Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Товарларни чакана савдо шохобчаларидан майда улгуржи сотиш Тартиби (ЎзР ВМ 28.04.1999 й. 200-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 28 апрелдаги

200-сон қарорига

1-ИЛОВА



Товарларни чакана савдо шохобчаларидан

майда улгуржи сотиш

ТАРТИБИ


1. Ушбу Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг "Истеъмол товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1999 йил 19 мартдаги 125-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва товарларни улгуржи савдо корхоналари, жисмоний шахслар томонидан турғун савдо шохобчалари орқали сотишни тартибга солади.


2. Товарларни майда улгуржи сотиш статистика органларида расмий равишда рўйхатдан ўтказилган ва тегишли ҳокимликлар томонидан берилган чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаларига эга бўлган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ҳокимликлар томонидан берилган чакана савдо ва умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаларининг нусхаси хизмат кўрсатувчи банкларга тақдим этилади.



ТОВАРЛАРНИ ЧАКАНА САВДО КОРХОНАЛАРИ

ТОМОНИДАН МАЙДА УЛГУРЖИ СОТИШ


3. Савдо корхоналари томонидан товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича майда улгуржи сотиш ўтган ой мобайнидаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга оширилади. Бунда майда улгуржи сотилган товарлар ҳар қайси ой учун алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

Товарларнинг ўтган ойлар ҳисобига майда улгуржи сотилишига йўл қўйилмайди.

Савдо ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари товарларни нақд пулсиз сотиш операцияларини амалга оширишда ушбу бандга амал қилишлари керак.


4. Чакана савдо ташкилотларига ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари (болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, меҳрибонлик уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифий муассасалар) учун товарларнинг товар айланмаси умумий ҳажмига нисбатан 10 фоиздан ортиғини нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича майда улгуржи сотишга рухсат этилади.



МАЗКУР ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШ

БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИК


5. Мазкур Тартиб талабларини бузганлик учун айбдор шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланади.



МАЗКУР ТАРТИБГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


6. Мазкур Тартибга риоя этилишини назорат қилиш давлат солиқ хизмати органларига юкланади.