Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.1994 й. 570-сон "Германия Федератив Республикасининг кредит муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикасига бериладиган кредитлардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.11.1994 й.

N 570



ГЕРМАНИЯ ФЕДЕРАТИВ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КРЕДИТ МУАССАСАЛАРИ ТОМОНИДАН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИГА БЕРИЛАДИГАН КРЕДИТЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг устувор тармоқларидаги лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш учун немис кредит муассасалари томонидан бериладиган кредит ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федерал Ҳукумати ўртасида республикага 66,0 млн немис маркаси миқдорида имтиёзли нотижорат кредити берилишини ҳамда 10.5 млн немис маркаси суммасида грант ажратилишини назарда тутувчи молиявий ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан "АКА" немис банклари консорциуми ҳамда Иқтисодиётни тиклаш кредит банки (KfW) билан Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш учун тижорат асосида кредит битимлари имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги "KfW" банкининг узоқ муддати имтиёзли нотижорат кредитларининг асосий қарз олувчиси ва ГФР Ҳукумати томонидан бериладиган грантларнинг тақсимловчиси ҳисобланади.


3. Имтиёзли нотижорат кредит бўйича субқарздорлар бўлиб ҳисобланадиган "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси, "Ёғмойтамакисаноат", "Ўзгўштсутсаноат" уюшмалари, Алоқа вазирлиги, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда якка тартибдаги кредит битимларини расмийлаштириш учун зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминласинлар.


4. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда республика иқтисодиётининг айрим тармоқларини ривожлантириш устуворликларидан келиб чиқиб, бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига немис молия муассасалари орқали маблағ билан таъминлашга тавсия этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати бўйича таклифлар киритсин.


5. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини кейинчалик уларни немис кредит муассасалари кредитлари орқали маблағ билан таъминлашга оид таклифлар киритиш учун экспертизадан ўтказишни таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

10 кун муддатда Марказий банк, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси билан биргаликда ГФР Ҳукумати томонидан бериладиган грантни тақсимлаш тартибини, шунингдек "немис молия муассасаларининг тижорат ва нотижорат кредитлар бўйича қарз маблағларини ажратиш, хизмат кўрсатиш ва қайтариш тартибини ишлаб чиқсин;

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги экспертизаси асосида "АКА" ва "KfW" кредитлар доирасида тузиладиган якка тартибдаги кредит битимлари бўйича зарур бўлган кафолат мажбуриятларини расмийлаштирсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Молия вазири Б.С. Ҳамидов Германия Федератив Республикаси молия муассасаларининг кредитлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича тўлов кафолатларини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолаш учун вакил қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳукумат томонидан Германиянинг тегишли молия муассасаларига бериладиган кафолатларнинг ваколатлилиги тўғрисидаги юридик хулосаларни вақтида берилишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари Б.С. Ҳамидов ва Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                      И. Каримов