Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси МХХ-МХХБ авиация хавфсизлиги бўлинмалари томонидан қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва йўловчиларни, фуқаро ҳаво кемалари экипажи аъзоларини, аэропортлар ходимлари ва бошқа мансабдор шахсларни шахсан текшириб чиқишни амалга ошириш тартиби тўғрисида Йўриқнома (ЎзР ВМ 29.04.1997 й. 219-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 29 апрелдаги

219-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси

МХХ-МХХБ авиация хавфсизлиги бўлинмалари

томонидан  Қўлда  олиб  юриладиган  юкни,  багажни

кўздан кечириш ва йўловчиларни, фуқаро ҳаво кемалари

экипажи  аъзоларини,  аэропортлар  ходимлари  ва  бошқа

мансабдор шахсларни шахсан текшириб чиқишни амалга

ошириш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва фуқаро ҳаво кемалари йўловчиларини шахсан текшириб чиқишни амалга ошириш ва авиацияда ташиш тақиқланган моддалар, юклар ва буюмларни олиб қўйиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома ИКАО (док.8973/3) нормаларига, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 3 октябрдаги 348-45-сон қарорига, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Йўриқнома ҳаво кемаларига чиқишдан олдин ички ва халқаро йўллардаги аэропортларда йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг умумий технологик жараёнида текшириб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини тартибга солади.

Қуйидагилар ушбу фаолиятнинг бош тамойиллари ҳисобланади:

аэропортларда истисносиз барча йўловчиларни, экипаж аъзоларини, аэропортларнинг ходимларини ва бошқа мансабдор шахсларни текшириб чиқишни амалга ошириш;

йўловчилардан ва бошқа тоифадаги шахслардан авиацияда ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни (қайтариб бериш ёки қайтариб бермасдан) мажбурий олиб қўйиш;

қонун бузувчиларни маъмурий ёки жисмоний жавобгарликка тортишнинг қайтариб бўлмаслигини текшириб чиқишда қонунийликка қатъий риоя қилиш.


1.2. Ҳаво кемаси кимга қарашлилигидан қатъи назар, ҳам ички, ҳам халқаро йўлларда авиа хавфсизлиги учун қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва шахсан текшириб чиқиш аэропортда парвозларнинг хавфсизлигини, йўловчилар ва экипаж аъзоларининг ҳаёти ва саломатлигини сақлашни таъминлаш, фуқаро ҳаво кемаларини бўлиши мумкин бўлган эгаллаб олишларнинг ва олиб қочишларнинг ва жиноятчи элементлар томонидан фуқаро авиацияси фаолиятига ноқонуний аралашувнинг бошқа ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек қуроллар, ўқ-дорилар, портлатиш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи, енгил аланга олувчи моддаларни ва бошқа хавфли юкларни ноқонуний ташишларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилади.


1.3 Шахсан текшириб чиқиш фуқаро ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган қурилмалар ёки моддаларни топиб олиш учун зарур бўлган доирада амалга оширилади.


1.4. Шахсан текшириб чиқиш шахсан текшириб чиқиш хонасида текширилаётган йўловчи билан фақат бир жинсли шахслар томонидан амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида бир неча йўловчини шахсан текшириб чиқишга рухсат этилмайди.


1.5. Шахсан текшириб чиқиш авиация хавфсизлиги бўлинмасининг камида 2 ходими таркибида амалга оширилади. Шахсий текшириб чиқишни якка бошчиликда амалга ошириш қатъий тақиқланади.


1.6. Юрак фаолиятини яхшиловчи аппаратлари бўлган йўловчилар техник воситалар қўлланмасдан шахсан текшириб чиқилади.


1.7. Тиббий пунктдаги йўловчилар ва уларни кузатувчи шахслар махсус ажратилган тезкор назоратчи томонидан текшириб чиқилади, бундай шахслар билан текшириб чиқишни ўтказиш учун жавобгарлик, шунингдек текшириб чиқилгандан сўнг уларнинг бегона кишилар билан алоқасини истисно қилиш тиббий пункт ходимига юкланади, бу ҳақда уларга тилхат орқали эълон қилинади.


1.8. Йўловчини ишхсан текшириб чиқиш бунинг учун махсус жиҳозланган хоналарда мажбурий тартибда қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

аниқ қатновни бажараётган ёки белгиланган йўналишда кетаётган ҳаво кемасини эгаллаб олишга тайёргарлик кўрилаётганлиги тўғрисида хабар келганда;

йўловчида ташиш тақиқланган ўқ отувчи ёки совуқ қурол, портлатиш қурилмалари, портловчи ва бошқа хил хавфли моддалар ва буюмлар борлиги ҳақида маълумотлар тушганда;

йўловчининг қўлда олиб юриладиган юкида иловага мувофиқ ташиш тақиқланган ўқ отувчи ёки совуқ қурол, портлатиш қурилмалари, портловчи ва бошқа хил хавфли моддалар ва буюмлар аниқланганда;

Йўловчининг шубҳали хулқи ва хатти-ҳаракатлари, унинг қилиши мумкин бўлган жиноий ниятлари ёки унда ташиш тақиқланган ёки шубҳа уйғотувчи буюмлар борлиги ҳақида гувоҳлик берувчи белгиларни МХХ ходимлари ва фуқаро авиацияси ходимлари томонидан шахсий кузатиш йўли билан аниқланганда.


1.9. Кемаларни эгаллаб олиш (олиб қочиш) мақсадида ушбу кемалар экипажлари аъзоларига ва йўловчиларга зўравонлик қилиш воситалари сифатида фойдаланилиши ёки фавқулодда ҳодисага сабаб бўлиши мумкин бўлган қурилмалари ёки моддалари бор шахсларнинг Фуқаро кемалари бортига кириб олишга уринишларининг ўз вақтида олдини олиш ва бартараф этиш текшириб чиқишнинг асосий вазифаси ҳисобланади.


