Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 08.07.1992 й. 315-сон "Туркия Республикаси томонидан ажратилган кредитлардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.07.1992 й.

N 315



ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ

ТОМОНИДАН АЖРАТИЛГАН КРЕДИТЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎFРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси раҳбарлари ўртасидаги аҳдлашувни ривожлантира бориб, Туркиядан қарзга 2 млн. тонна дон, 250 минг тонна қанд-шакар, уч йил давомида қайтариш шарти билан умумий суммаси 595 млн. АҚШ доллари ҳисобида дори-дармонлар, халқ истеъмоли моллари ҳамда бошқа товарларни харид қилиш ҳақида битимлар тузилди.

Туркия Республикаси томонидан ажратилган кредитлардан самарали фойдаланиш ва уларни ўз вақтида қайтариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, дон ва қанд-шакар харид қилишга шартномалар Туркия Ҳукумати, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан ажратилган кредит ҳисобига, товарлар харид қилишга 250 млн. АҚШ доллари юзасидан кредит битими эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Туркэкзимбанк томонидан тузилган.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Туркия Ҳукумати томонидан дон ва қанд-шакар етказиб бериш бўйича шартнома битимлари шартлари тасдиқлангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда қисқа муддат ичида ана шу кредитни расмийлаштириш ишларини ниҳоясига етказсин ҳамда қанд-шакар ва донни Ўзбекистонга тезроқ юбора бошлаш юзасидан ҳамма ташкилий масалаларни ҳал этсин.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги 1992 йилнинг 1 августига қадар Туркэкзимбанк ажратган кредитлар ҳисобига товарларни етказиб беришга Туркия фирмалари билан тегишли шартномалар тузсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги зиммасига Туркия Республикасидан кредитлар бўйича етказиб бериладиган товарлар импорти бўйича барча манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ишларини мувофиқлаштириш юклатилсин.


3. Кредитлар ҳисобига импорт қилинадиган товарлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ўрта Осиё темир йўл бошқармаси, Автомобиль транспорти вазирлиги тузилган шартномалар бўйича барча импорт юкларни Ўзбекистон ҳудудидаги тегишли станцияларга ташишни таъминласинлар.


5. Биринчи навбатдаги тўловларни амалга ошириш учун 1992 йилнинг июль-август ойларида импорт қилинадиган товарларни суғурта қилиш ва ортиш-тушириш, Анқара шаҳрида савдо ваколатхонасини ва Истамбул шаҳрида унинг филиалини ташкил этиш, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларини юбориш юзасидан биринчи навбатдаги тўловларни амалга ошириш учун Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига Вазирлар Маҳкамасининг валюта фондидан 8 млн. АҚШ доллари ажратилсин.

Импорт қилинадиган товарларни ортиш-тушириш ва суғурта қилиш билан боғлиқ бўлган бундан кейинги валюта харажатларини қоплаш мақсадида 1992 йилнинг охирига қадар 25 минг тонна пахта толаси ажратилиб, уни ҳар ойда баббаравар тақсимлаб борилсин ва 1993 йилнинг биринчи чорагида 20 минг тонна пахта толаси ажратилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ана шу кўрсатилган пахта толаси миқдорини "Ўзбек-трейдинг-Штахель Хардмаер" Швейцария пахта компанияси орқали (таркиб топган жаҳон нархлари бўйича) аванс тўловлари шартлари асосида амалга оширсин.


6. Вазирликлар ва идоралар иловага мувофиқ товар олувчилар импорт қилинадиган товарларни ортиш-тушириш ва суғурта қилиш билан боғлиқ бўлган ҳамма харажатларни (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ичида юк ортиш-тушириш ҳақи, транспорт харажатларини қоплаш учун ажратилган экспорт товарлар ҳақи, шунингдек уларни ташиш, декларациялаш, божхона тартиб-қоидалари) ва банклардаги ҳисоб-китоблар бўйича харажатларни сўм ҳисобида тўласинлар.


7. 1992 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил учун экспорт-импорт режасини шакллантираётганда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги буюртмаларига мувофиқ 1993-1994 йилларда улар бўйича кредитлар ва процентларни қоплашни таъминлаш учун 247,7 млн. АҚШ доллари ҳажмида зарур экспорт ресурсларининг зарур миқдори ажратилсин.


8. Кейинчалик, Ўзбекистон Республикасининг экспорт-импорт режалари шакллантирилаётганда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг таклифи бўйича кредитларни ва улар бўйича процентларни қоплаш учун 1994-1995 йилларда 235,5 млн. АҚШ доллари ва 1995-1996 йилларда 176,8 млн. АҚШ доллари ҳажмида тегишли экспорт ресурслари ажратиш назарда тутилсин.


9. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги кредитлар ва улар бўйича процентларни қоплаш учун ажратилган товарлар ва маҳсулотларни экспорт қилишни ҳамда валюта маблағларининг ўз вақтида тушишини таъминласин.


