Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.05.1997 й. ПФ-1785-сон "Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашини қуллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.05.1997 й.

N ПФ-1785



ЎЗБЕКИСТОН ХОРИЖИЙ

МАМЛАКАТЛАР БИЛАН ДЎСТЛИК

ВА МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ АЛОҚАЛАР

ЖАМИЯТЛАРИ КЕНГАШИНИ ҚЎЛЛАБ-

ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон жамоатчилигининг халқаро ва хорижий мамлакатларнинг нохукумат ташкилотлари билан маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, ахборот алмашинувини кенгайтириш ва халқ дипломатиясини фаоллаштириш мақсадида:


1. Республикадаги қатор жамоат ташкилотларининг Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашини тузиш тўғрисидаги ташаббуси маъқуллансин.


2. Кенгашнинг Устави белгиланган тартибда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилгани ва ушбу Кенгаш ўзини ўзи мустақил бошқарувчи, маблағ билан таъминловчи ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширувчи ноҳукумат бирлашмаси эканлиги инобатга олинсин.


3. Қуйидаги вазифалар Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари деб белгиланганлиги эътиборга олинсин:

хорижий мамлакатлар халқлари ва чет элда истиқомат қилаётган ватандошлар билан маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, дўстликни мустаҳкамлаш масалаларида ўзаро фойдали ҳамкорлик ва халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш асосида дўстлик жамиятлари ва фуқароларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек чет эл жамоатчилигини Ўзбекистон халқи тарихи ва маданияти билан яқиндан таништиришга кўмаклашиш;

хорижий мамлакатлар жамоатчилигида Ўзбекистон Республикаси ҳақида мустақил демократик давлат, маданий, илмий ва гуманитар алоқаларда муносиб фаол шерик сифатида тасаввур ҳосил бўлишига ёрдам бериш; БМТ, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ҳамда хорижий мамлакатлар ташкилотлари йўли билан маданий-маърифий алоқалар масалалари бўйича муносабатларни ривожлантириш.


4. Қенгашнинг мақсад ва вазифалари кенг қўллаб-қувватлашга лойиқ эканлигини ва демократик ўзгаришлар руҳига мос келишини эътиборга олиб, вазирликлар, идоралар, худудий органлар Кенгаш фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатсинлар.


5. Кенгаш, унинг ҳузуридаги ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик тузилмалари 2000 йилга қадар Устав вазифаларини амалга ошириш бўйича барча турдаги солиқлардан озод қилинсин.

Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашига Вазирлар Махкамасининг захира жамғармасидан 10 миллион сўм ажратилсин.


6. Кенгаш Котибияти Ўзбекистон кўчаси, 49а-уйга жойлаштирилсин, лозим бўлган хоналар унинг тасарруфига бепул ўтказиб берилсин.


7. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки Кенгашни ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси сифатида рўйхатга олсин, миллий ва хорижий валюталарда пул муомалаларини амалга ошириши учун тегишли ҳисоб рақамларини очсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1997 й. 4-5-сон, 166-модда