1.10. Қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва йўловчиларни шахсан текшириб чиқиш чипталар рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, халқаро қатновларга хизмат кўрсатувчи аэропортларда эса йўловчилар божхона ва чегара назоратидан ўтганларидан сўнг амалга оширилади.


1.11. Қўлда олиб юриладиган юк ва багаж йўловчида бўлганда уларни текшириб чиқиш унинг иштирокида амалга оширилади.


1.12. Багажни очиб кўриш зарурияти билан боғлиқ ҳолда багажни йўловчи йўқлигида текшириб чиқиш Ўзбекистон Республикаси МХХ авиация хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғининг, унинг ўринбосарларининг ва текшириб чиқиш сменаларининг бошлиқлари, ташишни уюштириш хизматларининг бошлиқлари ва ушбу хизматлар сменалари бошлиқларининг сабаби кўрсатилган ёзма ҳолдаги, чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган аэропортларда эса чегара қўшинлари назорат-текширув пунктлари бўлими бошлиқлари ва божхона назорати постлари бошлиқларининг ҳам сабаби кўрсатилган ёзма ҳолдаги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Кўрсатиб ўтилган мансабдор шахслар бўлмаганларида текшириб чиқишни амалга ошириш ҳақидаги қарор белгиланган тартибда уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қабул қилиниши мумкин.

Мазкур бандда назарда тутилган ҳолларда багажни текшириб чиқиш протокол тузилган ҳолда икки гувоҳ иштирокида амалга оширилади.


1.13. "VIP" залларида хизмат кўрсатиладиган йўловчилар ва расмий делегациялар авиация хавфсизлиги назоратидан ушбу залларнинг текшириб чиқиш пунктларида ўтадилар.

Вена конвенциясига мувофиқ дипломатик иммунитетга эга бўлган йўловчилар ҳам, агар Ўзбекистон Реопубликасининг халқаро шартномалари билан бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, авиация хавфсизлиги назоратидан ўтадилар.

Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит билан кетаётган дипломатик ходимларга, шунингдек улар бўладиган давлатда - Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик агентлар, маъмурий-техник ходим аъзолари ва уларнинг оила аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланмайдиган ваколатхоналарнинг хизмат кўрсатувчи ходими аъзоларига ҳам жорий этилади.

Дипломатик почталар, консуллик вализлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга тенглаштирилган хорижий ваколатхоналар ва халқаро ташкилотларнинг бошқа хил хат-хабарлари текшириб чиқилмайди.



2. ТЕКШИРИБ ЧИҚИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ


2.1. Текшириб чиқиш аэропортларнинг махсус жиҳозланган назорат зоналари (текшириш пунктлари)да амалга оширилади.


2.2. Қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва йўловчиларни шахсан текшириб чиқиш қатновларга тижорат хизмати кўрсатиш вақтининг белгиланган нормалари доирасида амалга оширилиши керак. Фавқулодда ҳолларда барча йўловчилар мажбурий тартибда авиация хавфсизлиги назоратидан ўтишлари учун текшириб чиқиш вақти узайтирилишига (барча йўловчилар чиқиб олишларига) рухсат этилади.


2.3. Шахсий текшириб чиқишдан ёки қўлда олиб юриладиган юкни ва багажни кўздан кечириш учун беришдан бош тортган йўловчилар самолётга чиқарилмайдилар. Ушбу йўловчиларнинг шахсини аниқлаш ва текшириб чиқишдан бош тортиш сабабларини аниқлаш учун чоралар кўрилади.


2.4. Парвоздаги ҳаво кемасида текшириб чиқиш, йўловчининг розилигидан қатъи назар, заруратга қараб ҳаво кемаси командирининг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.

Йўловчилар чиқарилиб ёки юклар ортилиб бўлингандан сўнг ва йўловчиларни ёки юкларни тушириш мақсадида ушбу эшиклардан хоҳлангани очилиш пайтига қадар ушбу кеманинг барча ташқи эшиклари ёпилган пайтдан бошлаб ҳаво кемаси парвозда ҳисобланади.



3. ТАШКИЛИЙ-ТЕХНИК ЧОРА-ТАДБИРЛАР ВА

ЙЎЛОВЧИЛАРНИ НАЗОРАТДАН ЎТКАЗИШ

ЗОНАЛАРИГА НИСБАТАН ТАЛАБЛАР


3.1. Текшириб чиқиш бўйича умумий ташкилий-техник чора-тадбирлар қуйидагиларни назарда тутади:

қуроллар, ўқ-дорилар, портлатиш курилмалари, портловчи, заҳарловчи, енгил аланга олувчи ва бошқа хавфли моддалар ва буюмларнинг ноқонуний олиб кетилаётганини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш;

йўловчиларни текшириб чиқишни амалга ошириш қоидаларида назарда тутилган уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида, текшириб чиқишдан ўтишнинг мақсади ва тартиби ҳақида, фуқаро ҳаво кемаларида йўловчилар томонидан ташиш тақиқланган моддалар ва буюмлар тўғрисида ва уларни ноқонуний ташиганлик учун жавобгарлик ҳақида хабардор қилиш;

қўлда олиб юриладиган юкни, багажни синчковлик билан кўздан кечириш ва махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда йўловчиларни шахсан текшириб чиқиш;

текшириб чиқишда махсус техник воситалар (стационар ва қўл металл изловчилар, рентген телевизион аппаратлар ва бошқа воситалар)ни жиҳозлаш ва улардан самарали фойдаланиш, уларни соз ҳолда сақлаш;

текшириб чиқишдан ўтган ва ҳаво кемасига чиқишга рухсат этилган йўловчиларнинг текшириб чиқишдан ўтмаган йўловчилар, кузатиб қолувчилар, мазкур қатнов йўловчиларига хизмат кўрсатиш билан банд бўлмаган аэропорт ходимлари билан алоқа қилишларига йўл қўймаслик;

аэропорт ва аэровокзал ҳудудида йўловчиларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш. Кутиш (тўпланиш) залларини, галереяларни қуроллар, ўқ-дорилар, портлаш хавфи бўлган ва енгил алангаланадиган моддалар ва буюмларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда текшириб бориш.


