Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари таҳририятининг Устави (ЎзР ВМ 24.12.2003 й. 564-сон ва ЎзР ОМК 585-II-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

"Халқ сўзи" ва "Народное слово"

газеталари таҳририяти меҳнат

жамоасининг умумий йиғилиши

томонидан

(2003 йил 7 ноябрдаги

2-сонли баённома)

ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН


Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Кенгаши ва

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил "24" декабрдаги

585-II/564-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН


"Халқ сўзи" ва "Народное слово"

газеталари таҳририятининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари таҳририятининг (бундан кейин матнда "Таҳририят" деб юритилади) ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Газеталарнинг муассислари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан кейин матнда "Муассислар" деб юритилади) саналади.


3. "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари ижтимоий-сиёсий ва оммавий нашр бўлиб, ҳафтада 5 марта, ўзбек ва рус тилларида чоп этилади.


4. Таҳририят билан Муассислар ўртасидаги ўзаро муносабатлар мазкур Устав ва қонун ҳужжатлари асосида йўлга қўйилади.


5. Таҳририят Устави Таҳририят ходимларининг умумий йиғилишида қабул қилинади ва Муассислар томонидан тасдиқланган вақтдан бошлаб кучга киради. Таҳририят белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.


6. Таҳририят ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


7. Таҳририят юридик шахс сифатида ўз номига, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб рақамига, валюта ҳисоб рақамига ва бошқа хил ҳисоб рақамларига, алоҳида мол-мулкка, ўз номи ёзилган гербли муҳр, штамп, рамз, нашр ва товар белгиларига, шунингдек, иш юритиш қоғозларига эга бўлади.


8. Таҳририят манзили: Тошкент шаҳри, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй.



II. ТАҲРИРИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ,

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ЙЎНАЛИШЛАРИ


9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, унинг органлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий жараёнларни холис ва беғараз ёритиш Таҳририятнинг асосий вазифаси ҳисобланади.


10. Таҳририят Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сессиялари, Олий Мажлис Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамаси мажлислари материалларини, Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Олий Мажлис қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини чоп этади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ҳамда комиссиялари фаолиятини, республика парламенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасида ўтказиладиган бошқа тадбирларни ёритади.

Таҳририят Олий Мажлис Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бошқа расмий материалларнинг чоп этилишини таъминлайди.


11. Таҳририят Ўзбекистон Республикасида ва хорижда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритади, турли нуқтаи назар ва фикр-мулоҳазаларни изҳор этиш учун газета саҳифаларидан жой беради.


12. Таҳририят вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, қўшма корхоналар, чет эл ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар, муассасалар билан келишув ва шартномаларга мувофиқ, турли фаолият йўналишларига оид ахборотларни, шунингдек, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг реклама ҳамда эълонларини ҳақ олиш йўли билан босиб чиқаради.


13. Таҳририят газетани матбуотнинг ўзига хос хусусиятига мувофиқ белгиланган тартибда ва ўз вақтида чиқаришни таъминлайди.


14. Таҳририят ўз мақсадларини амалга ошириш учун:

- чоп этилаётган материалларнинг юксак касб маҳорати даражасида бўлишини таъминлайди;

- ходимлар меҳнатига уларнинг касб маҳоратлари даражаси, иш ва ижодий жиҳатдан қўшган ҳиссаси, ўз вазифасига масъулият билан ёндашишига мувофиқ ҳақ тўлайди;

- ишлаб чиқариш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлайди;

- жамоада иш жараёнида ҳар бир ходимнинг касб салоҳиятини тўла намоён этишига имкон берадиган қулай вазиятни вужудга келтиради, хизмат вазифаларини бажариш учун зарур моддий-техник шарт-шароитни яратиб беради;

- ходимларнинг ижодий ютуқларини маънавий ва моддий рағбатлантиради, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ҳақида ғамхўрлик қилади;

- Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлардаги даврий нашрлар, ижодий уюшмалар ва жамоат бирлашмалари билан алоқалар ўрнатади.



III. МУАССИСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Муассислар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- таъсис шартномаси, Устав ва қонун ҳужжатларида, шунингдек, улар билан таҳририят ўртасида тузилган шартномада белгиланган ваколатлари доирасида газетанинг ишларини бошқаришда иштирок этиш;

- таҳририятдан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини холисона ёритиш, Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини ҳамда матбуот учун мўлжалланган материалларни кўрсатилган вақтда эълон қилишни талаб қилиш;

- газетани муассислар ёки улар томонидан кўрсатилган учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқарувни амалга ошириши лозим бўлган бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) мулкий мажмуа сифатида ишончли бошқарувга топшириш;

- таҳририят фаолиятининг асосий йўналишларини белгилашда қатнашиш, Бош муҳаррирни, унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

- газета тугатилган ёки таҳририят фаолияти тугатилган тақдирда кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг ёки унинг қийматини қўшган мулкий улушига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш.


16. Муассислар қуйидагиларни бажариши шарт:

- газетанинг Уставини тасдиқлаш;

- газета таҳририяти билан шартнома тузиш;

- оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш;

- зарур ҳолларда моддий, молиявий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;

- Таҳририятнинг молия-хўжалик фаолияти тафтиш қилинишини таъминлаш.


17. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Муассислар бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва улар зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



IV. ТАҲРИРИЯТНИ БОШҚАРИШ


18. Таҳририят фаолиятининг жорий ва истиқболга мўлжалланган масалаларини ҳал этиш учун Бош муҳаррир, унинг ўринбосарлари, масъул котиблар, етакчи бўлим муҳаррирлари, журналистлар, Муассислар ва жамоатчилик вакилларидан иборат таҳрир ҳайъати тузилади. Таҳрир ҳайъатининг таркиби ва сони ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Бош муҳаррир таклифига биноан Муассислар томонидан тасдиқланади.


19. Таҳрир ҳайъати ўз ишини Бош муҳаррир томонидан тасдиқланган жорий ва истиқболга мўлжалланган режалар асосида юритади.


20. Таҳрир ҳайъати ва меҳнат жамоаси ишига газета Бош муҳаррири бошчилик қилади.


21. Бош муҳаррир Муассислар уни лавозимга тайинлаган вақтдан бошлаб ўз вазифасини бажаришга киришади.


22. Бош муҳаррир:

- мазкур Уставнинг бажарилиши учун Муассислар олдида жавоб беради;

- Бош муҳаррир ўринбосарлари лавозимига номзодлар тўғрисида ва уларни аъзоликдан чиқариш ҳақида Муассисларга ўз таклифларини тақдим этади;

- кредитларни тасарруф этади;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ, Таҳририятнинг мансабдор шахсларини, журналистлар жамоаси аъзоларини, бошқа ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисида меҳнат шартномалари тузади ҳамда улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилади;

- ўз ваколати доирасида меҳнат жамоасининг ҳар бир аъзоси томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради;

- меҳнат жамоаси аъзоларининг ойлик иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ устама ҳақ тўлашни амалга оширади;

- даромад ва харажатлар сметаси доирасида штат жадвалига ўзгартиришлар киритади;

- таҳририят фаолиятига оид ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳал этади.


23. Бош муҳаррир вақтинча ишда бўлмаган пайтларда унинг вазифасини Бош муҳаррирнинг ўринбосарларидан бири бажаради.


24. Журналистлар жамоаси таҳририятнинг бутун меҳнат жамоаси асосини ташкил этиб, у ижодий ходимлардан: Бош муҳаррир, унинг ўринбосарлари, масъул котиблар, адабий котиб, бўлим муҳаррирлари, шарҳловчилар, ўз махсус мухбирлари ва катта мухбирлар, мухбирлар, рассомлар, сураткаш-мухбир, таржимонлардан, реклама бўлими ходимлари, техник котибдан иборат бўлади. Бош муҳаррир таҳририят тузилмасидан келиб чиқиб, уни ўзгартириши мумкин.



V. ТАҲРИРИЯТНИНГ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШ-ХЎЖАЛИК ВА МОЛИЯ ФАОЛИЯТИ


25. Таҳририят ишлаб чиқариш-хўжалик, молия фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширади, белгиланган шаклда тезкор ва бухгалтерия ҳисоб-китобини юритади.


26. Қуйидагилар:

- газета обунасидан ва газетанинг чакана савдосидан тушадиган даромад;

- қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ноширлик, реклама ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад;

- банклар ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари;

- беғараз хайрия, ҳомийлик бадаллари, Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек, фуқароларининг хайр-эҳсонлари;

- зарурият туғилганда Муассисларнинг молиявий ёрдами;

- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Таҳририят фаолиятини маблағ билан таъминлаш манбалари ҳисобланади.