10. Белгилаб қўйилсинки, экспорт қилинадиган товарлар ва уларни ортиш-тушириш, декларациялаш ва божхона тартиб-қоидалари билан боғлиқ бўлган харажатлар қийматини қоплашга сўм харажатларини тўловчилар импорт товарларни олувчи вазирликлар ва идоралардир. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Божхона қўмитаси икки ҳафта муддат ичида кўрсатилган кредит битимлари доирасида импорт ва экспорт қилинадиган товарлар нархини ва ҳақини белгилаш тартибини ўрнатсинлар.


11. Кредитдан фойдаланиш ва уни қайтариш бўйича мажбуриятларни бажариш масалаларини тезкор ҳал этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки барча тўловларини мувофиқлаштириш мақсадида:

кредитларни ва улар бўйича процентларни кредит битимлари ва қарз мажбуриятларида назарда тутилган муддатларда ўзлаштириш, тўлаш бўйича ҳисоб-китобларни ташкил этишни ва барча операцияларни бажаришни ташкил этсин;

қуйидаги тегишли счётларни очсин:

Туркия тижорат банклари ва Туркэкзимбанк билан асосий қарз бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар учун  процентлар бўйича;

экспортчилар билан (ҳар бир вазирлик импорт қилувчи бўйича субсчётлар билан) ҳисоб-китоб қилиш учун махсус сўм счёти ва 250 млн. доллар ҳисобида кредит битимига хизмат кўрсатиш учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг валюта счёти;

буғдой ва қанд-шакар етказиб бериш бўйича шартномаларга хизмат кўрсатиш бўйича Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги учун махсус сўм ва валюта счётлари.


12. Импорт қилувчи вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар ҳар бир импорт партияси олинган кундан бошлаб 2 ой давомида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги ўзларининг махсус сўм счётига ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги счётига экспорт товарларининг эквивалент миқдори ҳақини тўлаш маблағларини ўтказишни таъминласинлар.

Зарур бўлган ҳолларда Ўзбекистон давлат банки импорт қилувчи вазирликлар ва идораларнинг асосланган буюртмалари бўйича зарур кредитлар ажратсин.


13. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги:

1992 йил 12 июлга қадар Туркия Республикасига импорт товарларини танлаш, Туркиянинг экспорт қилувчи фирмалари, транспорт фирмалари билан шартномалар тузиш ҳамда кредитлар ҳисобига етказиб бериладиган товарларни ўз вақтида юклаб юборишни таъминлаш учун Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва манфаатдор вазирликларнинг мутахассисларини юборсин;

1992 йилнинг июль ойи ичида Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги савдо ваколатхонасини ва Истамбул шаҳрида унинг филиалини очсин.


14. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги мазкур қарорни амалга ошириш доирасида валюта ажратмаларидан, божхона тўловларидан ва бюджетга солиқлардан озод этилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки 1992 йилнинг 1 сентябрига қадар Туркэкзимбанк томонидан ажратилган 50 млн. АҚШ долларидан фойдаланиш тўғрисида таклифлар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистонга Туркия Республикасидан қўшимча инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларни давом эттирсин.


17. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки мазкур қарорнинг бажарилиши ҳақида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилиб турсинлар.


18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари ўртоқ Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Муталов






Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 8 июлдаги

315-сон қарорига

ИЛОВА



Кредитлар ҳисобига импорт қилинадиган товарлар

РЎЙХАТИ

     

N


Товарлар номи


Суммаси, (млн. АҚШ доллари ҳисобида)


Товарларни оладиган

вазирликлар ва

идораларнинг номи.

Бажариш учун  масъул


1.

Ун (260 минг тонна)

45,0

"Ўздонмаҳсулот" концерни

Н.Д.Тен - раис ўринбосари


2.

Бутерброд маргарини (12,5 минг тонна)

5,0

"Ўзбексавдо" уюшмаси

А.С.Жалолов - раиснинг биринчи ўринбосари


3.

Қанд-шакар


13,0

"

4.

Ноозиқ-овқат товарлари


20,0

"

5.

Тиббиёт препаратлари, хом ашё ва компонентлари, асбоб-анжомлар ва инструментлари


52,0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Р.Т.Султонов - вазир ўринбосари

6.

Автомобиль транспорти ва эҳтиёт қисмлар


30,0

Автомобиль транспорти вазирлиги

Л.А.Ахметов - вазир

7.

Темир йўл комплектлари ва купели вагонлар

10,0

Ўрта Осиё темирйўл бошқармаси

Ш.Қ.Қодиров - бошлиқнинг биринчи ўринбосари


8.

Қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов бериш учун кимёвий препаратлар


15,0

"Ўзқишлоқхўжаликкимё" РИИБ

Ж.Ж.Шарипов - раис


9.

Чой ва бошқа озиқ-овқат товарлари

10,0

"Ўзбексавдо" уюшмаси

А.С.Жалолов - раиснинг биринчи ўринбосари, "Ўзозиқовқатсаноат" концерни А.Б.Жамолов - раис


10

Дон (2,0 млн. тонна)

270,0

"Ўздонмаҳсулот" концерни

Н.Д.Тен - раис ўринбосари


11

Қанд-шакар (250 минг тонна)

75,0

"Ўзбексавдо" уюшмаси

А.С.Жалолов - раиснинг биринчи ўринбосари



Жами:


545,0


Товарларнинг аниқ номенклатураси шартномаларни имзолаш вақтида аниқланади.