Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Санитария нормаларига, қоидаларига, гигиена нормативларига риоя қилмаганлиги ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар ўтказмаганлиги натижасида кишилар соғлиғига етказилган зарарни, шунингдек санитария қонунларини бузганлиги учун диагностика, даволаш ва профилактика ишларига кетган харажатларни корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалардан ва алоҳида фуқаролардан ундириб олиш тартиби ҳақида Низом (ЎзР ВМ 09.12.1992 й. 571 сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 9 декабрдаги

571 сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Санитария нормаларига, қоидаларига, гигиена

нормативларига риоя қилмаганлиги ҳамда эпидемияга

қарши тадбирлар ўтказмаганлиги натижасида кишилар соғлиғига

етказилган зарарни, шунингдек санитария қонунларини бузганлиги

учун диагностика, даволаш ва профилактика ишларига кетган

харажатларни корхоналар, муассасалар, ташкилотлар,

бирлашмалардан ва алоҳида фуқаролардан

ундириб олиш тартиби ҳақида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат санитария назорати ҳақида”ги Қонунининг 2, 6 ва 31-моддаларига асосан санитария нормалари, қоидаларига ва гигиена нормативларига риоя қилмаслик, эпидемияга қарши чора-тадбирларни ўтказмаслик натижасида одам ва аҳоли гуруҳлари соғлиғига зарар келтириб, улар касалланган ва заҳарланган ҳолларда, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва айрим фуқаролар диагностика килиш, даволаш учун ҳамда эпидемияга қарши кўрилган чора-тадбирларга кетган харажатларни тўлашга мажбурдирлар.


2. Соғлиққа етказилган зарарни ундирищ ҳақидаги талабнома соғлиғини йўқотган шахс ёки шахслар гурухи томонидан, шунингдек зарур холларда бевосита ҳудудий давлат санитария-эпидемиология хизмати ташкилотларининг рахбарлари томонидан тақдим этилади.


3. Инсон саломатлигига зарарли таъсир этувчи ҳамда унга касаллик келтириши мумкин бўлган омиллар қуйидагилардир:

атроф-муҳитни Ўзбекистон Республикаси учун тасдиқланган санитария нормалари ва гигиена нормативларидан юқори кўрсаткичга эга бўлган чиқиндилар, оқова сувлар ва нурланиш (жумладан, радиоактив)нинг ҳавони, сув манбаларини, ерни кимёвий, физикавий, биологик ифлослантириши;

санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативларига риоя қилмай тайёрланган ва сотилган сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ва бошқа саноат буюмлари;

аҳолининг турмуши, дам олиши, тарбияланиши, ўқиши ва даволанишини ташкил этиш ва ўтказиш, худудларни, иншоотларни, биноларни асбоб ускуналар ва транспорт воситаларини сақлаш борасида санитария қонунларининг, санитария норма ва қоидалари, гигиена нормативларининг бузилиши;


4. Инсон ёки аҳоли гуруҳи саломатлигига етказилган зарарни ундириб олиш учун атроф-мухитнинг саломатлик учун бевосита зарарли таъсир этувчи омиллари натижасида ҳозирги пайтда ёки олдин касалланганлиги ҳақидаги тиббий муассасанинг эксперт хулосаси асос бўлади. Бундай холларда киши саломатлигига зарар етказган томон озор кўрган киши олдида моддий жавобгардир ва диагностика, даволаш ва эпидемияга қарши ўтказилган чора-тадбирлар харажатини тўлайди.


5. Саломатликка етказилган моддий зарарни ундириб олиш қуйидаги тартибда белгиланади:


а) корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларга тиббий эксперт хулосаси тақдим этилгач, киши саломатлигига етказилган зарар ундирилади.

Озор кўрган кишининг меҳнат кобилиятини йўқотганлик даражасига (ВМЭК хулосаси бўйича) қараб унинг йўқотган ёки камайган ойлик маошига нисбатан фоизлар ҳисобида зарарни ундириш миқдори белгиланади. Белгиланган маблағ озор етган кишига унинг меҳнат қобилиятини йўқотган даврида ҳар ойда тўлаб борилади.

Доимий тўловдан ташқари, айбдор томон қўшимча равишда санатория-курортларда даволанишга (йўлланма ва санаторияга бориб-келиш ҳақлари), беморга ёрдам берувчи кишига, ногиронлик транспорт сотиб олишга (соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот ташкилотлари хулосаларига кўра) товон тўлаб туради;

озор етган киши саломатлигига зарар етказилганлиги оқибатида вафот этган тақдирда зарарни ундириш ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда белгиланади;

б) саломатликка зарар келтирган корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмалар даволаш-профилактика муассасаларига, санитария-эпидемиология станцияларига етказилган зарарни ҳам тўлашга мажбурдирлар, булар куйидаги харажатлардир;

жабрланувчиларни диагностика қилиш ва озор етганларни даволашнинг барча турларига харажатлар;

профилактика тадбирларининг барча турларига кетган харажатлар (юқумли касалликлар қайд қилинганда, озор етганларни ва улар билан алоқада бўлган кишиларни аниқлаш, касалхонага ётқизиш, дезинфекция, дезактивация, дегазация ишларининг ҳамма турлари, лаборатория тадқиқотлари ўтказиш, атроф-муҳитни ифлослантирганлиги ҳамда саломатлик учун зарарли бўлган ва касаллик келтириб чиқарган омиллар, иммунопрофилактик препаратларни сотиб олиш ва ишлатиш).


6. Корхона, муассаса, ташкилот, бирлашма ва айрим фуқаролар келтирилган зарарни тўлашдан бош тортган тақдирда даъво белгиланган тартибда судда кўриб чиқилади.


7. Етказилган зарарни тўлаш, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларни, айрим фуқароларни кишилар саломатлигига зарар етказганликлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, шунингдек санитария нормалари ва қоидалари хамда гигиена нормативларига риоя қилиш ҳақидаги талабларни амалдаги қонунга кўра бажаришдан озод этмайди.


8. Корхона, муассаса, ташкилот, бирлашмалар саломатликка зарар етказилганлик учун товон тариқасидаги молия маблағларини бевосита озор етган кишига тўлайдилар, даволаш, диагностика, санитария холатини яхшилаш ва эпидемияга қарши ўтказилган чора-тадбирлар учун эса вилоятлар, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасининг эпидемия жамғармасига ўтказадилар.

Тўлаш муддати ўтиб кетган тақдирда ҳар бир ўтган кун учун 1 фоиздан жарима белгиланади.