Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.03.2005 й. 84-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 15 мартдаги

84-сон қарорига

ИЛОВА



Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш,

уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон

Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий

хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартибини, давлат органларининг ушбу ишларни амалга ошириш бўйича вазифаларини белгилайди.


2. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.



II. ФУҚАРОЛАРНИ МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТГА ЙИҒИШ ВА ЖЎНАТИШ ТАРТИБИ


3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Бирлашган штаби чақирилувчиларни ҳарбий қисмларга жўнатишнинг умумий жадвалини ишлаб чиқади. Чақирилувчиларни ҳарбий қисмларга жўнатиш жадваллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уларга тегишли қисми бўйича етказилади.


4. Чақирилувчиларни қўшинларга жўнатиш вилоят йиғин пунктларида амалга оширилади. Чақирилувчилар вилоят йиғин пунктларига мудофаа ишлари бўлимлари томонидан автобусларда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳамроҳлигида ташкилий равишда ва чақирилувчиларни жўнатиш жадвалларида белгиланган муддатларда етказилади.


5. Чақирилувчиларнинг қўшинларга жўнатиш учун мудофаа ишлари бўлимларига келиш вақти уларнинг вилоят йиғиш манзилларига ҳарбий командаларнинг ҳарбий қисмларга жўнатилишидан камида 4 соат олдин етиб келиши ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.


6. Чақирилувчиларни вилоят йиғин пунктларига жўнатишдан олдин мудофаа ишлари туман бўлимлари:

вилоят йиғиш манзилига юборилаётган ҳарбий командага номма-ном рўйхат тузиши;

вилоят йиғин пунктларига жўнатилаётган фуқароларга ҳарбий гувоҳномалар бериши ва улардан рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари ва паспортларини олиб қўйиши шарт.


7. Вилоят йиғин пунктида чақирилувчилар мудофаа ишлари бўлимлари вакилларидан номма-ном рўйхат бўйича қабул қилиш, қўшинларни бутлаш учун жўнатилаётган чақирилувчилар ҳарбий қисмларнинг вакилларига топширилади. Қўшинларнинг вакиллари (командаларнинг бошлиқлари) чақирилувчиларнинг ҳужжатларини ва ҳарбий ташув ҳужжатларини оладилар.


8. Мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари вилоят йиғин пунктларида вилоят чақирув комиссияларининг қарорлари билан муддатли ҳарбий хизматга олинган чақирилувчиларга "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ улар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари муддатли хизматига янгидан чақирилган ҳарбий хизматчилар эканлигини эълон қилади. Ҳарбий хизматчиларга ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти қатнови йўлида хавфсизлик чоралари ва хатти-ҳаракат қоидалари бўйича йўриқномалар берилади. Ҳарбий хизматчиларга ва уларнинг кузатиш учун келган ота-оналарига муддатли ҳарбий хизматни ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарорлари, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва имтиёзлари, қўшинларнинг ҳар хил турларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ хусусиятлари тушунтирилади.


9. Ҳарбий хизматчиларни қўшинларга жўнатиш кунида вилоят йиғин пунктида тантанали кузатиш бошлангунга қадар уларга шахсан фойдаланиш учун спорт кийими ва белгиланган намунадаги пойабзал берилади, улар бу буюмларни муддатли ҳарбий хизмат тамом бўлгандан кейин ўзлари билан олиб кетиш ҳуқуқига эга бўладилар.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мудофаа ишлари бошқармалари билан биргаликда ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга жўнатиш жадвали олингандан кейин уларни қўшинларга тантанали кузатиб қўйишни ташкил этиш ва амалга ошириш режаси тузилади.

Қўшинларга юборилаётган ҳарбий хизматчиларни тантанали кузатиб қўйиш чақирув комиссияларининг раислари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ўринбосарлари раҳбарлигида ташкил этилади ҳамда ҳокимликлар, Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" ижтимоий ҳаракати, "Маҳалла", "Нуроний" жамоат ташкилотлари, Хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари, ота-оналар иштирокида ўтказилади.

Тантанали кузатиб қўйиш мобайнида:

ҳарбий хизматчиларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга бағишланган митинг ўтказилади;

ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалари топширилади;

тантанали кузатиб қўйиш қатнашчилари ва ҳарбий хизматчиларга байрам тушлиги ташкил этилади;

ижодий жамоалар ва бадиий ҳаваскорлар концерти намойиш қилинади;

ҳарбий хизматчилар ота-оналар, ҳокимликлар, маҳаллий жамоатчилик вакиллари билан эсдалик учун суратга тушадилар.


