Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.09.2000 й. 343-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 5 сентябрдаги

343-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳайвонот

дунёсининг давлат кадастрини

юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри ёввойи ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш ва уларни иқтисодий баҳолаш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш мақсадида, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат кадастрлари ягона тизимини ташкил этиш ва уни юритиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида" 1996 йил 17 июлдаги 255-сон қарорига, бошқа қонун ҳужжатларига, мазкур Низомга мувофиқ юритилади.


2. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри  ёввойи ҳайвонлар сони, уларнинг географик тарқалиши, миқдорий ва сифат тавсифлари, улардан фойдаланиш ҳамда уларни иқтисодий баҳолаш тўғрисидаги узлуксиз янгиланадиган ахборот тизими.


3. Табиий эркин ҳолда яшовчи ёввойи ҳайвонлар: сут эмизувчилар, паррандалар, судралиб юривчи ҳайвонлар, ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшовчи ҳайвонлар, балиқлар, умртқасизлар ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри объектлари ҳисобланади.


4. Давлат кадастрини юритувчи органлар, ов қилиш ва балиқ овлаш хўжалигини юритувчи, хайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олиб ҳамда ажратиб олмасдан илмий, маданий-маърифий, ўқув ва тайёрлаш мақсадларида ҳайвонот дунёсидан фойдаланувчи юридик шахслар ҳайвонот дунёси давлат какдастрининг субъектлари ҳисобланади.


5. Қуйидагилар ҳайвонот дунёси давлат кадастрини юритишнинг асосий принциплари ҳисобланади:

республиканинг бутун ҳудудида ҳайвонларнинг барча турлари ёки кичик турларининг ишмкони борича энг кўп сонини қамраб олиш;

ахборотни тўплаш, қайта ишлаш технологияси ва тақдим этиш методикасининг ягоналигини;

Давлат кадастрлари ягона тизими талабларини таъминлаш;

кадастр ахборотини тўлдириш ва янгилашнинг ишончлилиги ва узлуксизлиги;

давлат кадастрини юритишни марказлаштирилган тартибда бошқариш.


6. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри: объектларни рўйхатдан ўтказишни, улар сонини ҳисобга олишни ва улардан фойдаланиш сифатини, объектларни иқтисодий баҳолашни, кадастр ахборотини тизимлаштиришни, сақлашни, янгилашни ва уни манфаатдор фойдаланувчиларга тегишли шаклларда ва ҳажмларда белгиланган тартибда тезкор беришни ўз ичига олади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кадастр ахборотидан бепул фойдаланадилар, манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ҳақ тўлаб фойдаланадилар.


7. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини юритиш давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Ҳайвонот дунёсини давлат томонидан ҳисобга олишни ва давлат кадастрини юритувчи барча ташкилотлар маблағ билан таъминланиши керак.



II. ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИНИНГ

ДАВЛАТ КАДАСТРИ МАЗМУНИ


8. Ўзбекистон Республикасининг ҳайвонот дунёсини давлат кадастрида ёввойи ҳайвонларнинг ҳар бир тури (кичик тури) бўйича маълумотлар мавжуд бўлади. Ёввойи ҳайвонлар турларнинг қуйидаги гуруҳларига бирлаштирилган:

а) Қизил китобга киритилган ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетаётган турлари;

б) муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар турлари;

в) овланадиган ҳайвонлар турлари;

г) балиқлар;

д) қишлоқ хўжалиги зараркунандалари бўлган ҳайвонлар;

е) ўрмон хўжалиги зараркунандалари бўлган ҳайвонлар;

ж) одам ва ҳайвонларнинг алоҳида хавфли юқумли касалликларини тарқатувчи ҳайвонлар;

з) ҳайвонларнинг бошқа турлари.


9. Турлар (кичик турлар)нинг ҳар бир гуруҳида қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлади:

тур (кичик тур)нинг мақоми;

тарқалиши (ҳудудлар бўйича тақсимланиши);

сони;

биологияси ва тур (кичик тур)нинг оммавийлашуви;

фойдаланилиши;

иқтисодий баҳоланиши.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш  қўмитаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ юритиладиган "Ўзбекистон Республикаси ҳайвонларининг генетик фонди китоби" ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини тузиш учун ахборот манбаи ҳисобланади.


11. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри кадастр ахбороти узлуксиз янгилашини таъминловчи асосий (бирламчи) ва жорий турларни ўз ичига олади. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри асосий (бирламчи) турини юритишда объектлар бирламчи рўйхатдан ўтказилади (хатланади).

Жорий турда асосий тур ўтказилгандан кейин юз берган барча кейинги ўзгартиришлар қайд этилади ва кадастрга киритилади.


12. Рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва баҳолаш ахбороти ҳайвонот дунёси тўғрисидаги жами кадастр ахборотини ташкил этади. Ушбу ахборот алифбо-рақамли (матнлар, жадваллар) ва чизиқли (хариталар, схемалар) шаклларида, анъанавий ва автоматлаштирилган вариантларда тақдим этилади.



III. ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИНИНГ ДАВЛАТ

КАДАСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


13. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси юритади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар акадамияси ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини юритиш бўйича маслаҳат органи ҳисобланади.


14. Ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан қуйидаги маъмурий-ҳудудий даражаларда:

бирламчи даражада  ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри субъектлари ваколатли шахслари томонидан;

минтақавий даражада  Қорақалпоғистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг кадастр хизмати, табиатни муҳофаза қилиш вилоят қўмиталарининг ваколатли шахслари томонидан;

республика даражасида  Ўзбекистон Респубилкаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг кадастр хизмати томонидан юритилади.


15. Ёввойи ҳайвонларни рўйхатдан ўтказиш, улар тўғрисидаги миқдорий ва сифат ахборотини тўплаш, кадастр дафтарини юритиш, кадастр хариталарини тузиш ва минтақавий даражага зарур ахборотни бериш субъектлар даражасида давлат кадастрининг функциялари ҳисобланади.


16. Минтақавий даражада  ваколатли шахслар кадастрни юритишда субъектларга услубий ёрдам кўрсатади, тушадиган ахборотни таҳлил қилади, тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини баҳолайди, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича ёввойи ҳайвонлар рўйхатини, ёввойи ҳайвонларнинг турлар бўйича жойлашиши ҳудудий схемаларини тузади, ҳисоботлар тузади ҳамда уларни ҳар йили 1 мартгача белгиланган шаклда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига тақдим этади.


17. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси кадастр хизмати республика даражасида:

ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри юритилишини мувофиқлаштиради;

меъёрий-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

кадастр юритилиши устидан назорат қилади;

вилоят кадастр хизматлари ҳисоботларини тизимлаштиради;

ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри бўйича йиллик ҳисоботни тузади;

кадастр хизматларини моддий-техник таъминлайди;

ҳайвонот дунёсини давлат кадастрининг автоматлаштирилган ахборот тизимини чиқади;

манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг кадастр материалларидан фойдаланиши тартиби ва шартларини белгилайди;

зарур кадастр ахборотини Давлат кадастрлари ягона тизимига беради.


18. Ҳайвонларни давлат йўли билан ҳисобга олиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳажмини ҳисобга олиш бўйича ҳужжатлар:

турлари Қизил китобга киритилган ҳайвонлар бўйича илмий ташкилотлар, ўқув юртлари ва бошқа идоралар, давлат қўриқхоналари комплекс (ландшафт) заказниклар, табиий боғлар, заказниклар ва питомниклар, давлат биосфера резерватлари иштирокида Фанлар академияси томонидан;

белгиланган тартибда ов қилиш ва саноат объектларига киритилган ҳайвонлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, "Ўзбекбалиқовлаш" уюшмаси, ов қилиш хўжалигини юритувчи бошқа ташкилотлар томонидан;

ҳисобга олиниши ва ҳайвонот дунёси давлат кадастрига киритилиши керак бўлган ҳайвонларнинг барча турлари (кичик турлари) бўйича, давлат қўриқхоналари, комплекс (ландшафт) заказниклар, табиий боғлар, заказниклар ва питомниклар, давлат биосфера резерватлари ҳудудида тегишли равишда, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, комплекс (ландшафт) заказниклар, табиий боғлар, заказниклар ва питомниклар, давлат биосфера резерватлари томонидан;

балиқларнинг саноат турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;

алоҳида хавфли юқумли касалликларни тарқатувчи ҳайвонлар бўйича  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг карантинли ва алоҳида хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш республика маркази томонидан;

қишлоқ хўжалиги зараркунандалари бўлган ҳайвонлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқт ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;

ўрмон хўжалиги заруркунандалари бўлган ҳайвонлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан;

юқорида кўрсатилмаган ҳайвонларнинг қолган турлари (гуруҳлари) бўйича  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан юритилади.


19. Ҳайвонларнинг давлат рўйхатини ва улардан фойдаланиш ҳажми ҳисобини юритувчи вазирликлар ва идоралар ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри бўйича зарур ахборотни Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан белгиланган шаклда, ҳажмда ва муддатларда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига бепул тақдим этадилар.


20. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси 2001 йилдан бошлаб ҳар йили ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри бўйича зарур ахборотни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача Давлат кадастрлари ягона тизимига тақдим этиш шакли Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланади ва "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси билан келишилади.

21. Ҳайвонот дунёсининг ишлаб чиқиладиган кадастр ахбороти ишончлилиги учун Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг кадастр хизмати, ҳайвонларнинг давлат томонидан ҳисобга олиниши юритувчи вазирликлар ва идораларнинг ваколатли шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.