Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автотранспорт қисқа муддат сақланадиган автомобиллар тўхташ жойларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолияти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.08.1999 й. 387-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 12 августдаги

387-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автотранспорт

қисқа муддат сақланадиган автомобиллар тўхташ

жойларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг

фаолияти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автотранспорт қисқа муддат сақланадиган автомобиллар тўхташ жойларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг  фаолияти тартибини белгилайди.


1.2. Мазкур Низомда автотранспорт қисқа муддат сақланадиган автомобиллар тўхташ жойлари деганда автотранспортни сақлаш жойлари аниқ жисмоний ёки юридик шахсларга (автомототранспорт воситалари эгаларига) бириктирилмасдан аэропортлар, вокзаллар, бозорлар, йирик савдо комплекслари, маданий-оммавий муассасалар ва бошқа объектлар яқинида ташкил этилган автотранспорт вақтинча сақланадиган жойлар тушунилади.


1.3. Мазкур Низомда қуйидагилар автомобиллар тўхташ жойлари сифатида қаралмайди:

а) жамоат гаражлари - жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг қарори ёки фармойиши билан ажратилган ерларда ташкил этиладиган, автотранспортни сақлаш жойлари ўз фаолиятини ширкатлар, кооперативлар ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллар кўринишида амалга оширадиган аниқ жисмоний шахсларга бириктирилган, фуқароларнинг транспорт воситаларини доимий сақлаш жойлари;

б) якка тартибдаги гаражлар - жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг қарори ёки фармойиши билан транспорт воситалари эгаларига ажратилган ерларда, яшаш жойи яқинида уларнинг маблағлари хисобига қурилган фуқароларнинг транспорт воситаларини сақлаш иншоотлари;

в) одатда, йўллар яқинидаги бўш майдонларда ёки йўллар четида транспорт воситаларини қисқа муддат сақлаш мақсадида ташкил этиладиган вақтинча тўхташ жойлари, улар учун ер майдони махсус ажратилмайди, уларни ташкил этиш эса архитектура ва ДАН органлари билан келишган ҳолда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида амалга оширилади.



II. АВТОМОБИЛЛАР ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИНИ

ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ


2.1. Автомобиллар тўхташ жойлари жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилади. Битта автомобиллар тўхташ жойи ҳудудий жихатдан алоҳида бўлган бир нечта майдонларни (автотранспортни сақлаш жойларини) таркибий бўлинмалар сифатида ўз таркибига киритиши мумкин.


III. АВТОМОБИЛЛАР ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИГА

НИСБАТАН ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


3.1. Автомобиль тўхташ жойи: қаттиқ қопламага эга бўлиши, ўралган, ёритилган, аҳлатларни йиғиш учун контейнерларга, ёнғинга қарши воситаларга, хизмат кўрсатувчи ходимлар учун биноларга, ёндош кўча ёки йўлларга чиқиладиган (кириш ва захира) дарвоза ёки шлагбаумга эга бўлиши керак.



IV. АВТОМОБИЛЛАР ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИГА

СОЛИҚ СОЛИШ ТАРТИБИ


4.1. Автотранспорт қисқа муддат сақланадиган автомобиллар тўхташ жойлари маҳаллий бюджетга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қатъий белгиланган солиқ тўлайдилар.

Автомобиллар тўхташ жойлари учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларининг чекланган миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Автомобиллар тўхташ жойлари учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларининг аниқ миқдорлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Қатъий белгиланган солиқлар автомобиллар тўхташ жойлари томонидан маҳаллий бюджетга ҳар чоракда, хисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача тўланади.

Бюджетдан ташқари жамғармаларга бадаллар автомобиллар тўхташ жойлари томонидан умумий белгиланган тартибда тўланади.


4.2. 1.3-банднинг “а” кичик бандида кўрсатиб ўтилган жамоат гаражлари солиқ ва йиғимларни қонун хужжатларига мувофиқ тўлайдилар.


4.3. 1.3-банднинг “б” кичик бандида кўрсатиб ўтилган якка тартибдаги гаражларнинг автотранспорт воситалари эгалари гаражлари учун  банд қилинган ер участкалари учун ер солиғи ва амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ мулк солиғи тўлайдилар.


V. АВТОМОБИЛЛАР ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИ ТАРТИБИ


5.1. Автомобиллар тўхташ жойларида автотранспортни сақлаганлик учун белгиланган намунадаги квитанция расмийлаштирилган, квитанция корешоги берилган ҳолда автомобиллар тўхташ жойлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича ҳақ ундирилади.


5.2. Автотранспорт сақлаш учун мўлжалланган автомобиллар тўхташ жойларида автотранспорт эгаларига транспорт воситаларига техника хизмати кўрсатиш ва уларга қараб туриш билан боғлиқ, миқдори белгиланган тартибда тасдиқланадиган алоҳида ҳақ учун хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Бундай хизматлар кўрсатишдан олинган даромадларга умумий белгиланган тартибда солиқ солинади.


5.3. Автомобиллар тўхташ жойлари томонидан автотранспортни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш нақд пулга амалга оширилади. Кўрсатилган хизматлардан тушган тушум автомобиллар тўхташ жойлари томонидан (жамоат гаражлари бундан мустасно) ҳар куни белгиланган тартибда, гаражлар бўйича эса - хизматлар учун шартномада назарда тутилган ҳақ олинадиган муддатда инкассация қилинади.



VI. АВТОМОБИЛЛАР ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


6.1. Автомобиллар тўхташ жойлари санитария ва ёнғинга қарши қоидаларга риоя килиниши учун, автотранспортнинг сақланиши (мол-мулкнинг муҳофаза қилиниши) учун, шу жумладан, автотранспортнинг автомобиль тўхташ жойида сақлаш пайтида ўғирланиши, қисмларининг ечиб олиниши ва шикастланиши ҳоллари учун жавоб беради.


6.2. Автомобиллар тўхташ жойлари ногиронлар учун махсус жихозланган камида икки жойни таъминлашлари шарт.

6.4. Бюджетга солиқлар тўланмаганлиги ва ўз вақтида тўланмаганлиги учун автомобиллар тўхташ жойлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

6.5. Автомобиллар тўхташ жойи:

табиий офатлар (зилзила, довул, сув тошкини ва бошқалар)да автотранспортга шикаст етказилганлиги учун;

автомобиль салонида турган ва унинг бутловчи қисмига кирмайдиган шахсий буюмларнинг сақланиши учун;

автомобиллар тўхташ жойи ҳудудидан чиққандан кейин у автотранспортнинг сақланиши бўйича даъво қилинган эътирозлар учун жавоб бермайди.