11. Тантанали кузатиб қўйиш тугаллангандан кейин ҳарбий хизматчилар хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳамроҳлигида ташкилий равишда транспортда хизмат жойларига жўнатиш учун вокзалларга (аэропортларга) юборилади.

Ҳарбий хизматчилар ҳаракат хавфсизлиги шартларига жавоб берадиган, йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, техник жиҳатдан тайёр транспорт воситаларида тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида хизмат жойларига етказилади. Ҳарбий хизматчиларни мослаштирилган вагонларда ташиш қатъиян тақиқланади.


12. Оммавий ахборот вакиллари томонидан ҳарбий хизматчиларни қўшинларга кузатиш билан боғлиқ тантанали тадбирларни кенг ёритиш ташкил этилади.



III. ЧАҚИРИЛУВЧИЛАРНИ ҲАРБИЙ

ҚИСМЛАРДА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


13. Ҳарбий қўшилмалар ва ҳарбий қисмларнинг командирлари муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган ҳарбий хизматчиларни вокзаллар, аэропортларда шахсан кутиб оладилар ҳамда уларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳамроҳлигида бевосита ҳарбий қисмларга ташкилий равишда етказилишини амалга оширадилар.


14. Ҳарбий қисмларда янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш муносабати билан:

шахсий таркибни ҳаммомда ювинтириш ва ҳарбий хизматчиларга ҳарбий кийим-кечак кийдириш;

ҳарбий қисмларнинг командирлари, ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида қисмга ҳарбий хизматчилар келганлигига бағишланган тантанали митинглар ўтказиш;

байрам тушлиги ташкил этилади.


15. Қисмларнинг командирлари томонидан ҳарбий хизматчилар бўлинмаларда бўлган дастлабки ўн кунда:

юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тиббий тадбирлар комплекси (дастлабки тиббий кўриклар, профилактик эмлаш ва санитария кўриги), санитария маданияти даражасини ошириш тадбирлари (шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига риоя қилиш);

чақирилувчиларнинг маънавий-руҳий сифатларини ўрганиш, чақирилувчиларни такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш;

жамоатчиликни жалб этган ҳолда жойларда "Сен хизмат қилаётган ўлка" рукни остида мавзули тадбирлар ўтказилади. Бундай тадбирлар давомида ҳарбий хизматчиларга вилоят, туман, шаҳарнинг тарихи, иқтисодий соҳадаги муваффақиятлар ва ютуқлар, вилоят, туман, шаҳарнинг таниқли кишилари ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳарбий қисмнинг ташкил этилиши тарихи, унинг анъаналари ҳамда жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарлик борасида эришган ютуқлари билан таништирилади;

қисмдаги қурол-яроғлар ва техника ҳарбий хизматчиларга намойиш қилинади;

шахсий таркиб Ҳарбий қасамёдни, умумқўшин уставларини, муддатли ҳарбий хизматни ўташ масалалари бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларини ўрганади;

муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ашёлар ва пул, овқат билан таъминлаш нормалари, тиббий ва ҳаммом-кир ювиш хизматлари тартиби маълум қилинади.


16. Ҳарбий хизматчиларни жисмоний юкламаларга мослаштириш мақсадида ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларнинг командирлари, ҳарбий-тиббий хизматлар мутахассисларининг доимий назорати остида:

эрталабки бадантарбияни амалга ошириш жараёнида шахсий таркибни чиниқтириш ва жисмоний тайёргарлик бўйича режали машғулотлар;

ҳарбий хизматчиларнинг юкламаларга якка тартибда жисмоний ва руҳий чидамлилигини, уларнинг ҳарбий хизматчилар организмига таъсири даражасини аниқлаш;

ҳарбий хизматчиларни бўлинмаларда штатдаги лавозимлар бўйича тақсимлаш ҳақидаги қарорларни аниқлаштириш;

ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий мутахассисликлар сифатли ўзлаштириб олинишига, жисмоний ва ахлоқий камол топишига, мақсадли характер, Ватанга муҳаббатга ва унинг ҳимояси учун тайёр туришга асосланган қатъий ҳаётий нуқтаи назар шаклланишига йўналтирилган муддатли ҳарбий хизматчиларни жанговар ва ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида самарали тарбиялашни таъминлаш бўйича тадбирлар амалга оширилади.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ

КУЧЛАРИ РЕЗЕРВИГА БЎШАТИЛГАН ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРНИ ЖЎНАТИШ ТАРТИБИ


17. Муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилади.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқароларни ҳарбий хизматдан бўшатиш ва Ўзбекистон Ресупбликси Қуролли Кучларига навбатдаги чақирув тўғрисидаги қарори чиққандан кейин ҳарбий округлар штаблари Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари бирлашмалари штаблари, Ички ишлар вазирлиги ички ва қўриқлаш қўшинлари қўшилмалари ҳамда қисмлари билан биргаликда округ қўшинлари учун ягона ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш режасини ишлаб чиқадилар.


