Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.2013 й. 203-сон "Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида "Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш (Саломатлик-3)" лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.07.2013 й.

N 203



ЖАҲОН БАНКИНИНГ ХАЛҚАРО ТАРАҚҚИЁТ

УЮШМАСИ ИШТИРОКИДА "СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ (САЛОМАТЛИК-3)"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғини даражасида ва туманлар (шаҳарлар) тиббиёт бирлашмаларида сифатли тиббий хизматлар олишини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 сентябрдаги ПҚ-1614-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан молиявий ҳамкорликда "Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш (Саломатлик-3)" лойиҳаси (кейинги ўринларда Лойиҳа деб аталади) амалга оширилаётганлиги;

2013 йил 7 мартда Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши Лойиҳани қўшимча молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасига Халқаро тараққиёт уюшмасининг 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига оладиган, қайтариш муддати 25 йил бўлган қарз олишнинг махсус ҳуқуқли 60,6 млн. миқдоридаги кредитини беришни маъқуллаганлиги;

Лойиҳани амалга ошириш даври 2018 йилгача узайтирилганлиги ва саккиз йилни (2011 - 2018 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикасига Халқаро тараққиёт уюшмасининг кредити Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасидаги қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги битим асосида берилади;

Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитини қайтариш билан боғлиқ харажатлар ҳамда кредит бўйича фоиз ва воситачилик тўловлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитини қайтаришнинг ҳамда Лойиҳа бўйича фоиз ва воситачилик тўловларининг прогноз жадвали иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига Халқаро тараққиёт уюшмаси билан қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги битимни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолаш ваколати берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасидаги қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқий хулоса берсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Лойиҳанинг тузатилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ва молиялаштириш режасини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, келишиш ва киритишни таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев



*) Илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 22 июль, 29-сон, 374-модда