3.2. Йўловчиларни ҳаво кемасига чиқаришдан олдин қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва уларни шахсан текшириб чиқиш учун аэровокзаллар биноларида ёки махсус ажратилган хоналар (павильонлар)да йўловчиларни назоратдан ўтказувчи ёпиқ зоналар жиҳозлаб қўйилади.

Назорат зоналари, жўнатилаётган йўловчилар ва қатновлар сонига қараб, бир ёки бир неча текшириб чиқиш жойларидан иборат бўлади.

Кириш жойлари тепасига "Йўловчиларни махсус назоратдан ўтказиш зонаси", "Текшириб чиқиш жойи" деган кўрсаткичлар осиб қўйилади.


3.3. Текшириб чиқиш жойи:

йўловчиларни ва уларнинг қўлда олиб юриладиган юкни назорат қилиш учун текшириб чиқиш чоғида қўлланиладиган техник воситалар билан жиҳозланган хоналардан иборат бўлади.

Кўрсатиб ўтилган хонанинг майдони камида 40 кв.м. бўлиши керак; йўловчиларни шахсан текширнб чиқиш учун хоналар (кабиналар)дан;

йўловчиларнинг перронга эркин чиқишлари ва қайтиб назорат хонасига киришларини истисно қилувчи текшириб чиқишдан ўтган йўловчилар учун кутиш (тўпланиш) залларидан иборат бўлади.


3.4. Аэропортлардаги назорат зоналари ва текшириб чиқиш жойлари, шунингдек текшириб чиқишда қўлланиладиган техник воситаларнинг сони аэровокзаллар (аэропорт) қанча йўловчи сиғдира олишини ҳисобга олган ҳолда белгиланган нормалар билан аниқланади.


3.5. Йўловчиларни назоратдан ўтказиш зоналари (текшириб чиқиш жойлари) учун тегишли ҳужжатлар талабларига жавоб берувчи майдонлар ажратилади.


3.6. Йўловчиларни назоратдан ўтказиш зоналари (текшириб чиқиш жойлари)да текшириб чиқиш гуруҳлари шахсий таркибига нормал иш шароитларини таъминловчи температура режими ва текшириб чиқишда қўлланиладиган техник воситалар йилнинг ҳар қандай вақтида ишчи ҳолатда сақлаб турилади .


3.7. Йўловчиларни назоратдан ўтказиш зоналари (текшириб чиқиш жойлари)ни тўсиш ва уларга ўтиш (кириш ва чиқиш) жойлари шундай жиҳозланиши керакки, бу ерда яшовчи ва бошқа бегона шахслар текшириб чиқишдан ўтган йўловчилар билан алоқада бўла олмасинлар, шунингдек текшириб чиқиш жараёнини кузата олмасинлар ва уни ўргана олмасинлар.


3.8. Йўловчиларни назорат қилиш зоналари (текшириб чиқиш жойлари) электр соатлари, радио ва телефон алоқалари билан жиҳозланади.


3.9. Назорат қилиш зоналари хоналари санитария-гигиена нормаларига риоя қилинган ҳолда сақланиши керак.


3.10. Назорат қилиш зоналари (текшириб чиқиш жойлари)га фақат авиачипталарни ва йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда қатновни рўйхатдан ўтказиш учун эълон қилинган йўловчилар, йўловчиларни кутиш (тўпланиш) зоналаридан ҳаво кемасига етказиб келувчи ходимлар, техник хизмат кўрсатиш гуруҳлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси МХХ-МХХБ ва авиакорхоналарнинг раҳбарлари қуйилади. Назорат қилиш зонаси (текшириб чиқиш жойлари)дан ўтиш ва у ерда бегона шахсларнинг, шу жумладан, текшириб чиқиш иши билан боғлиқ бўлмаган авиа корхоналар экипажи аъзоларининг ва бошқа ходимларнинг бўлиши қатъий ман этилади.

Назорат қилиш зонаси орқали бегона кишиларнинг ўтишини истисно қилиш учун жавобгарлик текшириб чиқиш сменасининг бошлиғи зиммасига юкланади.


3.11. Текшириб чиқиш техник воситаларнинг созлигини текшириш, созлаш ва тартибга келтириш авиакорхоналарнинг самолётларни электротехник жиҳатдан таъминлаш базалари бошлиқлари ва Ўзбекистон Республикаси МХХ-МХХБ тезкор назоратчилари смена бошлиғи зиммасига юкланади.



4. ТЕКШИРИБ ЧИҚИШ ГУРУҲЛАРИ ТУЗИЛМАСИ


4.1. Текшириб чиқиш бўлинмаси учун ажратиладиган тезкор назоратчилар сони ҳар бир аниқ аэропорт учун белгиланади ва йўловчиларнинг прогноз қилинадиган оқимини, қатновлар жадвалини, ҳаво кемалари турларини ва йўловчилардан ташдари бошқа шахсларни текшириш зарурлигини ҳисобга олиши керак.

Текшириб чиқиш гуруҳи аэропортнинг иш шароитларига қараб сменалардан иборат бўлиши мумкин. Сменалар таркиби ишлаб турган текшириб чиқиш жойлари сони билан белгиланади.

Ҳар бир текшириб чиқиш жойига текшириб чиқиш бўйича тезкор назоратчиларнинг зарур сони ажратилади.


4.2. Текшириб чиқиш даврида тезкор назоратчиларнинг навбатчи сменаси текшириб чиқиш технологияси билан белгиланадиган нормативларга мувофиқ тўлиқ бутланиши керак.

Қатновлар орасида текшириб чиқишдан бўш вақт бўлган тақдирда бўлинма раҳбарининг қарори билан тезкор назоратчилар аэровокзалларда ва аэропортларнинг перронларида йўловчилар оқими орасида хатти-ҳаракатида шубҳали белгилар мавжуд бўлган шахсларни аниқлаш, умумий фойдаланиш жойларида қолдирилган қурол-яроғ, ўқ-дорилар, портловчи ва заҳарловчи моддаларни, шунингдек эгасиз багаж ва қўлда олиб юриладигаи юкларни аниқлаш ишларини олиб борадилар.


4.3. Текшириб чиқиш бўлинмасининг тезкор назоратчилари хизмат вазифаларини махсус кийим-бошда бажарадилар ва кўкрак белгисини ёки "тархетка" ёрлиғини тақиб юрадилар.



5. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК

ХИЗМАТИ БЎЛИНМАСИ ТЕЗКОР НАЗОРАТЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5.1. Текшириб чиқиш бўлинмаларининг тезкор назоратчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:

йўловчилардан ҳаво транспортида ташиш қоидаларини сўзсиз бажаришни талаб қилиш;

қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш, йўловчиларни шахсан текшириб чиқиш;

текшириш жараёнида авиаташишларда тақиқланган моддалар ва буюмларни йўловчилардан олиб қўйиш, нусхаси авиайўловчининг қўлига бериладиган олиб қўйиш баённомаси тузиш;

текшириб чиқиш технологиясини такомиллаштириш ва кўздан кечиришда қўлланиладиган техник воситалардан фойдаланиш масаласида текшириб чиқиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар киритиш.


5.2. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфcизлик хизматининг текшириб чиқиш бўлинмалари тезкор назоратчилари қуйидагиларга мажбурдир:

мазкур Йўриқноманинг қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва фуқаро ҳаво кемалари йўловчиларини шахсан текшириб чиқиш талабларини, Ўзбекистон Республикасининг парвозларнинг хавфcизлигини таъминлашга, йўловчиларнинг ҳамда ҳаво кемалари экипажлари аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини қатъий билиш ва бажариш;

текшириб чиқиш чоғида қўлланиладиган техник воситаларнинг асосий тавсифларини ва улардан фойдаланиш қоидаларини билиш;

текшириб чиқиш жараёнида йўловчиларда ва уларнинг қўлда олиб юриладиган юкларидаги фуқаро ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган моддалар ва буюмларни аниқлаш бўйича операцияни усталик билан амалга ошириш;

йўловчиларга нисбатан эътиборли ва хушмуомала бўлиш ҳамда уларнинг қадр-қимматини пастга урувчи ҳаракатларга йўл қўймаслик;

фуқароларга уларда мавжуд бўлиши эҳтимол тутилган фуқаро ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган моддалар ва буюмларни кўрсатишни таклиф этиш;

текшириб чиқиш баҳонаси сабаби билан қатновларнинг асоссиз тўхтатилишига йўл қўймаслик;

Ҳаво транспортида ташиш қоидалари бузилишининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш. Қоидани бузганларга нисбатан материалларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ва маъмурий таъсир чораси кўриш учун авиакорхона раҳбарларига, жиноят содир этган шахсларга нисбатан эса материалларни Ўзбекистон Республикаси МХХ-МХХБга ва ички ишлар органларига тақдим этиш;

қўлда олиб юриладиган юкни текшириб чиқишга тақдим этишдан ва шахсан текширишдан бош тортган йўловчиларни парвозларга қўймаслик, уларнинг шахсларини ва текширишдан бош тортиш сабабларини аниқлаш чора-тадбирларини кўриш, зарурат бўлганда бундай шахсларни ички ишлар органларига топшириш;

сергак бўлиш, текшириб чиқишдан ўтмаган йўловчиларнинг ва бегона шахсларнинг, шу жумладан, авиакорхонанинг мазкур қатновга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган ходимларининг назорат (текшириш жойи) зонаси орқали аэродромга чиқишлари (ўтишлари)га йўл қўймаслик.

Ҳаво кемаси бортига йўловчилар томонидан парвозларнинг хавфсизлиги учун хавф туғдирувчи хавфли моддалар ва буюмлар олиб ўтилиши натижасида хизмат мажбуриятларининг виждонан бажарилмаганлиги учун оператив назоратчилар интизомий тартибда жавоб берадилар, хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги ва бунда совуққонлик қилганлиги учун эса Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладилар.



6. ФУҚАРО АВИАЦИЯСИ ЙЎЛОВЧИЛАРИ

УЧУН МАХСУС АХБОРОТ


6.1. Барча аэропортлар, аэровокзаллар ва агентликларда йўловчиларни қўлда олиб юриладиган юк ва багажни ташишда уларга қўйиладиган талаблар тўғрисида хабардор қиладилар. Бунинг учун кўринадиган жойларда чироқли таблолар ўрнатилади, плакатлар осиб қўйилади, эслатмалар тарқатилади, ички радиотрансляция тармоғи орқали матнлар ўқиб эшиттирилади.



7. ТЕКШИРИБ ЧИҚИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


7.1. Аэропортларнинг назорат зоналарида (текшириш жойларида) қўлда олиб юриладиган юкни, топширилмаган багажни кўздан кечириш ва йўловчиларни шахсан текшириб чиқиш, асосан, махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, қуйидаги изчилликда амалга оширилади:

- йўловчи чипта рўйхатдан ўтказилганидан сўнг назорат зонаси (текшириш жойи)га юборилади, бу ерда авиачипта йўловчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари билан солиштирилади;

- йўловчи текширув пунктига ўтиб, у ерда ўзида мавжуд бўлган, фуқаро ҳаво кемаларида олиб ўтиш тақиқланган металл буюмлар ва моддаларни, шунингдек унга олиб ўтиш учун бошқа шахслар томонидан берилган буюмларни (посилкалар, ўрамлар, пакетлар ва бошқалар) кўрсатиш талаб этилади.

