Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.09.2009 й. 258-сон "Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида "Мактаб таълимини ривожлантириш. 2-босқич" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.09.2009 й.

N 258


ХАЛҚАРО ТАРАҚҚИЁТ УЮШМАСИ ИШТИРОКИДА

"МАКТАБ      ТАЪЛИМИНИ      РИВОЖЛАНТИРИШ.

2-БОСҚИЧ" ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республика умумтаълим муассасаларини замонавий мактаб жиҳозлари, компьютер техникаси ва ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарини асбоблар билан жиҳозлаш даражасини янада ошириш, шунингдек Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

"Мактаб таълимини ривожлантириш. 2-босқич" лойиҳасини амалга ошириш учун Халқаро тараққиёт уюшмасининг 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган қайтариш муддати 35 йил бўлган 18,9 млн. қарз олишнинг махсус ҳуқуқлари суммасидаги (эквивалентда 28,0 млн. АҚШ доллари) кредитини Ўзбекистон Республикасига бериш 2009 йил 25 июнда Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан маъқулланганлиги;

лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши эквивалентда 8,0 млн. АҚШ долларини ташкил этиши, шу жумладан, эквивалентда 6,4 млн. АҚШ доллари - солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши шаклида эканлиги;

лойиҳани амалга ошириш даври 4 йилни (2010 - 2013 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

кредит Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасидаги молиялаштириш тўғрисидаги битимга асосан берилади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ва лойиҳа амалга оширилиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

кредитни қайтариш, шунингдек воситачилик ҳақи тўлаш билан боғлиқ харажатлар ва кредит бўйича бошқа харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

асосий техник-иқтисодий параметрлар билан биргаликда "Мактаб таълимини ривожлантириш. 2-босқич" лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари 1-иловага* мувофиқ;

лойиҳани молиялаштириш режаси 2-иловага* мувофиқ;

Халқаро тараққиёт уюшмасининг кредитини қайтариш ва кредит бўйича воситачилик ҳақи тўлаш жадвали 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ўзбекистон Республикаси номидан Халқаро тараққиёт уюшмаси билан молиялаштириш тўғрисидаги битимни имзолашга вакил қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасидаги молиялаштириш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

икки ой муддатда лойиҳани мувофиқлаштириш ва бошқариш функцияларини Халқ таълими вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмаларига юклашга доир ташкилий масалаларни ҳал этсин;

Халқаро тараққиёт уюшмасининг тартиб-қоидаларига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур ҳисоботлар ва бошқа ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаш ва тақдим этиш ташкил этилишини таъминласин;

бир ой муддатда тегишли вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларидан бўлган 9 кишидан иборат тендер комиссияси таркибини белгиласин ҳамда уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекси билан келишсин.


7. Халқаро тараққиёт уюшмасининг кредити ҳисобига кўрсатиб ўтилган лойиҳа доирасида сотиб олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно), қўшилган қиймат солиғидан ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига ва бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан озод қилинсин.

Белгилансинки:

кўрсатиб ўтилган имтиёзлар берилиши натижасида бўшаб қоладиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга улуши ҳисобланади;

ушбу бандда назарда тутилган имтиёзлар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш бундан мустасно, лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси маблағлари ҳисобига сотиб олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га нисбатан ҳам қўлланилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга давлат божлари тўлашдан озод қилинган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек улар Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш узайтирилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           И. Каримов



*) 1-3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 37-сон, 409-модда.