Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.06.2004 й. 256-сон "Ўзбекистон Республикаси вакилларини ўқитишни ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг грантларидан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.06.2004 й.

N 256


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАКИЛЛАРИНИ ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

УЧУН ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИНИНГ ГРАНТЛАРИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси вакилларини Японияда ўқитишни ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг 368 млн Япония йени ва 174 млн Япония йени миқдоридаги грантларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси вакилларини Япониянинг етакчи университетлари магистратурасида ўқитишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

20 кишидан иборат номзодларни танлаб олиш Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Азизхўжаев Айирбошлаш ноталари сифатидаги битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.


3. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига - Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам маблағларини олиш ва уларга хизмат кўрсатишга доир барча тартиботларни расмийлаштириш, шу жумладан стипендиатларни биргаликда танлаш ва Японияга юбориш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига - юқорида кўрсатилган беғараз ёрдам ҳисоб-китоби юзасидан хизмат кўрсатиш юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Айирбошлаш ноталарида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирмасдан кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур тоифадаги ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин;

уларнинг хизмат фаолияти устидан доимий мониторингни амалга оширсин.


8. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар, концернлар ва корпорациялар, корхоналар ва ташкилотлар магистратурани битирувчи япон грантлари совриндорларининг устувор равишда ишга қабул қилинишини ҳамда уларнинг ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                             И. Каримов