19. Ҳарбий қисмлар командирлари маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қисм билан тантанали хайрлашувини таъминлайдилар, хайрлашув давомида:

муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига жўнатишга бағишланган митинглар;

резервга бўшатилган, жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарлик аълочилари бўлган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига кириш учун ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномаларини топшириш;

резервга бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларга ёрдам пули бериш;

эсдалик совғалари топшириш;

ҳарбий хизматчиларнинг қисм қўмондонлиги билан эсдалик учун суратга тушиши;

байрам тушлиги ташкил этилади.


20. Ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларидан, Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларидан, Ички ишлар вазирлигининг ички ва қўриқлаш қўшинларидан, кейинчалик яшаш жойларига жўнатиш учун хавфсизлик чораларига риоя этган ҳолда белгиланган муддатларда вокзалларга (аэропортларга) етказилади.


21. Резервга бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларга ҳарбий гувоҳнома ва ҳисобга олиш-хизмат қилиш карточкаси берилади.



V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ

КУЧЛАРИ РЕЗЕРВИГА БЎШАТИЛГАН ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРНИ КУТИБ ОЛИШ ТАРТИБИ


22. Резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни тантанали кутиб олиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жойлардаги мудофаа ишлари бошқармалари билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилади.

Тантанали кутиб олиш давомида:

резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олишга бағишланган митинглар ўтказилади, митингда ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари иштирок этадилар;

ижодий жамоалар ва бадиий ҳаваскорлар концерти уюштирилади;

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг жойлардаги органлари вакиллари чиқишлари ўтказилади, бундай чиқишларда ҳарбий хизматчиларга ва уларнинг ота-оналарига ишга жойлаштириш ва касбга ўқитиш юзасидан маълумот берилади, тегишли эсдаликлар топширилади;

оммавий ахборот воситаларида резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш бўйича тантанали тадбирлар ёритилади.

Тантанали тадбирлар тамом бўлгандан кейин захирага бўшатилган ҳарбий хизматчилар хавфсизлик чораларига риоя этилган ҳолда ташкилий тартибда транспортда яшаш жойларига етказилади.



VI. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ

ОРГАНЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИДА МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТНИ ЎТАГАН ФУҚАРОЛАРНИ ИШ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ВАЗИФАЛАРИ


23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар бошқа тенг шартларда (таълим, касб малакаси ва бошқалар) давлат муассасалари, ташкилотлари ва корхоналарига ишга қабул қилишда мардликнинг армия мактабидан ўтган ва ватанпарварлик тарбияси сингдирилган,ҳарбий тайёргарлик кўрган ва ҳаётий тажрибага эга бўлган мамлакатнинг энг фаол ва тайёрланган кадрлар захираси ҳисобланган шахслар сифатида устунлик ҳуқуқидан фойдаланадилар.


24. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:

муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни ишга жойлаштиришни ва касбга ўқитишни;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишига қодир бўлмаган ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган шахслар учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ташкил этилаётган қонун ҳужжатларида белгиланган иш жойларининг энг кам (квота) сонига ишга жойлаштиришни;

фуқароларнинг кўрсатиб ўтилган тоифасини ишга жойлаштириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари фаолияти назорат қилинишини;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар билан уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ишга жойлашишини тушунтириш бўйича шахсан иш олиб борилишини;

мудофаа ишлари бўлимларининг резервга бўшатилган ҳарбий хизматчилар ишга жойлаштирилиши ва ижтимоий муҳофаза қилиниши тўғрисида белгиланган муддатларда хабардор қилинишини;

резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни ишга жойлаштириш юзасидан олиб борилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этилишини таъминлайдилар.


25. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат тест маркази, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролардан бўлган шахсларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришга сифатли тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди;

олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовлари ўтказиш давомида муддатли ҳарбий хизмат давомида жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарликда юқори кўрсаткичларга эришган ва Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларини олган фуқаролар учун энг кўп тўплаш мумкин бўлган баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар тарзидаги қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни ҳисобга олади;

ҳарбий қисмларнинг қўмондонлиги тавсиялари бўйича резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг олий таълим муассасаларига кириши учун зарур шарт-шароитларни ташкил этиш бўйича қилинган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.


26. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олишни амалга оширади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 10-11-сон, 74-модда.