Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 7-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

7-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар

ва спорт масалалари бўйича комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



II. КОМИССИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Комиссиянинг мақсади ҳудуддаги вояга етмаганлар ва ёшларнинг маънавий-маърифий етук бўлиб вояга етишларига, оммавий равишда спорт билан шуғулланишларига, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашишдан, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳудудда маънавий-маърифий, тарбиявий, ижтимоий, экологик ишларнинг амалга оширилишидаги ижтимоий фаоллигини янада оширишга кўмаклашиш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг миллий маънавиятимизга зид бўлган салбий иллатлар ҳамда турли экстремистик оқим аъзолари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарлик ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг, оммавий маданият салбий таъсирларининг олдини олиш ҳамда бунга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, спортнинг оммавий ва миллий турларини, халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилган ишларни ташкил этиш;

ота-оналар ўртасида таълимнинг узлуксизлиги, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, таълим муассасалари билан ҳамкорликда машғулотларга узрли сабабларсиз келмаётган ёки мунтазам равишда қатнашмаётган ўқувчиларни аниқлаб, ўқишга қайтаришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган барча тоифадаги шахслар вояга етмаган фарзандларининг яшаш тарзи ва хулқ-атворини мунтазам равишда ўрганиб бориш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида маънавий баркамолликни тарғиб қилиш, уларни фан, маданият, санъат тўгаракларига жалб этиш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

вояга етмаганлар ва ёшларга ёки уларнинг қонуний вакилларига услубий, ахборот ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг амалга оширилишида иштирок этиш;

"Оила - маҳалла - таълим муассасаси" ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар мажмуасининг амалга оширилишига кўмаклашиш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, жисмоний, меҳнат тарбиясида иштирок этиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашиш, тарбияга оид масалалар юзасидан таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва ёшларга ёрдам кўрсатиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганлар ва ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органларига тақдим этиш, шунингдек бундай болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг тиббий маданиятини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бориш, улар ўртасида профилактика, санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилишига кўмаклашиш;

ваколатли давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг амалга оширилишига кўмаклашиш, фуқаролар йиғинининг ҳудудда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир дастурларини бажариш;

ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш орқали уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини чуқур сингдириш, уларнинг жамиятдаги янгиланишлар йўлини кенг қўллаб-қувватлаши ва ушбу жараёнлардаги ижтимоий фаоллигига эришишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида атроф-муҳитни, табиатни асраб-авайлаш, муҳофаза қилишга йўналтирилган экологик тарбиянинг самарали усулларидан мунтазам фойдаланиш;

вояга етмаганлар ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти субъектларига, шу жумладан, уста-ҳунармандларга бириктириш орқали уларни касбга йўналтиришга, уларнинг тадбиркорлик қобилиятини ривожлантиришга, бозор иқтисодиёти тамойилларини ўрганишларига ва ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишларига кўмаклашиш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳисобини юритиш, уларни ўқишга ҳамда белгиланган тартибда ишга жалб этиш чораларини кўриш;

вояга етмаганлар ва ёшларни миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга фаол кўмаклашиш;

ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларнинг онгига она Ватанни ҳимоя қилиш муқаддас бурч эканлигини сингдириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, ички ишлар органлари профилактика инспектори, вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектор, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, "Ота-оналар университети", фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар билан ҳамкорлик қилади.

7. Комиссия ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиши мумкин.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш тўғрисида, зарур ҳолларда маълумотларни жойига бориб ўрганиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида спорт ва соғломлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

вояга етмаганлар қаровсизлиги ва назоратсизлиги, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, вояга етмаганларни жиноят ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилаётган шахсларни, ота-оналик бурчларини бажармасдан, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни аниқлаш, уларга нисбатан ваколатли давлат органлари томонидан қонуний чоралар кўриш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар, ёшлар ва оилалар билан якка тартибдаги профилактика ишларини олиб боришда иштирок этиш, ушбу ишларни янада самарали олиб бориш учун таклифлар ишлаб чиқиш;

ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўз мажлисларига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

кам таъминланган, ёрдамга муҳтож вояга етмаганлар ва ёшларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, уларнинг маиший яшаш шароитларини яхшилаш, давлат томонидан моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан ташкилотларга мурожаат қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

таълим, маданий-кўнгилочар, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, бошқа ташкилотларда, тўгаракларда, вояга етмаганлар ва ёшлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг аҳволини ўрганиш ҳамда уларнинг ишларини янада самарали ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

вояга етмаганларнинг ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматлари кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (дам олиш) жойларда тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз бўлиши ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

вояга етмаганлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ўқишга юбориш, ишга жойлаштириш масалалари юзасидан ташкилотларга мурожаат этиш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклиф киритиш;

таълим, маданият ва спорт муассасаларида ташкил қилинган тўгаракларга вояга етмаганлар ва ёшларни жалб этиш бўйича мазкур муассасалар раҳбарларига таклифлар киритиш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш.


9. Комиссиянинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш;

маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилишига, вояга етмаганлар ва ёшларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йўналиши бўйича тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


10. Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


11. Комиссияга аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилиниши қатъиян тақиқланади.


12. Комиссия раиси ва унинг аъзолари:

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан хушмуомала ва холис бўлишлари;

ўз билимларини, айниқса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, вояга етмаган ва ёшларнинг қонуний манфаатлари ҳамда қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, улар ижросини таъминлаш каби соҳалардаги ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари зарур.



IV. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Комиссия фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан сўнг бир ой ичида 8 - 15 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия аъзолари сони фуқаролар йиғинидаги аҳоли сонига ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.


14. Комиссия таркибига ички ишлар органларининг профилактика инспектори, таълим муассасалари раҳбарлари ёки уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, спорт-соғломлаштириш муассасалари вакили, қишлоқ врачлик пункти (оилавий поликлиника) раҳбари, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, шунингдек ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган, фуқаролар йиғинида ўзининг намунали хулқи билан обрў-эътибор қозонган, ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган ҳамда Комиссия фаолиятида иштирок этишга хоҳиши бўлган маҳалла фаоллари киритилиши мумкин.

15. Комиссия аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан уч йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ўринбосари (фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси) томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.


16. Комиссия раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

Комиссиянинг жорий ишини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


17. Комиссия раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларни Комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда Комиссия аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.

Комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Комиссия раисининг ўринбосарини ва Комиссия котибини сайлайди.

Комиссия раиси ўринбосарининг вазифалари Комиссия раиси томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади. Комиссия раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


18. Комиссия раиси ёки аъзоси қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ушбу Низомда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганда;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалаларга доир фуқаролар йиғини мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаганда, унинг топшириқларини бажармаганда;

фуқаролар йиғинининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ёки муомала лаёқати чекланганда;

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчиб кетганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этган тақдирда.

Комиссия раиси ёки аъзоси Комиссия таркибидан чиқарилганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой муддат ичида Комиссиянинг янги раиси ёки аъзосини сайлайди.


19. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари Комиссия йиғилишида муҳокама қилинади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Комиссия иш режаси ижроси юзасидан Комиссия аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Комиссия йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


20. Комиссиянинг котиби йиғилишларнинг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


21. Комиссия ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб боради.


22. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек Комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Комиссияни тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.


24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда