Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.1999 й. Ф-992-сон "1999 йил 30 апрелдаги ПФ-2287-сон Фармонни қўллаш тартиби ҳақидаги низом тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

05.05.1999 й.

N Ф-992


“9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги Фармонга биноан:


1. Ушбу Фармонни қўллаш тартиби ҳақидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).


2. Низомда кўрсатилган органларга амнистия тўғрисидаги Фармоннинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш топширилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси мазкур Фармоннинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари бошқа органлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган тегишли давлатлар элчихоналари ва консулликлари билан биргаликда жазодан озод этилган чет эл фуқароларини ҳисобга олиш ҳамда давлат ҳудудидан чиқариб юбориш масаласини ҳал қилсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари бошқа тегишли органлар билан биргаликда жазодан озод қилинган 1 ва 2-гуруҳ диспансер рўйхатидаги сил касалига чалинганларнинг ҳисобга олинишини ва махсус даволаш муассасаларига жойлаштирилишини ташкил этсинлар.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу Фармон асосида жазодан озод қилинган шахслар тўлиқ ҳисобга олинишини ва уларни ишга жойлаштирилишини, шунингдек жазодан озод қилинган ёлғиз ва ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ёки қариялар уйларига жойлаштирилишини, жазодан озод қилинган вояга етмаганларни ота-оналарининг, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари назоратига топширилишини, зарур ҳолларда уларни мактаб-интернат ёки бошқа ўқув юртларига юборилишини таъминласинлар.


7. Мазкур Фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Носиров зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши

муносабати билан амнистия тўғрисида”ги

Фармонини қўллаш тартиби ҳақидаги

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Фармони ижро этилади:

а) жазони ижро этувчи органлар томонидан:

- озодликдан маҳрум этиш жойларида жазо ўтаётган маҳкумларга нисбатан;

- ахлоқ тузатиш ишлари, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазоларини ўтаётган маҳкумларга нисбатан:

б) суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан:

- бу органларнинг иш юритувида жиноятлари ҳақида материаллари ва ишлари бўлган шахсларга нисбатан;

в) судлар томонидан:

- уларнинг иш юритувида (барча инстацияларда) жиноятлари ҳақида материаллари ва ишлари бўлган шахсларга нисбатан;

- жарима тўлашга ҳукм қилинганларга нисбатан, агар Фармон кучга киргунга қадар жарима ундириб олинмаган бўлса (ҳукм чиқарган суд томонидан);

- хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо қўлланган шахсларга нисбатан (ҳарбий қисм командирининг тақдимномасига биноан), - қисм жойлашган ҳудуддаги суд томонидан.

г) ички ишлар органлари томонидан:

- қамоқда сақланмаётган, ҳукмлари қонуний кучга кириб, лекин ижро этилмаган шахсларга нисбатан;

-шартли ҳукм қилинганларга нисбатан;

д) интизомий қисм командири томонидан:

- интизомий қисмда жазо ўтаётган ҳарбий хизматчиларга нисбатан.


2. Амнистяи актини қўллаш тўғрисидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан якка тартибда қабул қилинади. Зарур маълумотлар бўлмаган тақдирда амнистияни қўллаш масаласи кўриб чиқилиши қўшимча ҳужжатлар олингунга қадар кечиктирилади. Фармонни ижро этувчи органларнинг сўровлари зудлик билан бажарилади.

Мазкур Низомнинг биринчи моддаси “а”, “б”, “г”, “д” бандларида қайд этилган органлар томонидан Фармонни қўллаш жазони ижро этувчи муассаса ёки тергов ҳибсхонаси, ички ишлар, суриштирув органиниг бошлиқлари, терговчи, шунингдек интизомий қисм командирининг қарори асосида амалга оширилади.

Амнистия тўғрисидаги Фармонни қўллаш масаласини судлар томонидан кўриб чиқилишида прокурорнинг иштироки шарт.


3. Амнистия тўғрисидаги Фармон у кучга киргунга қадар жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилади.


4. Белгилаб қўйилсинки, амнистия тўғрисидаги Фармонни қўллаш чоғида:

а) Фармоннинг 1-моддаси “а” банди таъсир доирасига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Президиуми ва ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли Қарорларида қайд этилган шахслар киради;

б) Фармоннинг 1-моддаси “б” банди таъсир доирасига, ёшидан қатъи равишда аёллар ва 1939 йил 4 майгача туғилган эркаклар тушади;

в) Фармоннинг 1-моддаси “г” банди, Фармон кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга нисбатан қўлланилади;

г) Фармоннинг 1-моддаси “д” банди таъсир доирасига миллий паспортлари ёки уларни маълум бир мамлакат фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган чет эл давлати ёки МДҲ мамлакатлари фуқаролари тушади.

Амнистия қўлланилаётган маҳкумларнинг фуқаролигини тасдиқловчи керакли ҳужжатлари бўлмаса уларнинг ҳам тегишлилиги маҳкум мансуб мамлакатда ҳаракатда бўлган қонунчиликка биноан ҳал қилинади.

Маҳкумнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ ҳал қилинади;

д) ушбу Фармонга кўра, асосий жазодан озод этилган шахслар қўшимча жазодан озод қилинмайдилар;

е) жиноят ишларини суриштирув, дастлабки тергов жараёнида ва судда ҳаракатдан тўхтатиш Фармоннинг 8-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликдан озод қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Бундай шахслар томонидан етказилган зарарни ундириш масаласи фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади.