Йўловчилар авиация хавфсизлиги назорати амалга ошириладиган хонага текширувда фойдаланиладиган техник воситалар олдида йўловчилар тўпланишини истисно этадиган тартибда киритилади.

Йўловчида ёхуд унинг қўл юклари орасида фуқаро ҳаво кемаларида олиб ўтиш тақиқланган моддалар ва буюмлар аниқланган тақдирда, тегишли баённома тузган ҳолда улар олиб қўйилади.

Олиб қўйилган моддалар ва буюмларнинг хавфлилик даражасига қараб, йўловчи парвозга қўйилиши ёхуд уни ички ишлар органларига топшириши ҳақидаги қарор қабул қилинади.

Бундай йўловчи парвозга қўйилган тақдирда, унинг юкларини текшириш зарурати ҳақида қарор қабул қилинади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда юклар Йўриқноманинг 1.12-бандидаги талабларга амал қилган ҳолда йўловчининг иштирокисиз текширилиши мумкин;

- йўловчига унинг қўл юки қайтарилиб, текширув ўтказилганлиги ҳақида авиачиптада белги қўйилади, шундан сўнг йўловчи қўнишни кутиш жойига йўл олади.

Белги (штамп, компостер қўйиш ва ҳ.к.) авиачиптанинг олд томонига ҳамда рўйхатдан ўтказилган тартиб рақами ёнидаги корешокка ёки қўниш талонига қўйилади.

Йўловчи қўлидаги қўл юки ва бошқа буюмлар (ногабарит буюмлар ва устки кийим-бошдан ташқари) рентген-телевизион интроскоп ёрдамида текширилади.

Йўловчи қўлидаги ногабарит буюмлар ва устки кийим-бош, шунингдек ичида нима борлигини интроскоп экранидаги сояли тасвир орқали аниқлаб бўлмайдиган қўл юклари қўл билан текширилади.

Текширув давомида термослар, радиоприёмниклар, магнитофонлар, мусиқа асбоблари, ҳисоблаш машинкалари, катта ҳажмли ўйинчоқлар, соябонлар, ҳассалар, китоблар, шунингдек, ҳаво кемасига портловчи қурилмалар, ўқотар ва совуқ қуроллар ва олиб ўтилиши тақиқланган бошқа моддалар ва буюмларни олиб кириш мақсадида ишлатилиши мумкин бўлган шунга ўхшаш бошқа буюмларга алоҳида эътибор қаратилади.


7.2. Техник воситалардан фойдаланган ҳолда текшириб чиқиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

- йўловчига унинг кийимида мавжуд металл буюмларни (портсигар, калитлар, фольгали сигерат пачкаси, катта миқдордаги тангалар ва бошқалар)ни махсус идишга қўйиш ва стационар металл изловчи рамкасидан ўтиш таклиф этилади. Агар бунда йўловчининг кийимида металл буюмлар борлиги тўғрисида сигнал берилса, улар қаердалигини аниқлаш учун қўл металл изловчи қўлланилади, бундай асбоб бўлмаган тақдирда йўловчи шахсан текшириб чиқилади. Ташқи томони чиқиб турган, бироқ қараганда йўловчининг кийимида кўринмайдиган ҳамда металл изловчи назарига тушмайдиган буюмлар навбатчининг талаби билан текшириш учун кўрсатилади.


7.3. Ҳаво кемаси трапида йўловчилар (шу жумладан, транзит билан учувчи йўловчилар)нинг текширишдан ўтганлиги тўғрисида авиачипталарда белги бор-йўқлигини учиш бўйича навбатчилар ва тезкор назоратчи амалга оширади.


7.4. Ҳаво кемасини эгаллаб олишга тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки фуқаро авиацияси фаолиятига ғайриқонуний аралашишнинг бошқа ҳаракати ҳақида хабар олинган тақдирда авиакорхоналар, МХХ органлари раҳбарлари текшириб чиқиш гуруҳларини кучайтирадилар ҳамда йўловчиларни текшириб чиқишни ўз шахсий назоратлари остига оладилар, шунингдек фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар комплекси кўрилишини таъминлайдилар.


7.5. Кутиш (тўпланиш) зонасидан ҳаво кемасига чиқишгача бўлган йўлда йўловчиларни назорат қилиш тезкор назоратчиларнинг кучи билан амалга оширилади.



8. ТЕКШИРИБ ЧИҚИШНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МУДДАТЛАРИ


8.1. Текшириб чиқиш жараёни учиб кетаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш вақтидан ошиб кетмаслиги ҳамда бажарилаётган қатновлар жадвалига таъсир кўрсатмаслиги керак. Текшириб чиқиш вақтининг белгиланган нормаларини, шу жумладан, транзит ва кечикиб учаётган қатновларни, унинг сифатини пасайтириш ҳисобига кисқартиришга йўл қўйилмайди.


8.2. Техник воситалар билан жиҳозланган текшириб чиқиш жойининг ўтказиш қобилияти унинг техник маълумотларига кўра белгиланади. Текшириб чиқиш авиайўловчиларни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда бошланади ва ўтказилади.



