Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.04.2013 й. 96-сон "Тараққиёт учун озиқ-овқат" дастури доирасида "Соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғинида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга ва тез тиббий ёрдам машиналарини жиҳозлашга кўмаклашиш" лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.04.2013 й.

N 96



"ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ОЗИҚ-ОВҚАТ"

ДАСТУРИ ДОИРАСИДА "СОҒЛИҚНИ

САҚЛАШНИНГ БОШЛАНҒИЧ БЎҒИНИДА

АҲОЛИГА ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

СИФАТИНИ ОШИРИШГА ВА ТЕЗ ТИББИЙ

ЁРДАМ МАШИНАЛАРИНИ ЖИҲОЗЛАШГА

КЎМАКЛАШИШ" ЛОЙИҲАСИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА



"Тараққиёт учун озиқ-овқат" дастури бўйича Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Битим доирасида Ўзбекистон Республикасига берилган грантдан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг "Тараққиёт учун озиқ-овқат" дастури доирасида грант маблағларининг фойдаланилмаган қисмини қайта тақсимлаш ҳисобига Соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғинида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга ва тез тиббий ёрдам машиналарини жиҳозлашга кўмаклашиш" лойиҳасини (кейинги ўринларда Лойиҳа деб аталади) иловага* мувофиқ молиялаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Грант маблағларининг фойдаланилмаган қисми ҳисобига Лойиҳани молиялаштириш масаласи АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғини муассасалари фаолиятини бошқариш ва мониторингининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, шунингдек Сирдарё вилоятида ва Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам машиналарини қўшимча тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш ҳисобига аҳолига дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифатини ошириш Лойиҳанинг асосий йўналиши этиб белгилансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

"Тараққиёт учун озиқ-овқат" дастури доирасида тушган маблағларни жамлаш учун очилган махсус ҳисоб рақамидан Лойиҳанинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин;

грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш мониторингини амалга оширсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Лойиҳани молиялаштиришнинг йил ва йил чораклари бўйича жадвалини бир ой муддатда ишлаб чиқсин;

маблағлардан мақсадли фойдаланилишини ва Лойиҳанинг амалга оширилиши тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев



*) Илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 8 апрель, 14-сон, 182-модда