Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон ССЖ Президент ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 18.02.1991 й. 40-сон "Ўзбекистон ССЖ Адлия вазирлиги масалалари" Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН ССЖ

ПРЕЗИДЕНТ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.02.1991 й.

N 40



ЎЗБЕКИСТОН ССЖ АДЛИЯ

ВАЗИРЛИГИ МАСАЛАЛАРИ


Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги ССЖИ Қонунига биноан ҳамда жамоат бирлашмалари билан алоқаларни таъминлаш, уларнинг уставларини рўйхатдан ўтказиш ва ана шу уставларга риоя қилиниши устидан назорат олиб бориш ишларини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон ССЖ Адлия ваэирлигига мазкур вазирликнинг марказий аппаратида жамоат бирлашмалари бўйича Бошқарма, Қорақалпоғистон МССЖ Адлия вазирлиги, вилоят ижроия қўмиталари ва Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси адлия бошқармаларида тегишли бўлимлар тузилиб, ЎзССЖ Адлия вазирлиги бошқарув системаси аппарати ходимларининг сонини 60 кишига, шу жумладан, Вазирлик марказий аппаратининг сонини 20 кишига кўпайтиришга рухсат этилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон ССЖ Адлия вазирлигининг жамоат бирлашмалари бўйича бошқармасига Вазир ўринбосари - Бошқарма бошлиғи бошчилик қилади. Шу муносабат билан ЎзССЖ Адлия вазири ўринбосарлари сони 1 кишига кўпайтирилсин ва коллегия таркиби 9 кишидан иборат бўлишига рухсат берилсин.

ЎзССЖ Молия вазирлиги ЎзССЖ Адлия вазирлиги системаси аппарати ходимларининг йиллик иш ҳақи фондини ва уни сақлаш харажатларининг энг юқори суммасини аниқласин. Вазирлик марказий аппарати учун қўшимча равишда битта енгил автомашинага лимит ва тегишли маблағлар ажратсин.

ЎзССЖ Иқтисодиёт қўмитаси, ЎзССЖ Давлат моддий-техника таъминоти қўмитаси, ЎзССЖ Савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, вилоят ижроия кўмиталари ва Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси адлия органларининг талабномаларига кўра шу йилнинг I чорагида тузилаётган хизматларни жойлаштириш, ташкилий-техника воситалари ва асбоб-ускуналар билан таъминлашга боғлиқ масалаларни ҳал қилсинлар.


2. ЎзССЖ Адлия вазирлиги бир ой муддат ичида:

жамоат бирлашмалари бўйича Бошқарма (бўлим) тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва мазкур бўлинмаларни юқори малакали кадрлар билан тўлдиришни таъминласин;

ЎзССЖ Молия вазирлиги билан биргаликда жамоат бирлашмаларининг уставларини рўйхатга олиш Қоидаларини, шунингдек уставларни рўйхатга олганлик учун йиғимлар олиш тартибини ҳамда миқдорларини тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этсин.

4. Корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, ижара жамоаларига, кооперативларга, бошқа юридик шахслар ва фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шартнома ва эътироз-даъво ишларини яхшилашга ёрдам бериш, ҳуқуқий умумтаълимни амалга ошириш мақсадида ЎзССЖ Адлия вазирлигининг Вазирлик ҳузурида хўжалик ҳисобидаги корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, кооперативларга, бошқа юридик шахсларга ва фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Марказини тузиш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.

ЎзССЖ Иқтисодиёт қўмитаси ва ЎзССЖ Давлат моддий-техника таъминоти қўмитаси Марказ маблағлари ҳисобидан зарур моддий-техника ресурслари ва автотранспорт ажратиш тўғрисидаги масалани ҳал қилсинлар.

ЎзССЖ Алоқа вазирлиги белгиланган тартибда Марказ биносида телефон ва телетайп алоқасини таъминласин.

Хўжалик ҳисобидаги Марказга ноширлик фаолияти учун рухсат берилсин. Ўзбекистон ССЖ Давлат матбуот қўмитаси бу ишда зарур методик ва амалий ёрдам кўрсатсин.


5. Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси ЎзССЖ Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддат ичида мазкур Вазирликнинг жамоат бирлашмалари бўйича Бошқармаси ва хўжалик ҳисобидаги Марказини жойлаштириш масаласини кўриб чиқсин.


6. ЎзССЖ Адлия вазирлиги маркизий аппаратининг ва унинг бўлинмаларининг ишлаши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида:

ЎзССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги К. Маркс кўчаси, 32-уйдаги бинони ЎзССЖ Адлия вазирлигининг балансига ўтказсин;

ЎзССЖ Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси Кренкель кўчаси, 5-уйдаги бинони ва Пролетар кўчасидаги Тошкент шаҳар ижроқўмининг адлия бошқармаси жойлашган 4-уйдаги бинони ЎзССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига унинг бўлинмаларини жойлаштириш учун берсинлар;

ЎзССЖ Иқтисодиёт қўмитаси, ЎзССЖ Молия вазирлиги ва Ўзбекистон ССЖ Давлат моддий-техника таъминоти қўмитаси марказий аппарат биносига хизмат кўрсатиш учун бюджетдан ажратмалар лимитини ва штатларни, капитал ремонт ва телефонлаштириш учун зарур моддий-техника ресурсларини белгиланган тартибда ЎзССЖ Адлия вазирлигига ажратиш масаласини кўриб чиқсинлар ва ажратсинлар;

ЎзССЖ Ички ишлар вазирлиги ЎзССЖ Адлия вазирлиги учун ажратиладиган бинода қўриқлаш-кириш-чиқиш тартибини ташкил этиш ҳақидаги масалани белгиланган тартибда кўриб чиқсин.


7. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг "В.И. Ленин номидаги Тошкент давлат университетининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан қўшимча тадбирлар тўғрисида" 1990 йил 13 февралдаги 89-сон қарорининг 6-пункти учинчи абзацидаги: "Романовский ва К. Маркс кўчаларидаги" сўзлар ўзгартирилиб, "Романовский кўчасидаги" сўзлар билан алмаштирилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов