Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.07.1998 й. 315-сон "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.07.1998 й.

N 315



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ТАРИХ ИНСТИТУТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихини холисона ўрганишнинг илмий асосларини шакллантириш, тадқиқотларни замонавий талаблар даражасига кўтариш, Ўзбекистон тарихи бўйича салоҳиятли етук тарихчилар илмий мактабини яратиш, Ватанимизнинг бой ва ранг-баранг тарихини тиклаш, унинг негизида халқимиз, айниқса ёш авлод тафаккурида ҳаққоний тарихни идрок этиш ҳамда тарихий хотира туйғусини тарбиялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги ҳаққоний тарихини ўрганиш, мамлакатимиз ва чет элларда мавжуд тарихий манбалар таҳлили асосида олинган илмий натижаларнинг жаҳон миқёсидаги эътирофига эришиш, уларга таянган ҳолда илмий, илмий-оммабоп асарлар, дарсликлар, турли адабиётлар яратиш ва мазкур билимларни кенг ёйиш ҳамда тарих соҳасида юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти фаолиятининг бош мақсади деб белгилансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Институт ходимларининг умумий сони 100 нафардан иборат этиб белгилансин.

Фанлар академиясига ходимларнинг тасдиқланган соyи ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Тарих институти тузилмасига ўзгартириш киритишга рухсат берилсин.


3. Қуйидагилар Тарих институтининг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон ҳудудида илк давлатчилик асосларини юзага келтирган тарихий шарт-шароитлар ва давлатнинг келиб чиқиши масаласини атрофлича тадқиқ этиш ва аниқлаш;

ўзбек халқи ва унииг давлатчилиги тарихи, ўзбек халқи этногенези ҳамда ушбу муаммолар бўйича археологик ва барча турдаги ёзма манбалар тадқиқотлари натижаларини жамлаш, ҳар томонлама илмий-қиёсий таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш;

энг қадимдан ҳозирга қадар давлатчилик тарихий босқичларида ҳудудимизда яшаган халқларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маънавий ҳаёти масалаларини ўрганиш, холисона тадқиқотлар натижалари асосида илмий, илмий-оммабоп асарлар, дарсликлар яратиш ҳамда Ўзбекистон тарихий Атласини тайёрлаш; мамлакатимиз ва чет эл олимларининг энг қадимдан ҳозирги кунгача ўзбек халқи тарихи бўйича амалга оширган тадқиқотларини таҳлил қилиш асосида уларнинг батафсил библиографиясини ва илмий тарихшунослигини яратиш;

ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихига оид тадқиқотларни олиб боришда, уларни оммалаштиришда бир ёқлама ёндашувга, ўтмишни сохталаштиришга, мустамлакачилик мафкураси ақидаларига йўл қуймаслик ҳамда эски ғоявий андозалардан холи бўлган, замонавий илмий тафаккур асосларини ўзида мужассам этган, тарих илмининг истиқлолга хос фалсафасиyи ўзлаштирган тарихчи-олимларнинг янги авлодини тарбиялаш;

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ мамлакатимизда олий таълим тизимининг тарихга тааллуқли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар, айниқса магистрлар тайёрлашда фаол иштирок этиш. Бу борада олий таълим муассасалари билан бевосита илмий ва ижодий ҳамкорлик ўрнатиш, уларда педагогик ва илмий-тадқиқот жараёнларини уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор бериш;

чет эл илмий марказлари билан назарий ҳамда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, илмий анжуманлар, барча шаклдаги илмий муҳокама, мунозара, фикр алмашув тадбирларини ташкил этиш.


4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

Тарих институтининг вазифаларидан келиб чиқиб икки ҳафта муддатда унинг Низоми ҳамда штат жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ҳафта муддатда ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи бўйича тадқиқотларни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқсин, Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси билан биргаликда Тарих институтининг илмий йўналишлар мавзуларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда Тарих институтининг барча илмий ходимларини аттестациядан ўтказсин;

бир ой муддатда академиянинг Қорақалпоғистон, Самарқанд бўлимлари, Хоразм Маъмун Академиясининг асосий илмий йўналишлари дастурини ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихини тадқиқ этиш вазифасига мувофиқ қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

Тарих институтининг илмий салоҳиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда унинг таркибини ёш, замонавий фикрловчи истеъдодли олимлар билан кучайтирсин;

ҳар олти ойда академик Яҳё Ғуломов номидаги "Ўзбек халқи давлатчилиги тарихи" Республика илмий семинарини ташкил этсин. Семинар ишларини мувофиқлаштириб бориш мақсадида унинг илмий кенгашини тузсин. Семинарнинг илмий мажлислари республиканинг барча вилоятларида мунтазам ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда, унинг босқичма-босқич дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. Семинар материалларини мунтазам тўплам сифатида нашр этиш масаласини ҳал этсин;

Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўз тасарруфидаги илмий муассасаларнинг, шунингдек республика тарих фани бўйича тадқиқотлар олиб бораётган бошқа илмий ва таълим муассасаларининг изланишларини мувофиқлаштириб боришни ҳамда уларнинг узвий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни таъминласин; Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси билан биргаликда Ватанимиз тарихининг долзарб масалаларини ёритувчи даврий тўплам ва "Ўзбекистон тарихи" илмий журналини бир ой муддатда ташкил этсин. Шунингдек илмий-оммабоп тарихий рисолалар туркумини нашр этишни назарда тутсин;

Тарих институтини замонавий компьютер, нусха кўчириш техникалари ва ахборот соҳасидаги бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш масаласини ҳал қилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда республикадаги мавжуд барча тарихий музейлар илмий-тадқиқот ишларини ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда Тарих институти фаолиятига мувофиқлаштириш дастурини ишлаб чиқсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда 1998 йил 1 сентябрга қадар Тошкент давлат университети, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва бошқа олий таълим муассасаларининг тарих факультетларида кадрлар тайёрлаш ўқув режа ва дастурларини қайта кўриб чиқиб, уларга тегишли ўзгартиришлар киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 1998-99 ўқув йили давомида Бухоро, Урганч ва Тошкент шаҳарларида тарих фани бўйича ихтисослаштирилган махсус мактаблар ташкил этсин. Ушбу мактабларнинг ўқув жараёнига олий ўқув юртлари педагоглари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси мутахассислари жалб қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Давлат матбуот қўмитаси билан биргаликда, икки ой муддатда ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи ҳақидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ҳамда нашр этиш дастурини ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда амалга оширсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Ўзбек халқи тарихи бўйича диссертация ишларига талабни кучайтирсин. Бунда бирламчи тарихий манбалардан фойдаланиш асосий талаблардан бири деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони архиви ва "Ўзбошархив" Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, мазкур қарор доирасида фаолият кўрсатаётган илмий тузилмалар ходимлари учун зарур тарихий ҳужжатлардан фойдаланишга имконият яратсинлар.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Фан ва техника давлат қўмитаси Фанлар академияси Тарих институтининг янги тузилмасига мувофиқ харажатларни қоплаш, зарур моддий-техникавий ашёлар билан таъминлаш, Фанлар академияси йўлланмаси билан мутахассисларнинг республикамиз ва чет эллар бўйлаб илмий экспедицияларини ташкил этиш, ходимларнинг хорижий илмий экспедицияларини ташкил этиш, ходимларнинг хорижий илмий марказларда ишлаши, у ердаги тарихий манбалардан фойдаланиш ҳамда Фанлар академияси фондига қадимий тарихий манбаларнинг асл нусхаларини харид қилиш учун Фанлар академиясининг ҳисоб-китоби асосида Тарих институтини 1999 йилда ва келгуси йилларда маблағ билан таъминласин.

Тарих институтининг илмий-тадқиқот ишлари учун сарфланадиган харажатларни қоплаш 1998 йилда Фан ва техника давлат қўмитасининг захира маблағлари доирасида амалга оширилсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                        И. Каримов