5. Тушунтирилсинки:

а) Фармоннинг 3-5-моддаларини қўллашда суднинг ҳукми билан тайинланган жазо муддатидан келиб чиқилади;

б) агар Фармоннинг 3-5-моддалари таъсирига тушувчи шахсларнинг суд томонидан тайинланган жазо муддати амнистия ёки афв этиш тартибида қисқартирилган бўлса, бу ҳолда ушбу Фармонни қўллаш учун лозим бўлган қисмлари (1/4 ва 1/2) амалда ўташ учун қолдирилган муддатидан ана шу қисқартиришларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Мазкур қисмлар Фармон кучга киргунга қадар ўталган бўлиши шарт;

в) Амнистия тўғрисидаги Фармоннинг 5-моддаси таъсир доирасига эҳтиётсизлик оқибатида содир этган жиноятларидан ташқари қасддан содир этган жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахслар кирмайди;

г) Фармоннинг 6-моддасига мувофиқ, ушбу Фармон қонуний кучга киргунига қадар, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73, 74, 89 ва 90-моддаларига кўра жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни қўллаш мумкин бўлган маҳкумлар озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74, 89-моддалари таъсири доирасига тушувчи шахсларга нисбатан белгиланган жазонинг ўталмай қолган муддати, уларнинг иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилади.

Бундай қарор жазони ижро этувчи муассаса бошлиғи томонидан чиқарилади ва у прокурор томонидан санкцияланади.

Ушбу Фармоннинг 1-моддаси “д”, “е” бандлари, шунингдек 6-моддасини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Прокуратураси ва Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Жазони ўташдан озод этилган чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланган тартибда мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориладилар.

д) Ушбу Фармоннинг 9-моддасига мувофиқ жазо муддатини аввалги қисқартиришлари ҳисобга олинган ҳолда, ўташ учун қолган қисми қисқартирилади.

Фармонни қўллашда қонун билан белгиланган тартибда тугаган ёки олиб ташланган судланганлик ҳисобга олинмайди. Амалдаги жиноят қонучилиги бўйича жиноят ҳисобланмайдиган хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилган шахслар ҳам судланмаган ҳисобланади. Шунингдек, муқаддам эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар ёки қасддан қилган жиноятлари учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилган шахсларнинг судланганлиги ҳам ҳисобга олинмайди.


6. Амнистия тўғрисидаги Фармонни қўллаш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1994 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги Қарори талабларига риоя этиш зарур.


7. Амнистия тўғрисидаги Фармоннинг 1-4, 6, 8-моддалари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

а) ўта оғир жиноятлари учун ҳукм қилинганларга, шунингдек ўта хавфли рецидивист деб топилганларга;

б) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 150-163, 216, 216-1, 216-2, 244-1, 246 моддаси 2-қисми, 247 моддаси 2, 3 қисмлари, 248 моддаси 2, 3 қисмлари, 270 моддаси 3-қисмида, 271 моддаси 3-қисми, 272, 273-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахсларга;

в) уюшган гуруҳ таркибида ёки унинг манфаатларини кўзлаб, ёхуд жиноий уюшма таркибида содир этган жиноятлар учун ҳукм қилинганларга. (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисми "а", "в" бандлари билан судланганлар; Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 272, 273-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир қилган чет эл фуқаролари, шунингдек биринчи марта судланган аёллар бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 150-163, 216, 216-1, 216-2, 242, 244-1, 247 моддаси 2, 3 қисмлари ва 248 моддаси 2, 3 қисмларида кўзда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан мазкур Фармоннинг 9-моддаси  қўлланилмайди.

Фармоннинг 10-моддаси манзил-колонияларга ўтказиладиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.


8. Жазо ўташ тартибини мунтазам бузувчи шахслар деб, қуйидагилар ҳисоблансин:

- Фармон чиққунга қадар амал қилиш муддати тугалланманган ёки олиб ташланмаган икки ёки ундан ортиқ интизомий жазога эга бўлган шахслар;

- ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган, ҳукмнинг шартлилиги бекор қилиниб тайинланган жазони ўташга юборилган, шунингдек манзил-колониялардан бошқа тартибли колонияларга ўтказилган шахслар, башарти улар бир йилдан кам муддат ҳибсда сақланган бўлсалар;

- жазони ўташ, шунингдек ҳукм ижроси Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 533-моддаси тартибида кечиктирилган ёки синов муддати давомида жиноят содир этган шахслар.


9. Ўлим жазоси авф этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган, Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг амнистия ёки авф этиш тўғрисидаги Фармонлари қўлланилгандан сўнг қасддан жиноят содир этган шахсларга Фармон тадбиқ этилмайди.


10. Амнистия тўғрисидаги Фармон Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларга, шунингдек бошқа давлатларнинг мудлари томонидан ҳукм этилиб жазони ўташ учун Ўзбекистон Республикасига берилган шахсларга нисбатан қўлланилади.


11. Тўрт ойлик муддат ўтганидан сўнг Фармонни қўллаш масаласи ушбу Низомнинг биринчи моддасида кўрсатилган органлар томонидан ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди Раиси

У. Қ. Мингбоев

     

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурори

У. Ч. Худойқулов

    

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазири

С. Ф. Мирсафоев

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазири

З. А. Алматов


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси",

1999 й., 5-сон, 136-модда