27. Таҳририят мулк сифатидаги бино ва иншоотларга, ускуналарга, жиҳозларга, юк ва енгил автомобилларга, маданий-маърифий ва соғломлаштириш ишларига мўлжалланган мол-мулкка, техника воситаларига, компьютерларга, пул маблағлари, акция ва бошқа қимматли қоғозларга ҳамда ўз фаолиятини моддий-техник таъминлаш учун бошқа зарур мол-мулкка эга бўлиши мумкин.


28. Таҳририят қонун ҳужатларига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар билан молия-тижорат битимларини тузади, кредитлар олади, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлади ва улар юзасидан тегишлича жавобгар бўлади.


29. Таҳририят ўз мол-мулки ва қонуний асосда олинган мол-мулк билан бошқа хўжалик субъекти фаолиятида иштирок этиш, корхоналар барпо этиш ёки барпо этишда муассислардан бири бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.


30. Таҳририят мазкур Уставда назарда тутилган ўз вазифаларини бажарар экан, қуйидагиларга ҳам ҳақлидир:

- қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ишлаб чиқариш, тижорат, молия фаолияти билан шуғулланиш;

- ахборот, реклама, дизайн, матбаачилик соҳаларида хизмат кўрсатиш;

- юридик ва жисмоний шахсларнинг маслаҳат хизматига оид эҳтиёжларини қондириш;

- чет эл инвестицияларининг мамлакатимиз иқтисодиётига кириб келишига кўмаклашиш;

- муайян тартибда ва доимий сарлавҳалар остида илова нашрлар чиқариш;

- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.


31. Олинган фойда Таҳририят тасарруфида бўлади ва Таҳририят ундан ўз ривожи учун мустақил фойдаланади, бу фойда асоссиз равишда олиб қўйилиши мумкин эмас.


32. Таҳририят ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шакли, тизими, миқдори, шунингдек, қалам ҳақи миқдорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


33. Таҳририят беғараз хайрия, ҳомийлик бадалларидан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг беғараз хайрия, ҳомийлик бадалларидан, шунингдек, реклама ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган даромадлардан ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш, бадал тарзидаги тўловлар мақсадлари учун фойдаланиш ҳуқуқига эга.


34. Таҳририят газетанинг даврийлигини, ҳажмини, ўлчамини ва нархини, бошқа ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар баҳосини белгиланган тартибда ўзгартириши мумкин.


35. Таҳририят ўз ишлаб чиқариш фаолиятини вақтли матбуот нашрларини етказиб берувчи, тарқатувчи корхоналар, ташкилотлар ва бошқа муассасалар билан шартномаларга мувофиқ режалаштиради.


36. Таҳририятнинг ташқи иқтисодий фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



VI. ТАҲРИРИЯТ ВА ХОДИМЛАР ЎРТАСИДАГИ

МУНОСАБАТЛАР. ТАҲРИРИЯТ УСТАВИ


37. Таҳририят жамоасидаги меҳнатга оид муносабатлар қонун ҳужжатлари, ушбу Устав, жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, лавозимга оид йўриқномалар ҳамда Таҳририятнинг бошқа ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ходимларнинг лавозимлари рўйхати Бош муҳаррир томонидан тасдиқланади.


38. Таҳририят ходимларига, шу жумладан, ходимлар рўйхатидан ташқари ишга қабул қилинган ходимларга ягона намунадаги гувоҳнома берилади.


39. Таҳририят Устави Таҳририят ходимларининг камида учдан икки қисми иштирок этган умумий йиғилишда кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Муассислар томонидан тасдиқланади. Қабул қилинган Устав қоидалари Таҳририятнинг барча ходимлари учун, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, мажбурийдир.


40. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Уставни қабул қилиш ва тасдиқлашдаги сингари тартиб бўйича амалга оширилади.



VII. ТАҲРИРИЯТ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ.

ТАҲРИРИЯТНИ ТУГАТИШ


41. Таҳририят ўз фаолиятини:

- Муассисларнинг қарорига биноан;

- суд қарорига асосан тўхтатади.


42. Муассислар таклифига мувофиқ (Муассислар таркибининг ўзгариши ва бошқалар), Таҳририятнинг ноширлик фаолияти вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.


43. Таҳририятни тугатиш Муассислар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.