Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.04.1996 й. ПФ-1425-сон "Ўзбекистон Республикаси ёшларининг "Камолот" жамғармаси тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

17.04.1996 й.

N ПФ-1425



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЁШЛАРИНИНГ "КАМОЛОТ"

ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДА


1. Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" жамғармасини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Республика Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон "Бизнесфонди" бошқаруви, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Республика касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Республика "Маънавият ва маърифат" жамоатчиллк маркази, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси, Республика "Маҳалла" хайрия жамғармаси ва бошқа таъсисчиларнинг таклифлари қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" жамғармаси ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши, чуқур билим, касб эгаллаши, ўзларида юксак маънавият, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик фазилатларини ҳосил қилиши, уларнинг истиқлол ишининг изчил давомчилари бўлиб етишишларида кўп қиррали ёрдам кўрсатишини ўзининг дастурий вазифаси қилиб белгилаганлиги маъқуллансин.


3. Жамғарма ўзини ўзи мустақил бошқарувчи, маблағ билан таъминловчи ва мустақил фаолият юритувчи ноҳукумат жамоат бирлашмаси сифатида юридик шахс ҳуқуқига эга эканлиги инобатга олинсин.


4. Жамғарма Ўзбекистонда келажаги буюк давлат барпо этиш, демократияни ривожлантириш, ёшлар қалбида миллий маънавиятимиз, маданий меросимиз ва умуминсоний қадриятлар заминида соғлом руҳ ҳамда дунёқарашни шакллантиришдек хайрли ишни мақсад қилиб қўйганлиги эътироф этилсин.

Жамғарма қуйидагиларни ўз фаолиятининг асосий йўналиши этиб белгилагани эътиборга олинсин:

- ёшларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза этиш ишларида қатнашиш, уларнинг билим олиш, меҳнат қилиш, сиёсий ва бош конституциявий ҳуқуқларини тўла амалга ошира олишлари учун зарур шарт-шароит яратиш;

- ёшларнинг тарбиясига тааллуқли кенг қамровли ишларни амалга оширишда давлат идоралари, муассасалар, меҳнат жамоалари, илмий, ижодий уюшмалар, жамоат ташкилотлари, ҳомийлар, жамоат арбоблари фаолиятини мувофиқлаштириш;

- ёшларда умуминсоний қадриятлар, миллий ахлоқ одоб, демократик йўналишларни такомиллаштириш асосида баркамол маънавий хислатлар, юртга муҳаббат, Ватанга садоқат, миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш учун зарур муҳит ва шарт-шароитнинг яратилишига кўмаклашиш;

- ёшларга замонавий билим, технологияларни эгаллаш, бозор иқтисодиёти қонуниятлари ва амалиётини ўзлаштириш, янгича фикрлаш омилларини ҳосил қилишда ёрдам кўрсатиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш.


5. Жамғармани қўллаб-қувватлаш, унинг фаолиятида иштирок этиш республика жамоатчилигининг, давлат идоралари, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари, фуқаролар, жамоат арбоблари, ёшлар мураббийлари, юрт оқсоқолларининг ватанпарварлик бурчи эканлиги таъкидлансин.


6. Жамғарма барча юридик ва жисмоний шахслар, жумладан хорижий фуқаролар, ташкилотлар, фирмалар ва уюшмалар учун очиқ эканлиги эътироф этилсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, Тошкент шаҳрида жамғарманинг бўлимларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб топилсин.


8. Жамғармани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг Устав доирасидаги фаолияти бўйича солиқлардан 5 йил муддатга озод қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Камолот" жамғармасининг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов