Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.11.2011 й. 302-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 14 ноябрдаги

302-сон қарорига

3-ИЛОВА



Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон

Миллий кутубхонаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (кейинги ўринларда Миллий кутубхона деб аталади) Ўзбекистон Республикасида миллий ва жаҳон маданиятини, фан ва таълимни ривожлантириш манфаатлари йўлида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ва амалга оширувчи умумдавлат универсал ахборот-кутубхона муассасаси ҳисобланади.


2. Миллий кутубхона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфида бўлади.


3. Миллий кутубхона ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.


4. Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фонди давлат мулки ҳисобланади.


5. Миллий кутубхонанинг нашрларнинг мажбурий нусхасини олиш ҳисобига шакллантириладиган, шунингдек нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сақланадиган ахборот-кутубхона фонди миллий қадриятлар ҳисобланади ва моддий маданий мерос объекти сифатида сақланиши керак.


6. Миллий кутубхона ахборот-кутубхона фондларини ва бошқа ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг махсус режимини, шунингдек улардан фойдаланиш режимини белгилайди.


7. Нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сақланишини таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда Миллий кутубхонага ташриф буюриш ва ундан фойдаланиш қоидаларида кутубхонанинг ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланишда чеклашлар белгиланиши мумкин. Миллий кутубхонада мавжуд бўлган, чекланган тартибда фойдаланиладиган ахборот-кутубхона ресурслари тўғрисидаги ахборотдан ҳамма фойдаланиши мумкин.


8. Миллий кутубхона юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банкларда ҳисоб-китоб рақамларига ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.


9. Миллий кутубхонанинг жойлашган манзили: Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчаси, "Маърифат маркази" биноси.



II. АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


10. Қуйидагилар Миллий кутубхонанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда қатнашиш;

фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий ва таълимга оид ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш;

миллий маданиятнинг тикланишига ва янада ривожланишига кўмаклашиш;

Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини сақлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланилишини таъминлаш.

Миллий кутубхона барча идораларнинг ахборот-кутубхона муассасалари учун республика методик маркази ҳисобланади.



III. АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Миллий кутубхона ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради, унинг сақланишини таъминлайди ҳамда фойдаланувчиларга миллий ва хорижий нашрларнинг энг тўлиқ тўпламини қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхаларини, шунингдек диссертациялар нусхаларини олади;

Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг давлат библиографик ҳисобини ва статистика назоратини юритади;

Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларга ISBN, ISSN тизими бўйича китоб ва даврий нашрларнинг халқаро стандарт тартиб рақамларини беради;

электрон кутубхонани ва электрон каталогни шакллантиради;

кутубхоначилик ишлари, библиографияшунослик, китоб ишлари соҳасида илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишларни олиб боради ва мувофиқлаштиради;

нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш, консервация ва реставрация қилиш ишларини амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиради ва юритади;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Миллий кутубхона қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



IV. МИЛЛИЙ КУТУБХОНАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


12. Миллий кутубхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва ушбу Низомга мувофиқ ўз ахборот-кутубхона фаолиятининг мазмуни ва аниқ шаклларини белгилаш;

белгиланган тартибда ноширлик ва матбаа фаолиятини амалга ошириш;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланган вақтинчалик нархлар прейскурантига мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари асосида пулли ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш;

кутубхонадан фойдаланувчилар томонидан етказилган зарарнинг турларини ва ундириш миқдорларини қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланган Миллий кутубхонадан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ белгилаш;

ўз ахборот-кутубхона фондларидан, уларнинг тўлиқлиги ва бутлигига хилоф етказмасдан ахборот-кутубхона ресурсларининг ортиқча сони ва нусхаларини ҳисобдан чиқариш, шунингдек уларни Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан келишилган ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ ҳамда "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини ҳисобга олган ҳолда сотиш;

Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган мол-мулкни харид қилиш ёки ижарага олиш;

юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланиш шартларини белгилаш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ахборот-кутубхона муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек хорижий мансабдор ва хусусий шахслар билан алоқаларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

юридик ва жисмоний шахсларга нашрларни идентификация қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, уларни, шу жумладан миллий қадриятларга, моддий маданий мерос объектларига мансуб нашрларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш;

ахборот-кутубхона фаолияти масалаларини кўриб чиқиш учун доимий ва вақтинчалик комиссиялар, кенгашлар ташкил этади.

Миллий кутубхона ўз ваколатлари доирасида, юкланган вазифалардан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.



V. МИЛЛИЙ КУТУБХОНАНИ БОШҚАРИШ


13. Миллий кутубхона фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


14. Директор:

Миллий кутубхонага юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Миллий кутубхонанинг штатлар жадвалини, унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда директор ўринбосарларини ва илмий котибни лавозимга тайинлайди;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Миллий кутубхона ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари) тузади ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Миллий кутубхона ходимларини рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллайди;

белгиланган тартибда Миллий кутубхонанинг мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади, ишлаб чиқариш ва ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлайди;

Миллий кутубхонанинг моддий-техника базасини зарур даражада сақлаш ва ривожлантириш, кутубхона фойдаланувчилари ва ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширади, ахборот-кутубхона фондлари ва маълумотномалар аппарати, алоҳида қимматли ва нодир ахборот-кутубхона ресурслари тўпламлари, шунингдек бинолар, иншоотлар, асбоб-анжомлар, Миллий кутубхонанинг бошқа мол-мулки сақланиши ва улардан зарур даражада фойдаланилиши учун жавоб беради.


15. Миллий кутубхонада маслаҳат органи сифатида етакчи олимлар, кутубхона ва бошқа илмий ташкилотлар мутахассисларидан шакллантириладиган Илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Миллий кутубхона директори Илмий кенгаш раиси ҳисобланади, у Илмий кенгаш тўғрисидаги низомни ҳамда унинг таркибини, шунингдек Илмий кенгаш фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди.



VI. МИЛЛИЙ КУТУБХОНАНИНГ

МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


16. Ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Миллий кутубхона қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


17. Миллий кутубхонанинг молиявий маблағлари:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.


18. Миллий кутубхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 45-46-сон, 475-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 11-сон, 88-модда