Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кредит уюшмаларининг кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида Низом (АВ томонидан 14.03.2011 й. 2208-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 05.02.2011 й. 4/3-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 14 мартда 2208-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2011 йил 5 февралдаги

4/3-сон қарорига

ИЛОВА



Кредит уюшмаларининг кредит сиёсатига

нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 65-модда) қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ кредит уюшмаларининг кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талабларни белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Кредит уюшмасининг кредит сиёсати (кейинги ўринларда кредит сиёсати деб юритилади) кредит уюшмаси ўз аъзоларини кредитлаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликни бошқаришда кредит уюшмаси раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган чоралар ва услубиётларни белгиловчи ҳамда кредит уюшмасининг кредит портфелини самарали бошқаришга доир кўрсатмалар билан таъминловчи ҳужжатдир. Кредит сиёсати кредит уюшмаси томонидан амалга ошириладиган кредитлаш фаолиятининг мақсадлари, тамойиллари, йўналишлари ва тартибини белгилаб беради.


2. Ҳар бир кредит уюшмаси ўз кредит сиёсатини ишлаб чиқади. Кредит сиёсати алоҳида ҳужжат сифатида ишлаб чиқилади ва кредит уюшмаси кенгаши томонидан тасдиқланади.

Кредит сиёсати кредит уюшмаси кенгаши томонидан ҳар йили камида бир марта тегишли йилнинг 1 февралигача бўлган муддатда қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.


3. Кредит сиёсатини ишлаб чиқиш ва ижро этиш юзасидан жавобгарлик кредит уюшмасининг кенгаши, кредит қўмитаси ва ижро этувчи органига юклатилади.


4. Кредит сиёсатининг йўналишлари кредит уюшмаси фаолият юритаётган ҳудуднинг иқтисодиёти хусусиятларига қараб белгиланади.



II. КРЕДИТ УЮШМАЛАРИНИНГ КРЕДИТ СИЁСАТИГА

НИСБАТАН ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Кредит сиёсатининг мақсади қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

кредит уюшмаси аъзоларининг кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш;

кредитларни бериш жараёнида қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш;

берилган кредитларнинг муддатида қайтарилишини таъминлаш;

ликвидликни сақлаб туриш;

таваккалчиликни диверсификация қилиш;

берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини ҳамда қарздорнинг молиявий ҳолатининг доимий мониторингини амалга ошириш.


6. Кредит сиёсатида кредит уюшмаси томонидан ўз аъзоларига бериладиган кредитларнинг турлари (истеъмол, ипотека, микрокредит, "кредит линиясини очиб ва очмай" кредитлаш ва бошқалар) ҳамда соҳалари (савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқалар) белгилаб қўйилади.


7. Кредит сиёсатида кредит уюшмаси томонидан таклиф этилаётган кредитларнинг янги турлари бўйича маълумотларни кредит уюшмаси аъзоларига етказиш тартиби белгиланади. Кредит сиёсатида кредит уюшмаси учун мос келмайдиган кредит турлари кўрсатилган бўлиши керак.


8. Кредит сиёсати кредит турлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар ва бошқалар бўйича кредитларни диверсификациялаш даражасини белгилаш ва уларни мониторинг қилиш тўғрисидаги талабларни ўз ичига олади.


9. Кредит сиёсатида бериладиган кредитларнинг турига қараб, талаб қилиб олинадиган ҳужжатларнинг рўйхатлари ҳамда кредит ҳужжатлари тўпламини расмийлаштириш тадбирлари белгиланиши лозим. Кредит уюшмаси аъзоларига берилган кредитлар бўйича расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳар бир қарздор бўйича алоҳида йиғмажилдда юритилади.


10. Кредит сиёсатида қарз олувчиларнинг кредит қобилиятини баҳолаш учун уларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш тадбирлари ёритилиши керак. Кредит сиёсатида қарз олувчиларнинг кредит қобилиятини баҳолаш мезонлари ва методикаси белгиланади.


