Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.01.2003 й. 42-сон "Япония Ҳукуматининг маданият соҳасидаги беғараз ёрдамидан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.01.2003 й.

N 42




ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИНИНГ МАДАНИЯТ

СОҲАСИДАГИ БЕҒАРАЗ ЁРДАМИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Хива, Бухоро, Шахрисабз, Самарқанд ва бошқа шаҳарларида жойлашган маданий ва тарихий меросни сақлашга 141,0 млн Япония йени миқдоридаги асбоб-ускуналарни етказиб бериш учун Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдамидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Алмашув ноталарини имзолашга вакил қилинсин.


2. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигига беғараз ёрдамни олиш учун зарур тадбирларни Япония томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш юклансин.


3. Беғараз ёрдам доирасида Ўзбекистон Республикасига келаётган асбоб-ускуналар божхона тўловларидан озод қилинсин, божхона расмийлаштируви учун ундириладиган йиғимлар бундан мустасно.


4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги белгиланган тартибда Маданият ишлари вазирлигининг талабномалари бўйича лойиҳани амалга ошириш учун жалб этилаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар консуллик йиғимлари ундирилмасдан берилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият ишлари вазирлигининг талабномаларига кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларнинг виза муддатларини узайтириш, уларни турар жойларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилиши давлат божи ундирмасдан амалга оширилишини таъминласин.


6. Ваколатли банк Маданият ишлари вазирлигининг буюртманомаларига кўра беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатганлик учун Япония томонининг воситачилик ҳақини тўлашга сўмлардаги маблағлар конвертация қилинишини таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                          Ў. Султонов