш асосида тест синовлари технологиясини такомиллаштиради;

тест материалларини ишлаб чиқиш ҳамда улардан фойдаланишда таълим ва бошқа муассасаларга маслаҳат ёрдами кўрсатади;

тест синовлари ўтказишга мўлжалланган тест материаллари мазмунининг махфийлигини сақлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини амалга оширади;

иқтидорли ёшларни излаш ва танлашнинг тест услубиётини ишлаб чиқади;

Молия вазирлиги билан биргаликда республика ўқув юртларида тест синовларини ўтказганлик учун тўловлар нормативларини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

республика вазирликлари, идоралари, таълим муассасалари, корхоналари ва ташкилотларидан Марказ зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материалларни олади;

олий ва ўрта махсус ўқув юртларидаги тест синовларининг натижаларини умумлаштиради ва уларни таълим сифатини такомиллаштириш ишида фойдаланишлари учун манфаатдор вазирликлар ҳамда идораларга юборади;

минтақавий филиалларни сақлаш харажатлари сметаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда маблағ билан таъминлашни амалга оширади;

тест синовлари масалалари билан шуғулланувчи хорижий таълимни бошқариш органлари ва фирмалари билан бевосита алоқалар ўрнатади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимлари асосида улар билан ҳамкорликни амалга оширади;

ташқи иқтисодий фаолиятни мустақил амалга ошириш ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда банк муассасаларида валюта счётига эга бўлади.


7. Марказга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган директор бошчилик қилади.


8. Марказ директори ўз ўринбосарларини Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тайинлайди. Ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлашни директор амалга оширади. Марказ директори минтақавий филиаллар раҳбарларини тайинлайди.


9. Марказ директори:

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ва уларни ижро этиш юзасидан Марказ тизимида бажарилиши шарт бўлган буйруқлар, йўриқномалар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Марказ зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, Марказ директори ўринбосарларининг, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг, минтақавий филиаллар раҳбарларининг Марказ фаолиятининг айрим соҳаларини бошқаришдаги жавобгарлик даражаларини белгилайди;

зарур ҳолларда бошқа вазирликлар ва идоралар раҳбарлари билан биргаликда қўшма буйруқлар чиқаради.


10. Марказ ва минтақавий филиаллар аппарати тузилмаси ҳамда ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


11. Марказнинг бўлимлари тўғрисидаги низомларни директор тасдиқлайди.


12. Давлат тест маркази юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўзининг тўлиқ номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.