9. КУЗАТИБ КЕТИЛАЁТГАН МАХСУС ЮКЛАРНИ,

МАХСУС ПОЧТАНИ, СОҚЧИЛАР ОЛИБ КЕТАЁТГАН

ШАХСЛАРНИ, МАХСУС ТОПШИРИҚЛАРНИ

БАЖАРАЁТГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИ,

ЎҚЧИ-СПОРТЧИЛАРНИ, ОВЧИЛАРНИ ВА

ГЕОЛОГЛАРНИ ТЕКШИРИБ ЧИҚИШ

ТАРТИБИ


9.1. Фуқаро ҳаво кемаларида ташилаётган махсус юклар, махсус почта ва расмий хат-хабарлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг уларни кузатиб бораётган қуролли ходимлари, шунингдек фельдъегер ва махсус алоқанинг уларни кузатиб бораётган ходимлари, консуллик вализлари ва уларга тенглаштирилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида, хорижий муассасалар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик мақомга эга бўлган йўловчилар кузатиб бораётган бошқа расмий хат-хабарлари текшириб чиқилмайди ва ушлаб қолинмайди.

Изоҳ: Қуролланган ходимлар томонидан кузатиб борилаётган ҳаво кемаси бортидаги махсус юклар ва почтани рўйхатдан ўтказиш, келтириш, жойлаштириш ҳамда спорт делегациялари (командалар)ни, соқчиларни, курол-яроғ, ўқ-дориларни ташиш, шунингдек қуролланган ходимларни ва соқчилар кузатувидаги шахсларни самолётга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва авиакомпания томонидан чиқарилган кўрсатмалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Махсус юклар ва почта жўнатмалари орасида фуқаро ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган буюмлар ва моддалар бўлмаслиги керак. Ушбу қоидаларни бузганлик учун юкни жўнатувчи белгиланган тартибда жавоб беради.


9.2. Махсус юк ва почтани кузатиб бораётган ходимлардан, махсус топшириқни бажараётган ҳарбий хизматчилардан хизмат сафари гувоҳномаси (ёзма кўрсатма) бор бўлган тақдирда қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва махсус воситалар (газли баллончалар, қўлкишанлар ва бошқалар) текшириб чиқиш пайтида парвоз давомида олиб қўйилади ва мазкур Йўриқноманинг 9.4-бандига мувофиқ ташилади.

Соқчилар кузатуви остидаги шахсларни кузатиб бораётган соқчилар (ҳарбий наряд)нинг шахсий таркибидан қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва махсус воситалар текшириб чиқиш пайтида олиб қўйилмайди, бу ҳақда ҳаво кемаси командири хабардор қилинади.

Махсус юкларни, махсус почтани ва расмий хат-хабарларни республика ички ва давлатлараро (Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро битимларига мувофиқ) йўналишлар бўйича кузатиб бораётган фельдъегерлик хизмати зобитлари ва махсус алоқа ходимларидан табель қурол-яроғ ва ўқ-дорилар текшириб чиқиш пайтида ва парвоз давомида олиб қўйилмайди.


9.3. Соқчилар (ҳарбий наряд) шахсий таркиби, қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган, бироқ махсус юкларни, махсус почтани ёки соқчилар кузатуви остидаги шахсларни кузатиб бориш билан боғлиқ бўлмаган айрим шахслар умумий асосларда текширишдан ўтадилар.


9.4. Мазкур Йўриқноманинг 9.3-бандида кўрсатилган соқчилар (ҳарбий наряд) шахсий таркибининг, ўқчи спорт делегациялари (командалари) аъзоларининг қурол-яроғи текширилмайди ва багаж бўлинмаларида ўралган ва тамғаланган ҳолда ташилади, ажратиб қўйилган багаж бўлинмаларига эга бўлмаган ҳаво кемаларида эса ҳаво кемаси командири томонидан белгиланган жойларда ташилади.

Фуқаро авиацияси ва бошқа идоралар бўлимлари шахсий таркибининг хизмат вазифаларини бажариши учун мўлжалланган ўқотар қуроллар шу тартибда ташилади.


9.5. Мазкур Йўриқноманинг 9.3-бандида кўрсатилган алоҳида шахслардан спортчи-мерганлар ва қуролларни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар (геологлар, овчилар ва бошқалар)дан қуроллар, ўқ-дорилар, ов пичоқлари ва ракетниклар ташиш учун текшириб чиқиш гуруҳларининг тезкор назоратчилари томонидан қабул қилинади ҳамда учиш даврида экипажга топширилди. Ўқотар қуроллар ўқсизлантирилган булиши, ўқланган магазинлар эса алоҳида сақланиши лозим.

Ташишга қабул қилинган буюмлар уч нусхадаги баённома билан расмийлаштирилади ёки текшириб чиқиш картасига йўловчининг фамилияси, қуролнинг тури ёки кўриниши ва қуролланганлиги кўрсатилган ҳолда ёзиб қўйилади.

Биринчи нусхаси қуролни қабул қилган экипаж аъзосининг имзоси билан ташишни ташкил этувчи хизматнинг илова этувчи ведомостига қўшиб қўйилади.

Иккинчи нусхаси учиб келиш аэропортида қуролни унга қайтариш тўғрисида йўловчининг имзоси билан учиш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.

Учинчи нусхаси учиш аэропортида йўловчига берилади. Бланкалар бўлмаган тақдирда ташишга қабул қилинган қурол тўғрисида, истисно тариқасида, борт журналига ёки текшириб чиқиш картасига ёзиб қўйишга йўл қўйилади.


9.6. Жўнаш аэропортларида суд ва тергов органларининг буюртманомалари бўйича судланганлар, ҳибсга олинганларни уларни Меҳнат-ахлоқ тузатиш муассасалари орасида ташишда ҳаво кемаларига чиқариш йўловчиларни умумий чиқаришгача амалга оширилади.

Кўрсатилган контингент буюмларини шахсан текшириб чиқиш, олдиндан, ушбу қатнов йўловчиларини текшириб чиқиш амалга оширилгунга қадар ўтказилади.