11. Кредит сиёсати кредитни бериш жараёнида ҳамда кейинги мониторинг босқичларида қарз олувчи кредит уюшмаси аъзоларининг молиявий ҳолатига қўйиладиган қуйидаги талабларни ўз ичига олиши лозим:

кредит уюшмаси аъзолари бўлган жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотлар ва юридик шахсларнинг молиявий ҳисоботларига нисбатан қўйиладиган талабларни;

жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни ҳамда юридик шахсларнинг молиявий ҳисоботларини таҳлил қилиш, пул оқимлари ва бошқа маълумотлар бўйича қўшимча ҳисоботларни тақдим этиш юзасидан қўйиладиган талабларни.

Бунда юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ бўлиши керак.


12. Кредит сиёсати кредит уюшмасининг қарз олувчи аъзолари томонидан тақдим этиладиган бизнес-режага буюртмалар портфелининг тузилиши ва кредит уюшмаси кредитидан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган хизматлар, ишлаб чиқариладиган товарларни сотиш бозорининг мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича талабни ўз ичига олиши лозим.


13. Кредит сиёсатида кредитларнинг ҳар бир тури бўйича фоиз ставкаларини белгилаш мезонлари акс эттирилади. Бунда, кредит бўйича хизмат кўрсатишга доир кутилаётган харажатлар, воситачилик ҳақи, маъмурий харажатлар ҳамда кредит уюшмасининг маржасини белгилаш тартиби кўрсатилади.


14. Кредит сиёсатида бериладиган кредитлар учун ҳисобланадиган фоизлар кредитнинг қолдиқ суммасига ҳар куни ҳисоблаб борилиши белгилаб қўйилиши шарт. Муддати ўтган кредитларга ҳисобланадиган пенялар ёки оширилган ставкада ҳисобланадиган фоизлар берилган кредит бўйича муддати ўтган қарздорликка қанча миқдорда ва муддатгача ҳисоблаб борилиши ҳамда ушбу шартлар кредит шартномасининг алоҳида бандида қайд этилиши ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиши зарур.


15. Кредит сиёсати муайян турдаги мол-мулк (кўчмас ёки кўчар мол-мулклар) гарови асосида бериладиган кредитларнинг максимал миқдори лимитларини белгилайди. Кредит сиёсатида кредитни бериш вақтида кредитга қўйилган гаров таъминоти кредитни қайтаришнинг бирламчи манбаси бўлмаслиги белгилаб қўйилиши керак.


16. Кредит сиёсати гаровга олинган мол-мулк турига қараб, гаровга қўйилаётган мол-мулкка (гаров нарсасига) нисбатан қўйиладиган зарурий талаблар (гаровга қўювчи ёки ваколатли шахснинг ваколатлари, гаров нарсасига тегишли барча ҳужжатларнинг тегишлича расмийлаштирилганлигининг ўрганилиши) ва кредит ҳажмининг гаров қийматига бўлган нисбатини ўз ичига олади.

Бунда гаровга қўйилаётган мол-мулк белгиланган тартибда баҳоланиши ва унинг бозор қиймати уни сотиш керак бўлган пайтда юзага келиши мумкин бўлган харажатларни қоплашга етарли бўлиши лозимлиги ёритилиши зарур.


17. Кредит сиёсатида гаров нарсасини баҳоловчи ташкилот ёки кредит уюшмасининг ўзи томонидан баҳоланадиган ҳолатлар кўрсатиб ўтилади ҳамда турли гаров тоифаларини баҳолаш услублари акс эттирилади.


18. Кредит сиёсатида кредит уюшмаси томонидан бериладиган кредитларнинг таъминоти сифатида олинадиган кафилликлар бўйича кафилнинг молиявий ҳолатини баҳолаш юзасидан талаблар белгиланиши лозим.


19. Кредит сиёсатида кредитлаш учун масъул бўлган шахсларнинг кредитлаш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича ваколатлари белгиланади.


20. Кредит қўмитаси томонидан ўтказиладиган мажлислар даврийлиги ҳамда унда муҳокама қилинадиган масалалар ҳам кредит сиёсатида белгилаб қўйилади.


