Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2004 й. 398-сон "Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг товарларни қайта ишлаш билан боғлиқ қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.08.2004 й.

N 398



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОЖХОНА КОДЕКСИНИНГ ТОВАРЛАРНИ

ҚАЙТА ИШЛАШ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚОИДАЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг товарларни қайта ишлаш масалаларига оид қоидалари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 8-боби қоидаларига мувофиқ:

устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан амалга оширилаётган ва қайта ишлашнинг божхона режимларига жойлаштириладиган товарларни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишишга;

божхона ҳудудидан ташқарида, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд корхоналарга товарларни қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беришга;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига айрим товарларга нисбатан қайта ишлашнинг божхона режимидан фойдаланишга чекловларга доир таклифлар киритишга вакил қилинсин.


2. Белгилансинки, агар товарлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари:

товарларни қайта ишлаш тижорат хусусиятига эга бўлмаган;

товарларни таъмирлаш қайта ишлашнинг мақсади ҳисобланган;

бир контракт бўйича қайта ишланадиган товарларнинг божхона қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараваридан ошмаган ҳолларда айни бир божхона органига тақдим этилганда қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан келишилиши талаб этилмайди.

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Товарларни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишиш ва божхона ҳудудидан ташқарида товарларни қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш тартиби ҳақидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;

вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳужжатлари мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                      И.Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 33-сон, 371-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., N 8, 84-модда.