9.7. Қўлда олиб юриладиган юк сифатида ташиладиган маиший мақсаддаги радио электрон аппаратлар, кинофотоаппаратлар ва дурбинлар умумий асосларда текшириб чиқилади. Хизмат сафарига йўл олган нашриётлар, радио ва телевидение фотомухбирларига кинофотоаппаратларни учиш вақтида улардан фойдаланиш ҳуқуқисиз ўзлари билан олиб юришга русхат этилади.

Кинофотоаппаратлар техник воситалар қўлланмасдан текширувдан ўтказилади.



10. ЭКИПАЖ АЪЗОЛАРИНИ ТЕКШИРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


10.1. Экипаж аъзоларини текшириб чиқиш мазкур Йўриқномага асосан умумий асосларда ўтказилади.






ИЛОВА



Фуқаро ҳаво кемаларида йўловчиларнинг

ташишлари тақиқланган хавфли

моддалар ва буюмлар


1. Йўловчилар ва экипаж устидан зўравонлик ёки қўрқитиш воситаси бўлиши мумкик бўлган буюмларни ҳаво кемаси бортига олиб кириш тақиқланади, ҳаво кемаси бортига одамларнинг заҳарланиши ва димиқтириши ёки бортда ёнғин чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддаларни олиб кириш ҳам тақиқланади.


2. Хавфли моддалар ва буюмлар рўйхати:

а) барча турдаги ўқотар ва совуқ куроллар;

- тўппончалар, револьверлар, милтиқлар, карабинлар ва бошқа совуқ қуроллар;

- шашкалар, шамширлар, катта ханжарлар, эгри қиличлар, дудамалар, қиличлар, қиличсимон найзалар), штиклар, ханжарлар, кортиклар, стилетлар, ҳарбий, десант, фин пичоқлари, отиладиган лезвияли, қулфли ёпиладиган катта ханжарлар ва бошқалар;

б) портловчи моддалар ва улардан ясалган нарсалар, портлаш воситалари:

- ҳар қандай ўрамда ва ҳар қандай миқдордаги ҳар хил ов порохлари;

- ов капсула (пистон)лари ва детонатор-капсулалар;

- пиротехника воситалари: сигнал ва ёритиш ракеталари, шамолнинг йўналишини аниқлаш шашкалари, тутун ҳосил қилувчи патронлар, портлатиш гугуртлари, бенгал мушаклари, темирйўл петардалари;

- динамит, тротил, аммонал, кучли портловчи моддалар ва бошқа портловчи моддалар;

в) сиқилган ва суюлтирилган газлар:

- маиший фойдаланиш учун газлар (бутан-пропан) ва бошқа газлар;

г) енгил алангаланувчи суюқликлар:

- ацетон,

- бензин,

- нефть маҳсулотлари намуналари,

- метанол,

- металацетат (нетил эфири),

- тормоз суюқлиги,

- сероуглерод,

- эфирлар,

- бошқа барча енгил алангаланувчи суюқликлар;

д) ёнувчи қаттиқ моддалар:

- сув таъсирида иссиқлик ва иссиқ газлар ажратувчи моддалар, бунда ўз-ўзидан ёниш ва ёнғин вужудга келиши мумкин: калий, натрий, металл кальций ва уларнинг қотишмалари, фосфоритли кальций ва бошқалар.

- ёнувчи қаттиқ моддалар тоифасига кирувчи оқ, сариқ ва қизил фосфор ва бошқа моддалар;

- органик пероксидлар;

- доналанган ёки парчаланган, қуруқ ёки нам, таркибида 25 дан кам сув ёки эритувчи бўлган коллоид нитроцеллюлозаси;

- таркибида 30 дан кам эритувчи ёки сув бўлган қуруқ ёки нам нитроцеллголоза;

е) заҳарли ёки заҳарловчи моддалар:

- ҳар қандай идишга солинган, суюқ ёки қаттик ҳолдаги ҳар қандай заҳарли, кучли таъсир қилувчи ва заҳарловчи моддалар:

- бруцин,

- никотин,

- стрихнин,

- тетрагидрофурфурил спирти,

- антифриз,

- этиленгликоль,

- симоб,

- цианид кислотанинг барча тузлари ва цианит препаратлари,

- циклон, цианплав, маргимуш ангидрид ва бошқа кучли таъсир қилувчи заҳарли ёки заҳарловчи моддалар;

ж) ачиштирувчи ва коррозиялантирувчи моддалар:

- кучли ва ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот ва бошқа;

- фторист-водородли (шишани ўйиш кучига эга бўлган) кислота ва бошқа кучли кислоталар ва коррозиялантирувчи моддалар;

з) юқорида номлари келтирилган моддалар ва буюмлар белгилари остига тушадиган, уларни ташиш хавфсизлиги шубҳа уйғотувчи ҳамда куйдириш, портлатиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган ёки ҳаво кемалари йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳаётига хавф солувчи бошқа барча моддалар ва юклар, буюмлар.

Йўловчилар ва экипажга ҳужум қилиш қуроли сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган буюмлар (болталар, муз кесувчи асбоблар, сув ости ови учун қуроллар, ўткирланган металл учли трослар, хавфли устаралар, баъзи касбга оид асбоблар ва ҳоказо) фақат юкхонада ташилади.

Йўловчиларнинг Ан-2, Л-410, АН-24 ва бошқа ажратилган юк бўлимларига эга бўлмаган самолётларнинг юкхоналарида ташиладиган юкларига фақат борт йўлбошловчисининг рухсати билан ва назорати остида ўтиш мумкин.


3. Фуқаро ҳаво кемаларида эҳтиёт чоралари билан текшириб чиқишда олиб қўйилмайдиган қуйидаги моддалар ва маиший мақсаддаги буюмларни қўлда олиб юриладиган юкда ташишга рухсат этилади:


3.1. Сирка (бир йўловчига кўпи билан 0,5 литр); 40 ва ундан юқори даражали қувватдаги спирт-ароқ маҳсулотлари (бир йўловчига кўпи билан заводда идишга солинган бир литр).