21. Кредит уюшмаси кенгаши, тафтиш комиссияси, кредит қўмитаси аъзолари ва кредит уюшмаси ижро этувчи органи раҳбари ҳамда ходимлари, шунингдек уларнинг яқин қариндошлари билан кредит уюшмаси ўртасида тузиладиган кредит шартномалари кредит уюшмасининг бошқа аъзолари билан тузиладиган кредит шартномаларига нисбатан қулай шартларда тузилишига йўл қўйилмаслиги ва ушбу шахсларга кредит бериш уюшма кенгаши қарори билан амалга оширилиши кредит сиёсатида белгиланган бўлиши зарур.


22. Кредитни қайтариш муддати уни қайтаришнинг бирламчи ва иккиламчи манбаларини баҳолаш асосида белгиланади. Кредит сиёсатида ҳар хил турдаги кредитларни қайтаришнинг мақбул йўллари кўрсатилади.


23. Кредит сиёсати кредитларни қайтаришнинг максимал муддатларини белгилайди. Кредит сиёсати кредитнинг асосий суммаси график асосида ойма-ой сўндирилиши ҳамда кредитни қайтариш муддати узайтирилаётганда кредитнинг қайтарилиш тартибини ҳам ўз ичига олади. Кредит сиёсатида кредитни қайтариш муддатини бир мартадан ортиқ узайтиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилиши зарур.

Кредит уюшмаси томонидан берилган ишончли кредитларни қайтариш муддатини узайтиришга йўл қўйилмаслиги кредит сиёсатида кўрсатилган бўлиши керак.


24. Кредит уюшмаси аъзоси томонидан олинган битта кредит бўйича қарздорлик тўлиқ сўндирилмагунча унга бошқа кредит берилишига йўл қўйилмаслиги кредит сиёсатида белгиланиши шарт.


25. Кредит сиёсати берилган кредитларнинг қайтарилиши бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ва қарздорликни тўлиқ ундириб олиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади.


26. Кредит сиёсатида кредитларни таснифлаш тизими ифодаланади. Кредит бўлими ходимлари кредит портфелидаги барча маълум бўлган салбий ўзгаришлар тўғрисида раҳбариятга ахборот беришлари шарт.


27. Кредит уюшмаси кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни ташкил этади ҳамда умидсиз кредитларни ҳисобдан чиқариш тадбирларини ишлаб чиқади.


28. Кредит сиёсатида берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши, қарздорнинг молиявий ҳолати ҳамда кредит таъминотининг ҳолатини мониторинг қилиб бориш шартлари кўрсатиб ўтилиши керак.


29. Кредит сиёсатида кредит уюшмаси томонидан бериладиган кафолатлар қайси мақсадда берилиши, уларни имзолашга ваколати бўлган мансабдор шахсларнинг рўйхати ҳамда кафолатлар бериладиган ҳолатлар, шунингдек уларга доир ҳужжатлар ва ҳисоботларга нисбатан қўйиладиган талаблар ёритилади.


30. Кредит сиёсатида кредит уюшмаси томонидан бериладиган кафолатлар бўйича шартномалар тузилиши белгиланиши зарур.


31. Кредит сиёсатида кредит уюшмасининг кредит портфелини баҳолашга жавобгар бўлган мансабдор шахслар рўйхати белгиланади. Кредит портфели сифатини баҳолаш ва тузатишлар киритилиши учун муаммоли кредитларни аниқлаш бўйича зарур бўлган кредит уюшмасининг кредит таҳлили қоидалари белгиланади.


32. Кредит таҳлили қоидаларида кредит сифатини баҳолаш, тасдиқланган кредит сиёсатига мувофиқ кредит ҳужжатларини расмийлаштириш, молиявий таҳлил, гаровни расмийлаштириш, кредитлашга доир ваколатларни тақсимлаш ва қонун ҳужжатларига риоя қилинишини баҳолаш бўйича талаблар белгиланиши лозим.


33. Кредит сиёсатида кредит қўмитаси томонидан кредит уюшмаси кенгашига кредитлашнинг турли жиҳатлари бўйича, шунингдек кредит портфели сифати ва кредит портфелини бошқариш билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва даврийлиги белгилаб қўйилган бўлади.

Ҳисоботларда кредит уюшмаси томонидан кредитлашнинг йўналишларига қараб, таваккалчиликларни баҳолаш ва бошқариш даражалари ёритилган бўлиши керак.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДА


34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 10-11-сон, 110-модда.