Аэрозол идишлардаги тирноқ учун лаклар ва соч учун суюқликлар, шунингдек спирт-лак асосига эга бўлган ҳавони хушбўйлантирувчи суюқликлар.

Юқорида саналган барча суюқликлар бузилмаган стандарт идишларда бўлиши лозим.


3.2. Йўловчилар ҳаво кемаси бортида суюқлик бўлган идишнинг қопқоғини чиқариш ёки очиш қатъий ман этилиши тўғрисида огоҳлантириладилар.


3.3. Хизмат мақсадларида спирт ташувчи шахсларга уни зич ёпилган ҳолда ва пломба рақами кўрсатилган корхона (ташкилот) маълумотномаси билан тасдиқланадиган пломбаланган металл идишларда ташиш рухсат этилади.


3.4. Газли ёндиргичлар ва ёндиргичлар учун газ баллончалари (бир йўловчига кўпи билан 2 баллонча).


3.5. Буклама (фиксаторсиз) йўл пичоқлари ва қаламтарошлар.


3.6. Тиббий термометрлар (даража ўлчовчи) (бир йўловчига биттадан ортиқ эмас).


3.7. Стандарт ғилофлардаги симоб тонометрлари (бир йўловчига биттадан ортиқ эмас).


3.8. Жўнатувчининг пломбаси остида махсус зич ёпилган контейнерларга жойланган симоб барометрлари ва манометрлари.


3.9. Хавфли моддалар ва буюмларни ташиш қоидаларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар жиноий жавобгарликка тортиладилар, бу авиабилет, қўлда олиб юриладиган юкни ва багажни рўйхатдан ўтказиш вақтидан бошлаб кучга киради.


4. Ташиш тақиқланган моддалар ва буюмларни олиб қўйиш тартиби, сақлаш, сотиш ёки йўқ қилиш муддатлари.


4.1. Йўловчида ёки қўлда олиб юриладиган юкда (багажда) текшириб чиқиш чоғида ҳаво транспортида ташиш тақиқланган моддалар ва буюмлар топилса, улар олиб қўйилади. Олиб қўйилган ҳар бир ҳолат далолатнома билан расмийлаштирилади ва журналда рўйхатдан ўтказилади.

Далолатномани расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш учун текшириб чиқиш гуруҳнинг раҳбари жавобгар бўлади.


4.2. Эркин сотувда бўлган, бироқ фуқаро ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган моддалар ва буюмлар (газли баллонлар, ёниб кетиш хавфи бўлган лаклар, бўёқлар, буюмлар ва ш.к.) кузатувчиларга берилади ёки далолатнома бўйича сақлашга топширилади.

Олиб қўйилган моддалар ва буюмларни сақлаш учун аэропотларда (шаҳар аэровокзалларида) махсус бинолар ёки темир шкафлар ажратилади.

Агар кўрсатилган моддалар ва буюмлар икки ой мобайнида уларнинг эгалари ёки улар топшириғига биноан бошқа шахслар томонидан (шартлашувга кўра) талаб қилиб олинмаса, улар Ўзбекистон Республикаси МХХ хўжалик хизматларига далолатнома бўйича техник мақсадларда фойдаланиш учун берилади ёки белгиланган тартибда йўқ қилинади.


4.3. Текшириб чиқиш чоғида тайёрлаш, олиб юриш ёки сақлаш учун жиноий ёки маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган моддалар ва буюмлар (портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари, ўқотар қирқма қуроллар, наркотик, заҳарли, заҳарловчи моддалар ва ш.к.) топилган йўловчи қатновдан олинади ва материаллар (далолатнома ва олиб қўйилган моддалар ва буюмлар) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси МХХ ёки ички ишлар органларига уни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун топширилади.


4.4. Текшириб чиқиш чоғида йўловчилардан олиб қўйилган портловчи моддалар, улардан ясалган турли буюмлар, портлатиш воситалари, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи пакетлар, сигнал ва ёритиш ракеталари, заҳарли, заҳарловчи, радиоактив ва наркотик моддалар ва шу кабилар Ўзбекистон Республикаси МХХ Моддий-техника ва хўжалик таъминоти бош бошқармасига топширилади. Портлаш хавфи бўлган, заҳарли. заҳарловчи ва радоактив моддаларга нисбатан қатъий эҳтиёткорликка риоя этилиши лозим. Улардан ясалган буюмларни мустақил бўлакларга ажратиш ёки зарарсизлантириш қатъий ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси МХХ органи раҳбари (навбатчи) йўловчилардан юқорида санаб ўтилган хавфли моддалар ёки буюмлар олиб қўйилган ҳолларда зудлик билан тегишли мутахассисни чақиради, у уларни сақлаш мумкинлиги, йўқотиш зарурлиги ёки бошқа ташкилотларга юборилиши тўғрисида хулоса беради. Портлатувчи қурилмалар авиакорхона томонидан махсус ажратилган хавфсиз зонада сақланади.


4.5. Халқаро қатновларнинг йўловчиларини текшириб чиқишда топилган экипаж ва йўловчилир устидан зўравонлик ва қўрқитиш воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, бироқ халқаро ҳаво йўллари ва божхона органлари қоидалари билан ташишга рухсат этилган моддалар ва буюмлар ташишга қабул қилинади ва мўлжалланган аэропортга борилгач, уларни эгаларига топшириш учун экипажга берилади.


4.6. Ҳаво кемалари томонидан самолётга чиқиш вақтида келмаган йўловчиларнинг багажлари ва қўлда олиб юриладиган юкини ташиш қатъий ман этилади.

Бундай ҳолларда авиакорхоналарнинг мансабдор шахслари йўловчиларнинг учиб кетиши ва уларнинг ҳаво кемасига чиқишини расмийлаштиришнинг намунавий технологиясига амал қиладилар.